Аичи-Нагояда ўтаётган Осиё ўйинларида яна икки ўзбекистонлик спортчилар олтин медалларни қўлга киритди.
Абдумалик Халоков -60 кг вазн тоифасида финалда жанубий кореялик Жанг Донгванга қарши рингга кўтарилди. Жангда Халоков рақиби устидан 5:0 ҳисобида ғалабага эришиб, икки карра Осиё ўйинлари ғолибига айланди.
«Халқимизга, президентимизга ваъда бергандик, олти медаль олиб келамиз деб ва ваъдамизнинг устидан чиққанимдан жуда хурсандман. Албатта, бу медаль нафақат меники, мураббийларимники ҳам. Улар менга тактика вазифалар қўйилди ва ўша тактикаларни бажариб, чиройли ғалаба қозондим. Бу олтин медалимни мураббийларимга совға қиламан. Уларни ўтган байрамлари билан чин қалбимдан табриклайман. Улар бор, бизлар бормиз. Олдимизда мақсадлар катта. Интиламиз, ҳаракат қиламиз, Ўзбекистон байроғини юқори кўтариб, халқимизни, президентимизни хурсанд қилишда давом этамиз», — деди Халоков жангдан сўнг.
Халоков жанг ҳақида гапирар экан, дастлабки икки раундни мураббийлар кўрсатмаси билан, сўнгги раундни эса ўз хоҳиши бўйича ўтказганини гапириб берди.
«Ростини айтсам, мураббийларим алдаб юр, бўлди, ҳеч нарса керак эмас деб айтгандилар. Икки раунд ютганимдан кейин, учинчи раунд келиб, айтдим, уришмасам бўлмайди, деб. Қон қайнади ва бемалол уришсам ҳам уриб қўяман, фарқи йўқ, дедим. Бўлди, эҳтиёт бўлгин, дейишди ва эркак кишида агрессия бўлади-ю, ўша агрессияни учинчи раундда чиқардик», — деди Осиё ўйинлари чемпиони.
Бундан ташқари, дзюдочи Музаффарбек Тўрабоев ҳам Осиё ўйинларининг икки карра чемпиони бўлди. У +100 кг вазн тоифасидаги финалда япониялик дзюдочини мағлуб этди.
Тўрабоев Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида ҳам олтин медаль соҳибига айланганди.
Шунингдек, таэквондо WT бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Жасурбек Жайсунов -80 кг вазн тоифасида финалда Хитой Таипейи вакилини мағлуб этди ва чемпион бўлди.
Шу тариқа, Ўзбекистон ҳисобидаги олтинлар сони 20 тага етди.