Шифокор-эндокринологнинг таъкидлашича, бугунги кунда қандли диабет касаллиги болалар ва ўсмирлар ўртасида ҳам тобора кўпроқ учрамоқда.
Илгари асосан 40 ёшдан ошган инсонларга хос бўлган бу хасталикнинг кескин «ёшаришига» фастфуд истеъмол қилишнинг кўпайиши, камҳаракатлик, шунингдек, наслий омиллар, сурункали уйқусизлик ва стресс сабаб бўлмоқда.
Сурункали стресс пайтида буйрак усти безларидан контринсуляр гормонларнинг доимий равишда ажралиб чиқиши ички аъзоларни ёғ босишига олиб келади. Бу жараён, ўз навбатида, тўқималарнинг инсулинга бўлган сезувчанлигини камайтириб юборади ва диабет ривожланиши учун тўғридан-тўғри замин яратади.
Мутахассиснинг тавсиясига кўра, хавфли хасталикдан ҳимояланиш учун қуйидаги оддий қоидаларга амал қилиш зарур:
• Фаол турмуш тарзини йўлга қўйиш (пиёда юриш ва жисмоний машқлар);
• Зарарли одатлардан бутунлай воз кечиш;
• Тўғри ва тартибли овқатланиш (ширинлик ва фастфудларни чеклаш).