Қозоғистонда узунлиги 127,6 километр бўлган Дарбаза — Мақтаарал темирйўл линиясида қурилиш ишлари якунига етмоқда. Ишчи ҳаракатни 2026 йил охиригача йўлга қўйиш режалаштирилган, дея хабар берди мамлакат Транспорт вазирлиги.
Янги участка Қозоғистон учун Ўзбекистон билан қўшимча маршрут яратиш, тирбанд Сариағаш — Тошкент участкасининг юкини енгиллатиш ҳамда минтақадаги транзит ташувлари имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Дарбаза — Мақтаарал линиясининг қурилиши 2023 йил ноябрь ойининг охирида бошланганди. Лойиҳа қиймати 545 миллион долларга баҳоланган. Унинг доирасида икки давлат чегарасида «Сирдарё» темирйўл бекатига чиқувчи янги ўтказиш пунктини очиш режалаштирилган.
Апрель ойида Қозоғистон бош вазири ўринбосари Серик Жумангарин транспорт коридорлари, жумладан, Сариағаш — Тошкент йўналишининг ҳаддан ташқари тирбандлиги Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг ўсишига тўсқинлик қилаётганини таъкидлаганди.
Унинг баҳолашича, янги темирйўл участкаси 20 миллион тоннагача юкни ўтказиши мумкин.
