• Ср. Окт 7th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Wildberries’нинг беш вакили UzPost кузатув кенгашига кирди. Давактив компания хусусийлаштирилганини рад этди


«O‘zbekiston pochtasi» (UzPost) миллий почта алоқаси оператори акциядорлари уч йил муддатга кузатув кенгашининг янги таркибини сайлади. Унинг тўққиз нафар аъзосидан беш нафари Wildberries & Russ бирлашган компанияси («РВБ» МЧЖ) билан боғлиқ.

Шу билан бирга, Давлат активларини бошқариш агентлиги (Давактив) Gazeta’га UzPost хусусийлаштирилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Идора маълумотларига кўра, илгари давлат ташкилотлари, корхоналар ва тижорат банкларига тегишли бўлган компания акцияларининг 92,9 фоизи тўлиқ Давактивга ўтказилган.

Кузатув кенгашига кимлар кирди

UzPost акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши 21 сентябрь куни бўлиб ўтди. Кворум 93,69 фоизни ташкил этди. Баённома 30 сентябрда расмийлаштирилди, муҳим факт Корпоратив маълумотлар ягона порталида 2 октябрь куни эълон қилинди.

Кузатув кенгашининг аввалги таркиби ваколатлари муддатидан илгари тугатилди. Овоз беришда иштирок этган барча акциядорлар ушбу қарорни қўллаб-қувватлади.

Кенгашнинг янги таркибига қуйидагилар кирди:

  • WB INT EXPORT бош директори Акмал Примкулов;

  • «РВБ» инвестициялар ва назорат департаменти директори Евгений Митин;

  • «РВБ» юридик департаменти директори ўринбосари Эмиль Хасянов;

  • «РВБ» молиявий директори Павел Логунов;

  • «ВБ Банк» ҳудудий ривожланишни бошқариш департаменти директори Александра Хмелева;

  • Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекось;

  • Ҳисоб палатаси мутахассиси Шаҳзод Усаров;

  • Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Музаффар Астонақулов;

  • мустақил аъзо Роджер Крук.

Wildberries матбуот хизмати аввалроқ Spot’га компания вакиллари UzPost кузатув кенгаши таркибига «почта операторини модернизация қилиш, кўрсатилаётган хизматлар сифати ва тезлигини ошириш» учун кирганини маълум қилган эди.

«Энг йирик савдо майдончаларидан бири вакилларининг кузатув кенгашига кириши мамлакатда электрон тижоратни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади. Почта хизмати одатий режимда ишлашни давом эттиради ва инвестициялар ҳамда технологик қўллаб-қувватлаш ҳисобига ўсиш учун янги имкониятларга эга бўлади», — дейилади компания хабарида.

100 млрд сўмлик қарз ажратиш масаласи ҳозирча келишилмаган

Фото: Евгений Сорочин / Gazeta

Навбатдан ташқари йиғилишда, шунингдек, WB INT EXPORT (ушбу компания орқали Россия маркетплейси Wildberries Ўзбекистонда фаолият юритади) билан йирик битим тузиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

«Nazorat audit» аудиторлик компаниясининг хулосасини маълумот учун қабул қилиш, WB INT EXPORT’дан Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси бўйича 100 миллиард сўм миқдорида қарз олиш, маблағларни қайтариш жадвалини тасдиқлаш, шунингдек, йирик битим муносабати билан буни талаб қилган акциядорлардан акцияларни сотиб олиб, кейинчалик уларни бекор қилиш таклиф этилди.

Ушбу масала бўйича овоз берган барча акциядорлар бетараф қолди, шу сабабли таклиф қилинган қарорлар қабул қилинмади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги Gazeta’га берган жавобида қарз шартномаси ҳозирча тузилмаганини тасдиқлади.

«Фоиз ставкалари, қарз суммаси ва қайтариш жадвали бўйича якуний келишув мавжуд бўлмагани сабабли 2026 йил 21 сентябрдаги акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишида ушбу масала бўйича қарор қабул қилинмади», — дейилади агентлик хабарида.

Барча шартларга аниқлик киритилгач, масала қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Давактив UzPost хусусийлаштирилмаганини билдирди

Давлат активларини бошқариш агентлиги ижтимоий тармоқларда миллий почта оператори хусусийлаштирилгани ҳақида тарқалган хабарларни алоҳида рад этди.

Идора маълумотларига кўра, UzPost’даги илгари турли ташкилотлар, корхоналар ва тижорат банкларига тегишли бўлган давлат улушлари Давактивда консолидация қилинган бўлиб, устав капиталининг 92,9 фоизини ташкил этади.

Wildberries ва Uzum Market ушбу улушни сотиб олишга қизиқиш билдирган, бироқ агентлик таъкидлаганидек, «бугунги кунда давлат улушини хусусийлаштириш бўйича ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштирилмаган».

Аввалроқ Давактив директори ўринбосари Алишер Миралиев ҳам Spot’га акциядор ўзгарган тақдирда эмитент қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ бундай маълумотни ошкор қилишга мажбур бўлишини айтган эди.

Wildberries вакиллари кенгашга нега киритилди?

Давактивда маълум қилинишича, WB INT EXPORT вакилларининг кузатув кенгаши таркибига киритилиши «замонавий корпоратив бошқарув тизимини» жорий этиш ва компания модернизация учун жалб қилишни режалаштираётган маблағлардан фойдаланишни назорат қилиш режалари билан боғлиқ.

«ООО WB INT EXPORT вакилларини „O‘zbekiston pochtasi“ АЖ Кузатув кенгашига жалб қилишдан асосий мақсад замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш ва жалб қилиниши режалаштирилаётган инвестиция маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилишдан иборат», — деб хабар берди агентлик.

КТЯДР маълумотларига кўра, WB INT EXPORT 2022 йилнинг февраль ойида рўйхатдан ўтган. Компания маълумотларни жойлаштириш ва қайта ишлаш хизматлари билан шуғулланади. Унинг ягона муассиси — «Вайлдберриз» МЧЖ, раҳбари — Акмал Примкулов.

UzPost’ни модернизация қилиш учун 300 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талаб этилади

Давактивда таъкидланишича, UzPost мураккаб молиявий аҳволда ва трансформация босқичини ўтамоқда.

Охирги уч йилда компаниянинг соф фойдаси ўртача 800 миллион сўмни, рентабеллиги эса 0,2 фоизни ташкил этган.

2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, UzPost тушуми 313,6 миллиард сўмни ташкил этди — бу бир йил олдингига нисбатан 17 фоизга кам.

16 майдан бошлаб йўл ҳаракати қоидалари бузилгани тўғрисидаги қарорларни почта орқали етказиб бериш хизмати тўхтатилди, бу илгари компаниянинг асосий даромад манбаларидан бири эди. Давактив прогнозига кўра, ушбу хизмат тўхтатилгани сабабли тўққиз ой якунлари бўйича UzPost 1,7 миллиард сўм зарар кўриши мумкин.

Компаниянинг банк қарздорлиги 45,3 миллиард сўмни ташкил этади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, почта инфраструктурасини модернизация қилиш ва рақамлаштириш учун 300 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талаб этилади. Маблағларни юк ва электр транспортини сотиб олиш, саралаш маркази ва IT-инфраструктурани янгилаш, қўшимча почтаматлар ўрнатиш ҳамда алоқа объектларини таъмирлашга йўналтириш режалаштирилмоқда.

Эҳтимолий хусусийлаштириш ҳақида нималар маълум?

2025 йилда UzPost акциядорлари таркиби бир неча бор ўзгарди.

Июнь ойида аффилланган шахслар рўйхатидан «Алоқабанк», Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда у билан боғлиқ тузилмалар чиқарилди. Уларнинг ўрнига Давактив, у билан боғлиқ юридик шахслар ва Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (ЎзМИЖ) кирди.

Кейинчалик дастлаб ЎзМИЖга ўтказилиши кўзда тутилган 25 фоизлик улуш Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтди.

2025 йилнинг кузида UzPost эҳтимолий хусусийлаштирилиши ва Wildberries томонидан компанияга қизиқиш билдирилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ўшанда Gazeta, Spot ва РБК манбалари жараёнда Wildberries & Russ тузилмаси иштирок этаётганини хабар қилган эди, бироқ битим расман тасдиқланмади.

Uzum ҳам UzPost’га инвестиция киритишга тайёрлигини билдирди ва савдоларда иштирок этиш учун ариза топширганини маълум қилди.

2025 йилнинг октябрь ойида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Давактивдан почта операторидаги давлат улуши бўйича эҳтимолий савдоларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашни талаб қилди.

Ҳозирда Давактив UzPost’даги давлат улуши хусусийлаштирилмаганини ва уни сотиш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилмаганини яна бир бор таъкидламоқда.

«O‘zbekiston pochtasi» АЖ (UzPost) — Ўзбекистоннинг миллий почта оператори бўлиб, 1992 йилда ташкил этилган ва 2014 йилда акциядорлик жамиятига айлантирилган. Бугунги кунда компания таркибида 14 та ҳудудий филиал, 1602 та алоқа бўлими, 3500 дан ортиқ етказиб бериш участкаси мавжуд бўлиб, 7000 дан ортиқ ходимга, шу жумладан 2500 дан ортиқ почтачига эга ҳамда 25 та авиайўналиш ва 300 дан ортиқ автойўналишлар бўйича хизмат кўрсатади. UzPost Бутунжаҳон почта иттифоқига киради ҳамда IFS, PNG, RUGBY, IBIS ва PRIME халқаро тизимлари билан ишлайди. Корреспонденция ва жўнатмаларни етказиб беришдан ташқари, компания тўловларни қабул қилиш, обуна, молиявий ўтказмалар хизматларини кўрсатади ва почта маркаларини чиқариш билан шуғулланади.

Компания 2023 йилни 809,7 миллион сўм, 2024 йилни эса 603,5 миллиард сўмлик тушум фонида 843,9 миллион сўм соф фойда билан якунлаган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *