Гроссмейстер Муҳиддин Мадаминов Самарқандда ўтган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон миллий жамоаси ғалабасининг асосий қаҳрамонларидан бирига айланди. Охирги турда унинг украиналик Роман Дехтяров устидан қозонган ғалабаси Украинага қарши кечган баҳсда жамоага 2,5:1,5 ҳисобидаги ютуқни олиб келди. Бу вазиятда Ўзбекистонга олтин медални қўлга киритиш учун дуранг ҳам етарли эди, чунки Ҳиндистон ҳам ўз учрашувини дуранг билан якунлаганди. Натижада миллий жамоа ўз тарихида иккинчи бор Олимпиада чемпиони бўлди.
Мадаминов учун бу илк Олимпиада эди. У еттита партия ўтказиб, 5,5 очко жамғарди ва бирорта ҳам мағлубиятга учрамади.
UzChess`га берган ва бир қисми турнир бошланишидан олдин ёзиб олинган интервьюсида Мадаминов шахматдаги илк қадамлари, карантин даври, гроссмейстерлик унвони ҳамда олимпия миллий жамоасидан ўрин олиш учун кураш, шунингдек, Жавоҳир Синдаровга ёрдам бергани ҳақида гапириб берди.
«Шахмат айнан менинг спортим эканини фақат 2020 йилга келиб тушундим»
Муҳиддин Мадаминов ва миллий жамоа мураббийи Рустам Қосимжонов. Фото: Евгений Сорочин / Gazeta
19 ёшли Мадаминовнинг айтишича, у шахмат билан «анча кеч» — 10 ёшида шуғуллана бошлаган.
«2016 йил 5 февраль куни илк бор шахмат тўгарагига борганман ва шундан кейин мунтазам шуғулланишни бошладим. Шахмат айнан менинг спортим эканини эса тахминан 2020 йилда, карантиндан сўнг тушуниб етдим», — деди у.
Ўша даврда у бор эътиборини фақат шахматга қаратишга қарор қилган.
«Карантин вақтида ҳаётимдаги жуда катта танлов олдида қолдим: шахматни танлаш ва бутун ҳаётим, эътиборим, вақтим ҳамда куч-қувватимни шунга бағишлаш. 2020 йилда мана шу қарорга келдим ва ўшандан бери профессионал даражада шуғулланиб, ўйнаб келяпман», — деди спортчи.
Мадаминов — оилада кенжа фарзанд ва ягона ўғил, икки опаси бор:
«2016−2017 йилларда онам мени доим шахматга олиб бориб, олиб келардилар. Онам — мен учун энг катта мотивация ва мени ҳаммадан кўпроқ қўллаб-қувватлайдиган инсон».
Ота-онаси уни турли спорт тўгаракларига бериб кўришган, бироқ у жисмоний зўриқишлардан сўнг тез-тез касал бўлиб қолган.
«Мени шахматга беришганида, у мен учун бир вақтнинг ўзида ҳам ўйин, ҳам спорт бўлиб туйилди ва шу сабабли менда катта қизиқиш уйғонди», — дея таъкидлади гроссмейстер.
«24 соат фақат компьютер ўйинларини ўйнардим»
2019 йилда Мадаминов ФИДЕ мастери унвонини қўлга киритган. Унинг сўзларига кўра, ўшанда мураббийлар тахминан беш йил ичида гроссмейстер бўлиши мумкинлигини айтишган. Бироқ пандемия режаларга ўз таъсирини кўрсатди.
«Кейин карантин бошланди. Мен шахмат билан шуғулланишни бутунлай тўхтатиб қўйдим. Биринчидан, назорат йўқ эди, иккинчидан — иштиёқ йўқолди. 24 соат фақат компьютер ўйинларини ўйнардим».
Мадаминов 2022 йилда халқаро мастер, 2024 йилда эса гроссмейстер бўлди.
«Тўғрисини айтсам, 2023 йилда ҳам гроссмейстер бўлишим мумкин эди, чунки рейтингим етарли даражада бўлган. Аммо нормаларни бажариш менга қийин кечди», — дея тан олди у.
«Рейтингни кўтаришим керак деб ўйлаганимда, ёмон ўйнардим»
Олимпиада олдидан Мадаминов миллий жамоанинг асосий таркибига кириш учун жиддий кураш олиб борди.
«Бу йил Олимпиада таркибига кириш учун рейтингни ошириш ва рейтингдан ўтиш керак эди. „Рейтингимга очко қўшиб оламан“ деган хаёл билан ўйнаган барча турнирларимда ёмон натижа кўрсатдим. Буни тушуниб етиб, шунчаки жараёндан завқ олиб, ўзимга ёққани учун ўйнай бошлаганимдан кейин ҳаммаси ўзгарди. Шахматнинг ўзи аслида спорт ва жуда ажойиб ўйин. Шунчаки ундан завқ олиш ва маза қилиб ўйнаш керак», — деди спортчи.
Якунда Мадаминов Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидовлар билан бирга Ўзбекистон миллий жамоасининг Олимпиада таркибига киритилди.
Жавоҳир Синдаровга кўмак
Жавоҳир Синдаров ва Муҳиддин Мадаминов. Фото: Rafal Oleksiewicz / ФИДЕ
Перуда ўтган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида биринчи ўринни эгаллаганидан сўнг, Мадаминов Жавоҳир Синдаров билан бирга Германиядаги машғулот йиғинига йўл олди.
«Перуда жаҳон чемпиони бўлиб, турнир тугаганидан кейин Жавоҳир ака: „Германияга борайлик, йиғин ўтказамиз“, дедилар. У мени тез-тез ўзлари билан бирга чақириб туради. Ўша йиғинга ҳам таклиф қилганди».
У ерда Мадаминов Синдаровга тайёргарлик жараёнида ёрдам бера бошлади.
«Жавоҳир акага секин-аста ёрдам беришни бошладим. Четдан қараб турган одам ҳар доим вазиятни бироз бошқачароқ, баъзан эса жараён ичидаги одамга қараганда кенгроқ кўради. Бу мен учун ҳам янгича қарашни очди», — деди у.
Синдаров Номзодлар турнирида ғалаба қозониб, президент уни табриклагач, Мадаминовнинг сўзларига кўра, мамлакатда шахматга қизиқиш сезиларли даражада ошган.
«Жавоҳир ака ютганларидан ва президент телефон қилиб табриклаганларидан кейин Ўзбекистонда шахмат жуда оммалашиб кетди. Одамлар шахматчиларни таний бошлади. Менимча, бу жуда муҳим», — деди 19 ёшли гроссмейстер.
«Кичик босим ва улкан масъулият бор»
Фото: Евгений Сорочин / Gazeta
Турнир бошланишидан олдин Мадаминов ўз уйида ўтадиган Олимпиада у учун ўзгача воқеа бўлишини таъкидлаганди.
«Бу — менинг биринчи Олимпиадам ва унинг Ўзбекистонда ўтаётгани мен учун катта фахр. Кичик босим ва улкан масъулият бор. Бизда ҳамма шароит муҳайё. Айтишим мумкинки, жамоадаги ҳар бир иштирокчи миллий жамоа учун бор кучини беришга ва охиригача курашишга тайёр».
Интервью якунида Мадаминов шахматга бўлган муносабатини қуйидагича ифодалаганди:
«Ҳаётда кейин нима бўлишини билмайман. Лекин бир нарсани аниқ биламан: шахмат мен учун энг севимли машғулот ва менинг спортимдир».
