3 октябрь куни оқшомда Бухоро шаҳрида жойлашган «Карвон» бозорида йирик ёнғин чиқди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Ҳодиса тўғрисидаги хабар ФВБга соат 21:49 да келиб тушган. Кўрилган чоралар туфайли аланга соат 23:45 да қуршаб олинган ва 4 октябрь куни соат 00:12 да бартараф этилган.
Ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва жароҳат олганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган, дейилади вазирлик хабарида.
Ёнғин оқибатида етказилган зарар майдони ва унинг миқдори ҳозирча очиқланмаган.
Аввалроқ фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари полковник Хуршид Сотиев Ўзбекистон бозорларига қасддан ўт қўйиш ҳолатлари қайд этилмагани, ёнғин ҳолатларига, асосан, электр тармоқларига тушаётган ортиқча юклама ва газдан фойдаланишдаги хавфсизлик талаблари бузилиши сабаб бўлишини айтганди.
