• Ср. Ноя 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

НАТОнинг ривожланиб бораётган аъзоси — Туркия мудофаа саноати ҳақида (видео)


Туркиянинг маҳаллий ва миллий имкониятлар асосида ишлаб чиқарилаётган мудофаа саноати маҳсулотлари нафақат Анқара, балки дўст, қардош ва иттифоқчи давлатлар, шунингдек, НАТО каби стратегик иттифоқлар учун ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Туркия НАТО тарихидаги энг муҳим йиғилишлардан бирида мудофаа саноати салоҳиятини ошириш бўйича ўз қарорини илгари сурди. Бу борада Туркия нафақат ҳарбийлар сони, балки мавжуд имконият ва салоҳияти билан ҳам НАТОнинг энг муҳим аъзоларидан бири ҳисобланади.

Айниқса, сўнгги 20 йилда маҳаллий ва миллий мудофаа саноатини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар Туркияни ушбу соҳада глобал кучга айлантирди. 2025 йилда Туркиянинг мудофаа саноати экспорти 10 миллиард долларлик кўрсаткичдан ошди. Бугунги кунда Туркия 185 та давлатга мудофаа саноати маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Мамлакатнинг мақсади — 2026 йил якунига қадар мудофаа саноати экспорти бўйича дунёдаги энг кучли ўнта давлат қаторига кириш.

Туркия дунёнинг турли мамлакатларига самолётдан тортиб вертолётгача, ҳарбий кемалардан зирҳли қуруқлик техникаларигача бўлган турли ҳарбий платформаларни экспорт қилмоқда. Сўнгги йилларда, айниқса, учувчисиз тизимлар соҳасида ҳам Туркия жаҳон бозорида муҳим ўйинчига айланди. Эътиборли жиҳати шундаки, Туркия мудофаа саноати маҳсулотлари савдосининг тахминан 55 фоизи НАТО ва Европа Иттифоқи давлатларига амалга оширилмоқда.

Жумладан, Туркия Испанияга ўқув самолётлари сотган. Португалия, Руминия ва Украина каби давлатлар учун эса ҳарбий кемалар ишлаб чиқармоқда. Дунёда денгизчилик анъаналари билан танилган Португалия каби давлатга ҳарбий кема экспорт қилиниши Туркиянинг бу соҳада эришган салоҳиятини яққол кўрсатади. Шу билан бирга, Туркиянинг учувчисиз авиация тизимлари Украинадан Косовогача, Полша ва Хорватиягача бўлган кўплаб мамлакатларда қўлланилмоқда.

Германияда ишга туширилган портловчи моддаларни тўлдириш корхонаси, Италия ва Руминияда харид қилинган йирик мудофаа саноати компаниялари ҳам Туркиянинг Европа бозоридаги кўп қатламли стратегиясига мисол бўла олади.

Туркиянинг мудофаа саноати экспорти, албатта, Европа билан чекланмайди. Африка қитъасида Туркия мудофаа саноати маҳсулотларидан фойдаланмайдиган давлатлар деярли қолмаган. Қитъада Туркиянинг учувчисиз авиация тизимлари энг оғир шароитларда ҳам самарали вазифаларни бажармоқда. Жанговар турк вертолёти ва ўқув самолёти Сомали ва Нигерия каби давлатларда муҳим вазифаларни бажармоқда. Терроризмга қарши кураш ва ички хавфсизлик операцияларида эса юзлаб турк зирҳли машиналари Африка давлатларида хизмат қилмоқда. Туркия мудофаа саноати дўст ва қардош давлатлар учун ҳам стратегик аҳамиятга эга кучлардан бири бўлиб қолмоқда. Хусусан, Туркий давлатларда ҳам Туркия томонидан ишлаб чиқарилаётган мудофаа саноати маҳсулотларига қизиқиш юқори.

Туркия нафақат Озарбайжон, балки Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон каби қардош давлатларга ҳарбий кемалар, учувчисиз тизимлар ва зирҳли қуруқлик техникаларини етказиб бермоқда. Шу билан бирга, Анқара ушбу мамлакатларда замонавий ҳарбий тизимларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш имкониятини яратиш учун ҳам техник ва технологик кўмак кўрсатмоқда.

Яқин Шарқ давлатлари учун ҳам «Туркияда ишлаб чиқарилган» белгиси остидаги мудофаа саноати маҳсулотлари тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларида Туркиянинг турли платформалари ва тизимларидан кенг фойдаланилмоқда. Бу жараён дастлаб дронлар, учувчисиз денгиз аппаратлари ва зирҳли қуруқлик платформаларидан бошланган бўлса, кейинчалик электрон уруш тизимлари, янги авлод қурол-яроғ тизимлари ва бошқа замонавий технологияларни ҳам қамраб олди. Малайзияга кемалар ва учувчисиз авиация тизимлари, Индонезияга фрегатлар, Жанубий Кореяга зирҳли техникалар экспорт қилинди. Филиппин Туркиядан масофадан бошқариладиган қурол тизимларига қизиқиш билдирган бўлса, Япония Анқара билан тадқиқот ва ишланмалар ҳамда технологиялар трансфери масалалари бўйича ҳамкорлик қилмоқда.

Туркия Америка қитъасида ҳам ўз мавқеини мустаҳкамламоқда. АҚШ ва Жанубий Америка давлатлари билан мудофаа саноати соҳасида муҳим қадамлар ташланди. АҚШда турклар артиллерия снарядлари ишлаб чиқаришни бошлаб юборишди. Перу, Уругвай, Чили, Бразилия ва Колумбия каби давлатларда эса учувчисиз авиация тизимлари, денгиз техникалари ва зирҳли машиналар бўйича турли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Дастлаб оддий «маҳсулот сотиш» модели асосида бошланган Туркия мудофаа саноати экспорти бугунги кунда «комплекс пакет» стратегиясига айланмоқда. Яъни бир учувчисиз аппаратнинг экспорт қилиниши кейинчалик унга мос янги ракета тизимлари экспортига ҳам йўл очиши мумкин. Худди шу каби, ҳарбий кема ёки самолёт экспорт қилиниши харидор давлат билан таълим, техник хизмат кўрсатиш, логистика ва бошқа йўналишларда узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишга хизмат қилади. Барчасини биргаликда баҳолайдиган бўлсак, Туркиянинг мудофаа саноати мамлакат ташқи сиёсатининг энг муҳим стратегик воситаларидан бирига айланиб бормоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *