• Ср. Ноя 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Францияда ўқувчиларнинг норозилик намойишлари давом этмоқда, 5000 дан ортиқ одам қўлга олинди


Францияда мактаб ўқувчилари ва талабаларнинг норозилик намойишлари учинчи ҳафтадирки давом этмоқда, деб ёзмоқда BBC News. CNN`нинг қайд этишича, бу мамлакатда сўнгги ўнйилликлардаги энг йирик талабалар намойишларидир.

Илк намойишлар 21 сентябрь куни Париж атрофидаги Сент Экзюпери лицейида бошланган эди. Кейинчалик улар барча минтақаларга тарқалди.

Намойишчилар мактабларни молиялаштиришни кўпайтиришни талаб қилмоқда, шунингдек, ўқитувчилар етишмовчилиги, синфларда ҳаддан ташқари кўп ўқувчи борлиги ҳамда таъмирталаб ва эскирган бинолардан норозилик билдирмоқда.

L’Union Étudiante талабалар касаба уюшмаси маълумотларига кўра, акциялар Франциянинг 30 дан ортиқ шаҳрида — Лиллдан тортиб Марселгача бўлиб ўтмоқда. Уларнинг айримлари тартибсизликларга ва оломонни тарқатиш учун кўзни ёшлатувчи газ, водомёт ҳамда резина таёқлардан фойдаланган полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди.

Франция Адлия вазирлигининг маълум қилишича, намойишлар бошланганидан буён 5000 дан ортиқ одам, асосан, вояга етмаганлар қўлга олинган. Тўқнашувлар давомида камида 715 нафар полициячи ва 215 нафар ўсмир жароҳат олди.

L’Union Étudiante берган ахборотга кўра, 6 октябрь ҳолатига бутун мамлакат бўйлаб 1800 та мактаб блокланган ёки ёпилган, университетларнинг 90 фоизида эса кириш йўллари тўсиб қўйилган. Франция ҳукумати 891 та мактабда дарслар тўлиқ ёки қисман тўхтатилганини билдирмоқда.

Франция бош вазири Себастьен Лекорню вазирларга ўқувчилар ва мактаб ходимлари дуч келаётган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган бешта йўналиш бўйича шуғулланишни топширди. Улар орасида етишмаётган ўқитувчилар ўрнини тўлдириш, мактаб дарслари жадвалини яхшилаш, мактаб биноларини таъмирлаш ва модернизация қилиш каби масалалар бор. Кўрсатилган йўналишлар бўйича дастлабки қарорлар октябрь ойи охиригача тайёрланиши керак.

Франция Таълим вазирлиги 5 октябрь куни юқори синф ўқувчилари учун умуммиллий сўровнома бошлади. 23 октябргача улар аноним тарзда ўз муаммолари, кутилмалари ва таълим сифатини яхшилаш бўйича таклифларини билдиришлари мумкин.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *