Ўзбекистон миллий жамоаси сафарда кечган ўртоқлик ўйинида Жанубий Кореяга қарши майдонга тушиб, мағбул бўлди. Daejeon World Cup стадионида ўтган баҳс 2:0 ҳисобида якунланди.
6-дақиқада Сон Хён Мин дарвозадан 17 метр масофада жарима зарбаси ишлаб олди ва уни ўзи амалга ошириб, ҳисобни очди: 0:1. Абдувоҳид Неъматов бу зарбани қайтара олмади.
Кўп ўтмай, Жаҳонгир Ўрозов ўз дарвозаси яқинида тўпни олдириб қўйди, бироқ Сон бу вазиятдан фойдалана олмади.
Ўтказиб юборилган голдан сўнг Ўзбекистон жамоаси тўп назоратини ўз қўлига олди. 36-дақиқада Мозговой дарвоза яқинида турган Ғаниевни тўп билан таъминлади, аммо унинг яқин масофадан йўллаган зарбасини Корея дарвозабони Чо Хён Ву бартараф этди.
Иккинчи бўлимда Достон Ҳамдамов ва Азиз Ғаниев ўрнига Азизбек Амонов ҳамда Шерзод Эсанов майдонга тушди. Ўйин давомида Амоновнинг боши жароҳатланиб боғланди, Эсанов эса бир неча бор офсайдда қолди.
Ўйиннинг 60-дақиқаларига яқин Мозговойнинг Эсановга оширган узатмасини рақиб ҳимоячиси қайтарди. Кейинроқ Ҳамробековнинг 20 метрлардан ўнг бурчакка йўллаган зарбасини Чо Хён Ву сакраб қайтариб қолди.
Шундан сўнг Корея қарши ҳужумга ўтди. Сон Мин Гю ўнг қанотдан олдинга силжиб, узоқ устун томон тўпни оширди ва О Се Хун ҳимоячилар қаршиликсиз қолдирган вазиятда гол урди: 0:2. Неъматов тўпга қўл теккизган бўлса-да, қайтара олмади.
Ўйин сўнгига қадар ҳар икки жамоа бир қатор алмаштиришларни амалга оширди: Файзуллаев ўрнига Азиз Холмуродов майдонга тушди. Норчаевнинг зарбасига аниқлик етишмади. Ўйин шу тарзда 0:2 ҳисобида Жанубий Корея фойдасига якунланди.
Ўзбекистон бундан аввалги ўртоқлик ўйинларида Эрон ва Сурияни мос равишда 3:1 ва 4:1 ҳисобида мағлуб этганди.
Статистика
Фото








