Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Жанубий Кореяга қарши беллашувдан кейинги матбуот анжуманида ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Ўртоқлик ўйини 0:2 ҳисобида мезбон Корея фойдасига якунланди.
«Жуда яхши учрашув бўлди. Натижа борасида, албатта, афсусдамиз, бироқ ўйин сифати нуқтаи назаридан жамоамиз муносиб ҳаракат қилди. Футболчиларга Корея терма жамоасига имкон қадар кўпроқ қийинчилик туғдириш вазифасини қўйгандик. Учрашувнинг ҳар икки бўлимида ҳам кўплаб вазиятлар яратишга муваффақ бўлдик», — деди бош мураббий.
Унинг таъкидлашича, кучли рақибга қарши баҳсларда кичик тафовутлар ҳам якуний натижани белгилаб беради.
Корея терма жамоасининг қайси жиҳатларидан фойдаланишга ҳаракат қилгани ҳақидаги саволга жавоб бераркан, Каннаваро шундай деди:
«Энг аввало, футболчилардан ўзларига бўлган ишонч билан майдонга тушишларини талаб қилдим. Корея Республикасида бундай даражадаги учрашув ўтказиш осон эмаслигини яхши англагандик. Ғалаба билан қайтиш учун ўйиннинг барча жиҳатлари юқори савияда бўлиши керак эди. Бу, аввало, юқори интенсивлик, фаол ҳаракат ва тўп назоратини англатади», — дея қайд этди у.
Мутахассиснинг таъкидлашича, миллий жамоа мазкур жиҳатларнинг маълум қисмини амалда намойиш эта олди.
«Учрашув давомида кўплаб голли вазиятларини яратдик. Корея терма жамоасининг аниқ зарбалари сонини ҳисобга оладиган бўлсак, менимча, улар бор-йўғи икки марта жиддий хавф яратишди. Биз яратган вазиятларда эса рақиб дарвозабони бир қатор муҳим сейвларни амалга оширди. Бу эса яратилган имкониятлардан фойдалана олмаганимизнинг асосий сабабларидан бири бўлди», — деди бош мураббий.
«Шундай бўлсада, бу — футбол. Келгусида ҳам жамоамизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш йўлларини излашда давом этамиз», — деб қўшимча қилди Фабио Каннаваро.
Жамоа устозидан сўнгги пайтларда Ўзбекистон футболида кузатилаётган ўзгаришларни баҳолаш ҳам сўралди.

«Жамоага тайинланганимдан сўнг Жаҳон чемпионатига қадар таркибга катта ўзгаришлар киритмасликка қарор қилгандик. Ўша даврда туб ўзгаришлар қилишдан кўра, аввалги бош мураббий томонидан олиб борилган ишларни давом эттиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисобладик. Чунки айнан ўша жамоа Жаҳон чемпионатига чиқишдек муҳим натижага эришган эди», — дея тушунтирди мураббий.
Жаҳон чемпионатидан сўнг эса жамоада муайян ўзгаришларни амалга оширишга киришилган.
«Ёш футболчиларга кўпроқ имконият бериш йўлини танладик. Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ёшлар футболига катта эътибор қаратиб, ушбу йўналишга сезиларли инвестиция киритмоқда. Зарур инфратузилма ва шароитлар ҳам яратилаётганини инобатга олиб, жамоада босқичма-босқич ўзгаришларни амалга оширишни тўғри деб билдик.
Ҳозирда ушбу жараён изчил давом этмоқда. Бугунги учрашув ҳам ёш футболчиларимиз учун Корея Республикаси каби кучли рақибга қарши баҳсда катта тажриба орттириш имконини берди», — деди у.
Каннаваронинг таъкидлашича, «якунда энг муҳим омил — футболчиларнинг руҳий тайёргарлиги ҳамда юқори савиядаги футбол намойиш этишга асосланган ягона фалсафадир».
