АҚШнинг Мэдисондаги Висконсин университети олими Фрэнсис Ҳалзен «IceCube нейтрино обсерваториясининг ишига қўшган ҳал қилувчи ҳиссаси ҳамда астрофизик келиб чиқишга эга юқори энергияли нейтриноларни кашф этгани учун» физика бўйича 2026 йилги Нобель мукофоти лауреати бўлди. Бу ҳақда Нобель қўмитасининг расмий сайтида хабар қилинди.
«Фрэнсис Ҳалзен Жанубий қутбдаги муз қатламидан нейтрино номи билан машҳур заррачаларни кузатишда фойдаланиш мумкинлигини англаб етди. Унинг илмий тафаккури ва етакчилиги ёруғлик датчиклари билан жиҳозланган бир куб километр ҳажмдаги муздан иборат IceCube нейтрино обсерваториясини барпо этишда ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Тадқиқотчилар IceCube ёрдамида олис коинотдаги ўта юқори энергияли жараёнларда ҳосил бўладиган нейтриноларни қайд этиш имконига эга бўлди», — дейилади хабарда.
2025 йилги физика бўйича Нобель мукофоти АҚШлик олимлар Жон Кларк, Мишель Деворе ва Жон Мартинисга «электр занжирида макроскопик квант-механик туннелланиш ва энергиянинг квантланишини кашф этгани учун» берилганди.
«Нобель ҳафталиги» 6 октябрь куни физиология ва тиббиёт бўйича мукофот лауреатларини эълон қилиш билан бошланди — оптогенетикага асос солгани учун Карл Дейссерот, Петер Ҳегеман ва Георг Нагель мазкур мукофотга лойиқ кўрилди.
7 октябрь куни кимё бўйича, 8 октябрда адабиёт бўйича, 9 октябрда эса Тинчлик бўйича Нобель мукофоти лауреатлари эълон қилинади. 1969 йилда Швеция банки томонидан таъсис этилган Альфред Нобель хотирасига бағишланган иқтисодиёт фанлари бўйича мукофот эса 12 октябрь куни ўз эгаларини топади.
