• Ср. Ноя 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ОИИБ Ўзбекистон иштирокидаги «яшил» энергетика коридорини тайёрлаш учун Озарбайжонга 1 млн доллар грант ажратди


Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон энергетика тизимларини бирлаштириши кўзда тутилган «Каспий яшил энергетика коридори» лойиҳаси техник-иқтисодий асосларининг дастлабки босқичи учун 1 миллион доллар миқдорида грант жалб этди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати Gazeta`га маълум қилди.

Мазкур лойиҳа Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида Каспий денгизи орқали узунлиги 400 километр бўлган сувости электр кабелини тортишни кўзда тутади. Ўзбекистон ушбу коридорга қуруқликдаги электр тармоқлари орқали уланади. Истиқболда бу йўналиш қайта тикланувчи манбалардан олинадиган электр энергиясини Европага экспорт қилиш имкониятини беради.

Маблағлар Ривожланишни молиялаштириш бўйича кўптомонлама ҳамкорлик марказининг (MCDF) молиявий механизми томонидан тақдим этилди. ОИИБ ва Озарбайжон ҳукумати тегишли грант битимини имзолади. Ҳужжатлар имзолангани ҳақида 9 октябрь куни Озарбайжон Энергетика вазирлиги ҳам хабар берди.

Грант техник-иқтисодий асослашнинг (ТИА) биринчи босқичига йўналтирилади. Тадқиқот жараёнида мутахассислар лойиҳанинг техник, иқтисодий, молиявий, экологик ва ижтимоий жиҳатдан қанчалик амалга ошиши мумкинлигини баҳолайди. Бундан ташқари, электр энергиясини узатиш вариантлари ҳамда трансчегаравий савдо имкониятлари ўрганилади.

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳам техник ёрдам сифатида қўшимча 1 миллион доллар ажратади. Шу тариқа, тадқиқотни қўллаб-қувватлашнинг умумий ҳажми 2 миллион долларни ташкил этади. Лойиҳани тайёрлаш билан иккала банк ҳамкорликда шуғулланади.

Иккинчи келишув эса Озарбайжонда денгиз шамол электр станциялари учун қирғоқ инфратузилмаси концепциясини ишлаб чиқишга 100 минг долларли грант ажратишни назарда тутади. Унга порт иншоотлари, махсус кемалар, подстанциялар ва энерготизимга уланиш масалалари киради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон президентлари «яшил» энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги битимни 2024 йил 13 ноябрда Бокуда бўлиб ўтган COP29 иқлим саммитида имзолаганди.

2025 йилнинг июлида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари», Қозоғистоннинг KEGOC ҳамда Озарбайжоннинг «Азерэнержи» компаниялари лойиҳани амалга ошириш мақсадида Бокуда Green Corridor Alliance қўшма корхонасини ташкил этган. Ўзбекистон 2030 йилдан бошлаб мамлакатда ишлаб чиқариладиган ортиқча «яшил» электр энергиясини Қозоғистон ва Озарбайжон орқали Европага экспорт қилишни режалаштирмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *