Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов Тошкент шаҳридаги Texnopark МЧЖ кейинги пайтларда Artel компаниялар гуруҳи бошқарувига берилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. У бу ҳақда 8 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида гапирди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
Идора раҳбарининг сўзларига кўра, корхонанинг 100 фоизлик давлат улуши тўлиқ Тошкент шаҳри ҳокимлигига тегишли ва расман ҳеч қандай хусусий компанияга бошқарувга берилмаган.
«Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, айрим давлат активлари бўйича муассислик ва акциядорлик ваколатлари махсус қарорлар билан алоҳида органларга берилади. Масалан, деҳқон бозорларидаги давлат улуши маҳаллий ҳокимликларга, йирик давлат банклари ва стратегик корхоналар Иқтисодиёт ва молия вазирлигига, IT соҳасидаги айрим активлар эса Рақамли технологиялар вазирлигига бириктирилган.
«Texnopark бевосита Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан ташкил этилган. Шу сабабли унинг 100 фоиз улушдори ҳокимлик ҳисобланади ва бугунги кунда у бошқарувга берилмаган. Менга тақдим этилган ҳужжатлар ва мавжуд маълумотларга кўра, бошқарувни Тошкент шаҳри ҳокимлиги амалга оширмоқда», — деди ДАБА раҳбари.
Соҳибжон Муродовнинг қўшимча қилишича, махсус вакил сифатида ҳокимлик ёки вазирликлар корпоратив қарорлар қабул қилишдан олдин агентлик билан келишиши шарт. Ушбу келишув амалиёти доирасида сўнгги саккиз ой давомида Texnopark МЧЖ бўйича ҳужжатлар айнан Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан тақдим этиб келинган.
«Шунақанги саволлар бўлмаслиги учун айтаман, расмий ҳужжат билан у бошқарувга берилмаган. Балким ҳамкорликда ишлаган бўлиши мумкин, мен уни билмайман», — дея таъкидлади у.
ДАБА раҳбари, шунингдек, ҳозирда Texnopark фаолиятини молиявий соғломлаштириш, янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва эскирган йўналишларни қайта кўриб чиқиш бўйича чора-тадбирлар дастури тайёрланаётганини маълум қилди. Ушбу режа бир ярим ой ичида жамоатчиликка эълон қилинади.
Бундан ташқари, Соҳибжон Муродов турли давлат идоралари ва ҳокимликлар ўртасида тарқоқ ҳолда турган давлат улушларини бир жойга жамлаш ишлари олиб борилаётганини қўшимча қилди. Мақсад келажакда мулкчилик ва бошқарув шакли бўйича тушунмовчиликлар ҳамда ортиқча саволларнинг олдини олиш, шунингдек, жамоатчиликка шаффоф маълумот тақдим этишдан иборат.
«Шунақанги саволларнинг олдини олиш ва биз жамоатчиликка тўғри жавоб беришимиз учун, маълумотлар қўлимизда бўлиши учун биз улушларни жамлаяпмиз ҳозир. Яъни, шунақанги тарқоқ бўлиб турган активлардаги давлат улушларини ДАБА муассис вазифасини бажариши нуқтаи назаридан ўтказяпмиз», — деди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори.
