2026 йилда тинчлик бўйича Нобель мукофоти лауреати ҳуқуқшунос ва ҳуқуқ ҳимоячиси Наванетҳем «Нави» Пиллэй бўлди. Мукофот «тинчлик ва халқаро ҳуқуқни илгари суришдаги саъй-ҳаракатлари учун» берилди, дейилади Нобель қўмитаси сайтида.

«Экзистенциал таҳдидлар даврида — дунё узоқ вақтдан бери кўрмаган даражадаги кўплаб уруш ва можароларга дуч келган бир пайтда — халқаро ҳуқуқ энди шунчаки тинчлик ва хавфсизликнинг тўлдирувчиси эмас, балки мутлақ заруратга айланди», — дея таъкидлади қўмита.

«Нави Пиллэй муҳим халқаро суд жараёнларидаги иштироки орқали ҳуқуқий чоралар уруш ва зўравонлик ҳаракатларининг олдини олишга ёрдам беришини исботлади. У, шунингдек, халқаро ҳуқуқ институтларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшди. Ўзининг мустақиллиги, касбий маҳорати ва қатъияти туфайли у замондошларимиз орасида энг нуфузли халқаро юристлардан бирига айланди», — дейилади хабарда.

2008−2014 йилларда Пиллэй БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари лавозимида фаолият юритган. 2003 йилдан 2008 йилгача Халқаро жиноий суд (ХЖС) судьяси бўлган. Бунга қадар эса Жанубий Африка Олий судида ҳамда Руанда бўйича Халқаро жиноий трибуналда судья сифатида ишлаган.

Ҳозирги кунда Пиллэй БМТнинг Халқаро судида Мьянмадаги роҳинжа мусулмонлари геноциди бўйича ишда судьялик қилмоқда. Яқин вақтгача у БМТнинг Фаластин ҳудудларидаги вазиятни ўрганиш бўйича Мустақил халқаро комиссиясига ҳам раҳбарлик қилган.

2025 йилда Нобель тинчлик мукофоти лауреати Венесуэла мухолифати етакчиси Мария Корина Мачадо бўлган эди. У ўз мукофотини ушбу совринни олиш истагини бир неча бор таъкидлаган АҚШ президенти Дональд Трампга топширганди.