Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Марказий банкка кредит тўловлари бўйича ҳисоб-китоб механизмини истеъмолчилар фойдасига қайта кўриб чиқиш юзасидан таклифлар киритди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Қўмитага келиб тушган мурожаатларга кўра, айрим банкларда кредит бўйича ойлик тўловдан ортиқча тўланган маблағлар асосий қарзни камайтиришга йўналтирилмасдан, транзит ҳисобварақларда сақланиб қолмоқда. Бунинг оқибатида асосий қарз камаймайди ва унга фоиз ҳисобланиши давом этади.
Ортиқча тўловни асосий қарзга йўналтирмаслик
Масалан, «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Ҳамкорбанк»нинг кредит шартномаларида ортиқча тўловни асосий қарзга йўналтириш мажбурияти аниқ белгиланган бўлса-да, амалда ушбу талаб бажарилмаяпти, дея мисол келтирди идора.
Шунга кўра, ортиқча маблағлар транзит ҳисобварақда қолиб, асосий қарзга фоиз ҳисобланмоқда, шунингдек, банк мобил иловаларида кредит тўловларини бошқариш имкониятлари етарли эмас.
«Ваҳоланки, ортиқча тўланган маблағнинг асосий қарзга йўналтирилмаслиги ва унга фоиз ҳисобланишининг давом этиши «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун талабларига зид ҳисобланади», — дейилади хабарда.
Мазкур қонун ҳамда банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларга оид низом талабларига кўра:
- ойлик тўловдан ортиқ келиб тушган маблағ (агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса) асосий қарзни сўндиришга йўналтирилиши ва кредит суммаси қайта ҳисобланиши лозим.
- банк дастурий таъминотидаги носозликлар истеъмолчи мажбуриятларининг ортишига олиб келмаслиги керак.
Марказий банкка таклиф
Шу сабабли Рақобат қўмитаси Марказий банкка банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларга оид низомнинг 37-банди талабларини (ортиқча тўловларни асосий қарзга йўналтириш тартиби) истеъмолчилар манфаатларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш таклифини киритди.
Қолаверса, кредит ҳисоб-китоблари ва муддатидан олдин тўлаш шартларини бевосита қонун даражасида, хусусан, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонун билан тартибга солиш зарур.
Хориж тажрибаси
Қўмита халқаро амалиётдан мисолларни ҳам келтириб ўтган. Хусусан, АҚШда айрим банкларда мижоз илова орқали Principal Only (фақат асосий қарз учун) опциясини танлаб, ортиқча маблағни тўғридан-тўғри асосий қарзни камайтиришга йўналтириши мумкин.
Қозоғистон ва Россияда кредитни муддатидан олдин сўндириш жарима ёки қўшимча тўловларсиз амалга оширилади.
Европа Иттифоқида эса кредит муддатидан олдин қайтарилганда, қолган муддатга тегишли фоиз ва харажатларни камайтириш ҳуқуқи директивалар даражасида мустаҳкамланган, дея қайд этди қўмита.
