7 октябрь куни Тошкентда STADA Health Report 2026 натижалари тақдим этилди. Тадбирда Gazeta мухбири ҳам иштирок этди.
STADA фармацевтика компаниясининг тадқиқоти бу йил 20 та давлатни — 18 та Европа мамлакати ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистонни қамраб олди. У одамлар ўз мамлакатларидаги соғлиқни сақлаш тизимини қандай қабул қилишини ва саломатлиги ҳақида қай даражада қайғуришини баҳолаш имконини беради. Бу йилги сўровнинг янгилиги аҳоли томонидан сунъий интеллектдан тиббий мақсадларда фойдаланиш блоки борлиги бўлди.
Онлайн сўров февраль-март ойларида ўтказилди. Унда 18 ёшдан 99 ёшгача бўлган 19 514 нафар киши иштирок этди. Жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистонда 1000 нафардан респондент қатнашди.
Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, танланма ёш, жинс ва яшаш ҳудуди бўйича репрезентатив бўлган. Ўзбекистон мазкур тадқиқотда тўртинчи бор иштирок этмоқда. Gazeta ўтган йилдаги натижалар ҳақида ёзганди.
Соғлиқни сақлаш тизимидан қаноатланиш
Ўзбекистонда респондентларнинг 82 фоизи давлат соғлиқни сақлаш тизимидан мамнун. Бу — тадқиқот бўйича ўртача кўрсаткичдан (56%) 26 фоиз пунктга юқори демак. 20 та давлат орасида Ўзбекистон ижобий баҳо берганлар 86 фоизни ташкил этган Бельгиядан кейин иккинчи ўринни эгаллади. Таққослаш учун, Қозоғистонда сўровда қатнашганларнинг 43 фоизи тизимдан қаноат ҳосил қилган.
Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимидан тўлиқ мамнунлар 22 фоизни, нисбатан мамнун бўлганлар эса 60 фоизни ташкил этди. 14 фоиз респондент салбий баҳо берган, қолганлар эса жавоб беришга қийналган. Қайд этиш жоизки, бу маълумотлар сўров иштирокчиларининг тизим ҳақидаги шахсий тасаввурини акс эттиради ва даволаш сифатининг тўғридан тўғри баҳоси ҳисобланмайди.
Ўзбекистонда мазкур масалада эркаклар ва аёллар ўртасидаги фарқ ҳам кўзга ташланади. Аёллар тизимни кўпроқ ижобий баҳолаган — 86 фоизга қарши 78 фоиз. Тадқиқотнинг ўртача натижаларида эса ҳолат аксинча: эркакларнинг 59 фоизи, аёлларнинг эса 53 фоизи қаноатланган.
Асосий талаб — ёрдам ола олиш ва унинг янада қулай бўлиши
Шу билан бирга, юқори даражадаги қаноатланиш иштирокчилар муаммоларни кўрмаяпти дегани эмас. «Соғлиқни сақлаш вазири лавозимида биринчи навбатда нимани ўзгартирган бўлардингиз?» деган саволга Ўзбекистондан қатнашган респондентларнинг 59 фоизи қишлоқ жойларда ва уларнинг фикрига кўра тиббий хизматлар етарлича кўрсатилмаётган ҳудудларда ёрдам олиш имкониятини яхшилашни танлаган.
Яна 36 фоизи бирламчи бўғинни, жумладан, поликлиникалар ва умумий амалиёт шифокорлари хизматини янада қулай қилишни маъқул кўрган. Навбат кутиш вақтини қисқартириш ва тиббиёт ходимлари сонини кўпайтиришни 35 фоиз иштирокчи қайд этган. Қозоғистонда эса бирламчи ёрдамнинг мавжудлиги ва қулайлигини танлаганлар 64 фоизни ташкил этган, бу — Ўзбекистондагидан анча кўп.
Ўзбекистонликлар соғлиқни сақлаш тизими учун жиддий хавфлар қаторида атроф-муҳитнинг ифлосланиши, иқлим ўзгариши ва улар билан боғлиқ хатарларни энг кўп (52%) қайд этган. Семизлик ва носоғлом турмуш тарзини 44 фоиз респондент тилга олган.
Тиббиёт ходимларининг етишмовчилиги ва тиббий ёрдамни узоқ кутишни 35 фоиз киши жиддий муаммо деб билади. Тадқиқот бўйича ўртача кўрсаткичда эса бу улуш деярли икки баробар юқори — 67 фоиз. Шу тариқа, Ўзбекистонда тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш талаби экология ва турмуш тарзи бўйича хавотирлар билан уйғунлашиб кетган.
Саломатликни назорат қилиш ва профилактикага муносабат
Ўзбекистонлик иштирокчиларнинг катта қисми ўз саломатлигини мустақил асрай олишига ишонади. Респондентларнинг 85 фоизи ўз саломатлигини тўлиқ ёки асосан бошқара оламан деб ҳисоблайди (тадқиқот бўйича ўртача кўрсаткич — 78%).
Бироқ профилактик кўрикларда қатнашиш даражаси пасайиб бормоқда. 2026 йилда Ўзбекистондаги сўров қатнашчиларининг 48 фоизи мавжуд тиббий кўрикларнинг бирортасидан ҳам ўтмаган — бу тадқиқот бўйича ўртача кўрсаткичдан (33%) юқоридир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда профилактик текширувларда иштирок этиш сезиларли даражада пасайди. Ҳозирда респондентларнинг фақат 16 фоизи барча мавжуд кўриклардан, 36 фоизи эса айримларидан ўтади (таққослаш учун, барча кўриклардан ўтувчилар 2023 йилда 38 фоиз, 2025 йилда 31 фоиз бўлган). Бирорта ҳам профилактик кўрикдан ўтмайдиганлар улуши эса 2023 йилдаги 25 фоиздан 2025 йилда 39 фоизга ва 2026 йилга келиб 48 фоизгача ошган.
Шу тариқа, ўз саломатлигини бошқариш қобилиятига бўлган юқори ишонч профилактикада иштирок этишнинг камайиши билан уйғунлашмоқда. Шу билан бирга, 57 фоиз респондент соғлиқни сақлаш тизими томонидан профилактик кўрикларнинг қўллаб-қувватланишини ижобий баҳолайди.
Тиббий кўриклар харажатлар бўйича энг талабгир йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Агар иштирокчиларда фақат саломатлик учун сарфланиши мумкин бўлган қўшимча маблағ пайдо бўлганида, уларнинг 32 фоизи бу маблағни профилактик текширув ва скринингларга йўналтирган бўларди. Витаминлар ва биологик фаол қўшимчалар харид қилишни эса 29 фоиз киши танлаган.
Ўз-ўзини даволаш ва унинг хатарлари
Ўзбекистонда сўров қатнашчиларининг 92 фоизи таклиф қилинган саломатлик муаммоларининг камида биттасини мустақил равишда ҳал қилишга тайёр эканини билдирган. Қозоғистонда бу кўрсаткич 94 фоизни ташкил этди.

Ўзбекистон аҳолиси энг кўп қуйидаги ҳолатларда мустақил даволанади:
- шамоллаш ёки грипп аломатлари — 64%;
- енгил оғриқлар — 59%;
- ошқозон-ичак трактининг енгил бузилишлари — 16%;
- уйқу бузилиши — 16%;
- аллергия — 14%;
- хавотир ва стресс — 14%;
- тери муаммолари — 10%.
Сўровда қатнашганларнинг фақат 8 фоизигина таклиф этилган вазиятларнинг ҳеч бирида мустақил даволанишни маъқул деб ҳисобламайди.
Одамларнинг ўзбошимчалик билан даволанишига асосий сабаб — аввал тўпланган шахсий тажрибадир. Сўров қатнашчиларининг деярли ярми (49%) қайси воситалар ўзига фойда беришини олдиндан билишига ишонади. Тиббий ёрдамни узоқ вақт кутишдан қочиш истагини 25 фоиз, шифокор қабули учун мунтазам пул тўлаш имконияти йўқлигини эса 17 фоиз респондент таъкидлаган.
Тадқиқотда қатнашган давлатларнинг ўртача кўрсаткичида эса ёрдам кутиш вақтининг узунлиги ўзбошимчалик билан даволанишнинг анча катта сабаби бўлиб хизмат қилмоқда — буни 47 фоиз респондент қайд этган. Ҳисобот муаллифлари таъкидлаганидек, Ўзбекистонда мустақил даволаниш кўпроқ шахсий тажриба ва саломатликни назорат қилиш истаги билан боғлиқ.
Бироқ Ўзбекистондаги иштирокчиларнинг 22 фоизи ўзбошимчалик билан даволанишнинг салбий оқибатларига дуч келган. Бу Қозоғистондаги кўрсаткичдан (15%) юқори ҳамда тадқиқот бўйича ўртача кўрсаткичдан (9%) икки баробардан зиёддир.
Саломатликни назорат қилиш қурилмалари ва иловалари
Ўзбекистонлик қатнашчилар орасида саломатликни назорат қилиш учун энг кенг тарқалган восита — тонометр (қон босимини ўлчагич). Ундан респондентларнинг 50 фоизи фойдаланади (ўртача кўрсаткич — 58%).

Саломатликка оид мобил иловаларни сўровда қатнашганларнинг 25 фоизи ишлатади (ўртача — 39%). Фитнес трекерлар ва «ақлли» соатлардан эса 19 фоиз киши фойдаланади (ўртача — 32%). Шундай қилиб, бу воситалар Ўзбекистонда тадқиқотдаги бошқа мамлакатларга нисбатан анча камроқ тарқалган.
«Ақлли» тарозилардан иштирокчиларнинг 19 фоизи (ўртача — 27%), мустақил ташхис қўйиш таҳлиллари ва воситаларидан эса 20 фоизи (ўртача — 22%) фойдаланишини айтган. Бу саволда бир нечта жавоб вариантини танлаш мумкин бўлган.
Сунъий интеллект — тушунтириш ва қўшимча фикр учун
Саломатлик масалаларида сунъий интеллектдан Ўзбекистондаги респондентларнинг 55 фоизи фойдаланади — бу тадқиқот бўйича ўртача кўрсаткич билан бир хил. Қозоғистонда бу кўрсаткич анча юқори — 71%. Ундан фақат иштирокчиларнинг 74 фоизи СИга мурожаат қиладиган Руминия ва Сербия олдинда.

Ўзбекистонда СИга топшириладиган энг оммабоп вазифа — шифокор қабулидан сўнг қўшимча фикр олиш: сўровда қатнашганларнинг 21 фоизи ундан шу мақсадда фойдаланади (ўртача — 16%).
Яна 15 фоиз киши қўйилган ташхисни яхшироқ тушуниш, яна шунча респондент эса овқатланиш, жисмоний фаоллик ва турмуш тарзи бўйича тавсиялар олиш учун СИга юзланади. Шифокор кўригига СИ ёрдамида тайёргарлик кўришга 14 фоиз киши уринади. Қозоғистонда ташхисни тушуниш учун кўмак сўраганлар 32 фоизни ташкил этган — бу Ўзбекистондагидан икки баравар кўп.
Технологиядан фойдаланиш ёшга қараб кескин фарқ қилади. Ўзбекистонда 35 ёшгача бўлган иштирокчилар орасида саломатлик масалаларида СИни 69 фоиз қатлам қўллайди, 55 ёшдан ошганлар орасида эса бу кўрсаткич 27 фоизни ташкил этади.
СИ маслаҳатлари ва шифокорга бўлган ишонч
СИдан фойдаланиш ҳар доим ҳам тиббиёт мутахассиси ўрнига унга мурожаат қилишга тайёрликни билдирмайди. Ўзбекистонда бундай имкониятга 45 фоиз респондент йўл қўяди — бу тадқиқотдаги 20 та давлат орасида энг паст кўрсаткич. Қозоғистонда эса, аксинча, энг юқори натижа қайд этилган — 74 фоиз. Ўртача кўрсаткич 58 фоизни ташкил этади.

Ўзбекистондаги ижобий жавобларнинг катта қисми шартлар билан билдирилган: СИдан фақат «қўшимча фикр» сифатида, айрим масалалар учун ёки унинг тавсияларини кейинчалик тиббиёт мутахассиси қайта текшириб бергандагина фойдаланиш мумкин. Ҳеч қандай қўшимча шартларсиз бундай маслаҳатга фақат 8 фоиз респондент рози бўлган.
Сўров қатнашчиларининг ярми шифокор қабули ўрнига СИ маслаҳатини кўриб чиқишга ҳали тайёр эмас. Бундан ташқари, 47 фоиз респондент СИ ташхисига ҳеч қачон тиббиёт мутахассисининг ташхисидек ишонмаслигини билдирган. Қозоғистонда бу вариантни 24 фоиз киши танлаган.

Шу билан бирга, Ўзбекистондаги иштирокчиларнинг 75 фоизи шифокор қабулига шахсан боришни афзал кўради. 38 фоиз кишининг фикрича, СИ ривожланган сари тиббиёт мутахассислари инсоний мулоқот ва ишонч туфайли янада муҳимроқ аҳамият касб этади. Тадқиқотнинг ўртача натижаларида бу кўрсаткич 30 фоизни ташкил этади.
Шифокорлар, оила ва фармацевтларнинг роли
Ўзбекистонда саломатлик ва турмуш тарзи бўйича қарорлар кўп жиҳатдан яқинларнинг фикри билан боғлиқ. Иштирокчиларнинг 55 фоизи шифокорлар ва бошқа тиббиёт ходимларининг фикрига таянади, турмуш ўртоғи ёки жуфтига — 53 фоиз, оила аъзоларига — 49 фоиз киши суянади. Фармацевтлар ва дорихона ходимларининг фикрини 43 фоиз респондент инобатга олади.
Тадқиқот бўйича ўртача кўрсаткичда тиббиёт мутахассисларининг таъсири анча юқори: шифокорлар фикри 77 фоиз, фармацевтлар фикри эса 57 фоиз киши учун муҳим.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда маданий ва диний қарашларнинг ўрни яққолроқ сезилади. Уларнинг таъсирини 39 фоиз респондент қайд этган (ўртача — 19%). Давлат органлари ва институтларига 31 фоиз қатнашчи таянади (ўртача — 14%).
Бу жавоблар тиббий маълумотлар инсонга турли манбалардан етиб боришини, оиланинг фикри эса аҳамияти бўйича шифокорникига жуда яқин эканини кўрсатади.
Бахтиёр Ҳожимуҳамедов.
«Бугунги кунда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси жадал ўзгармоқда ва, энг муҳими, бу ўзгаришларни одамларнинг ўзлари пайқамоқда. Тадқиқот иштирокчиларининг ярмидан кўпи тизимнинг рақамли имкониятларини юқори баҳоламоқда, янги технологиялардан, шу жумладан, сунъий интеллектдан фойдаланиш кенгаймоқда. Шу билан бирга, тадқиқот мамлакатимизда саломатликка муносабатнинг ўзига хос жиҳатини жуда яхши очиб беради: инсон учун шифокор, оила ва яқинлар ҳамон муҳим ўрин тутади. Шу сабабли технологиялар ривожланиши одатий тиббиёт моделидан воз кечиш эмас, балки унинг ичида янги имкониятлар пайдо бўлишидир. Муҳими, улар одамларга ўз саломатлигини яхшироқ асрашга ва онглироқ қарорлар қабул қилишга ёрдам бериши керак», — деди STADA`нинг Ўзбекистондаги бош директори Бахтиёр Ҳожимуҳамедов.
Рақамли хизматлар ва дорихоналардан кутилмалар
Соғлиқни сақлашнинг рақамли имкониятларини — масалан, телетиббиёт ва тиббий иловаларни — Ўзбекистондаги иштирокчиларнинг 52 фоизи ижобий баҳолайди (ўртача — 28%).
Шу билан бирга, 52 фоиз респондент рақамли инфратузилманинг етарлича ривожланмаганини жиддий муаммо деб билади. Ҳисобот муаллифлари бу ҳолатни мавжуд хизматларнинг ижобий баҳоланиши ва уларнинг янада тараққий этишига бўлган катта умид билан изоҳлайди.
Ўзбекистонликлар ҳали ҳам дорихоналарга шахсан боришни маъқул кўрмоқда. Дори-дармонлар ва биологик қўшимчаларни шу йўл билан харид қилишни сўров қатнашчиларининг 63 фоизи хоҳлайди (ўртача — 49%). Фақат онлайн ишлайдиган ва жисмоний манзилига эга бўлмаган дорихонага 45 фоиз респондент ишонч билдиришга тайёр эмас (ўртача — 29%).
Янги дорихона хизматлари орасида фармацевт маслаҳатини олиш имконияти билан дориларни уйга етказиб бериш энг талабгир бўлиб чиқди — буни 37 фоиз киши танлаган. Дорихоналарнинг туну кун консультация бериш режимида ишлашини эса 33 фоиз иштирокчи кутмоқда.
Мустақиллик, технологиялар ва кўмак: экспертлар нимани муҳокама қилди?
Тақдимотдан сўнг «Инсон, шифокор ва технологиялар: бугун саломатликни ким бошқармоқда?» мавзусида мунозара бўлиб ўтди. Иштирокчилар мустақил даволаниш чегаралари, СИ имкониятлари ҳамда профилактикада атрофдагиларнинг тутган ўрнини муҳокама қилди.

Иммунолог ва аллерголог, тиббиёт фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар академияси Молекуляр аллергология халқаро маркази директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Гулнора Жамбекова бронхиал астмаси бор беморлар мисолини келтирди.
Аҳволи яхшиланганидан кейин, агар шифокор даволанишни қандай давом эттиришни ва уни қачон ўзгартириш мумкинлигини олдиндан тушунтирмаган бўлса, бемор ингаляцион терапияни мустақил равишда тўхтатиб қўйиши мумкин. Кейинчалик аҳвол ёмонлашганда эса пациент таниш натижани кутиб, аввалги препарат ва дозага қайтади.
«Бироқ ўша препарат ёки аввалги доза бу сафар таъсир қилмаслиги мумкин. Шу сабабли бу ерда шифокорсиз, албатта, ҳеч нарса қилиб бўлмайди», — деди Гулнора Жамбекова.
Унинг таъкидлашича, даволанишнинг тўхтатилиши ортида шифокорда тушунтириш учун вақт етишмаслиги, беморнинг молиявий қийинчиликлари ёки олис ҳудуддан қайта келиш имкониятининг йўқлиги ётиши мумкин. Шу боис бемор ўзини яхши ҳис қилганда ҳам, шифокор ва бемор келгуси даволаниш жараёнини олдиндан маслаҳатлашиб олиши жуда муҳим.
Шунингдек, у шошилинч ҳолатларда — масалан, анафилактик шок ёки бўғилиш юз берганда — тиббий ёрдам олиш ўрнига СИга мурожаат қилиб вақт йўқотиб бўлмаслигини алоҳида қайд этди:
«Агар биз шу дақиқаларда сунъий интеллектга мурожаат қилиб ўтирсак, […] беморни йўқотиб қўямиз», — деди шифокор.
Sino AI компаниясининг сунъий интеллект ва машинавий ўрганиш бўйича стратегик ривожланиш директори Нилуфар Носиржонова инсон СИдан ўзи танлаб бўлган даволаш усулини шунчаки тасдиқлаб беришни сўраганда юзага келадиган хавфга эътибор қаратди.
Унинг фикрича, фойдали тиббий ассистент аниқлаштирувчи саволлар бериши шарт: инсонда қандай аломатлар бор, улар қанча давом этмоқда, у қандай дориларни қабул қилмоқда. Хавфли белгилар сезилганда эса тизим дарҳол шифокорга йўналтириши керак.
«СИнинг энг яхши жавоби — сизга қўшимча аниқлаштирувчи саволлар берганидир», — деди Нилуфар Носиржонова.
У тиббий маълумотларни тушунтириб бериш ва даволаниш бўйича қарор қабул қилиш вазифаларини бир-биридан ажратишни таклиф қилди. СИ таҳлилларни тушуниб олишга ва қабулга тайёрланишга ёрдам бериши мумкин, аммо якуний қарорни фақат мутахассис чиқариши керак.
«СИ — тушунтириш учун жуда ажойиб ёрдамчи. […] Агар ниманидир тушунмасангиз, у турли усуллар билан сизга юз марталаб изоҳлаб бериши мумкин. Лекин қарор қабул қилиш — доимо шифокорнинг вазифаси», — дея таъкидлади у.
Рақамли соғлиқни сақлаш бўйича эксперт Фарҳод Фурқатовга кўра, рақамли хизматлар бемор билан мутахассис ўртасидаги масофани қисқартириши: маълумотни тезроқ олиш ва тиббий ёрдамга ўз вақтида мурожаат қилишга кўмаклашиши лозим.
У айрим маълумотлари шифокорларга узатиладиган «ақлли» қурилмаларни мисол қилиб келтирди. Кўрсаткичларнинг, масалан, қон босими ёки тана ҳароратининг кескин ўзгариши мутахассисга мурожаат қилиш учун асос бўлиши керак.
Шунингдек, Фарҳод Фурқатов сунъий интеллектдан тўғри фойдаланишни мактабданоқ ўргатиш зарурлигини таъкидлади, чунки янги авлод болалари кундалик саволларга жавоб топиш учун бевосита СИга мурожаат қилиш кўникмаси билан улғаймоқда.
