Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган тадбиркорлар хорижда ўзбек миллий таомлари ресторанини очиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизигача қисмини давлат субсидияси сифатида олиши мумкин. Бу ҳақда Ягона интерактив давлат хизматдари маркази хабар қилди.
Бу учун Туризм қўмитаси томонидан my.gov.uz портали орқали бепул хизмат кўрсатилади.
Субсидия олиш учун рестораннинг хорижда рўйхатдан ўтгани, бинонинг эгалик ёки фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар, санитария ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлик, амалга оширилган харажатлар ҳамда заруратга кўра Ўзбекистондан маҳсулот етказиб берилганини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши керак. Шунингдек, рестораннинг ички ва ташқи кўриниши акс этган фотосуратлар ҳам талаб қилинади.
my.gov.uz орқали юборилган ариза 18 иш куни ичида кўриб чиқилади, ижобий қарор қабул қилинганидан кейин субсидия маблағлари 7 иш куни ичида тадбиркорнинг банк ҳисобварағига ўтказилади. Аризада камчиликлар аниқланса, уларни бартараф этиб, ҳужжатларни қайта топшириш мумкин.
Бунга ҳуқуқий асос сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 сентябрдаги 482-сон «Меҳмонхона, умумий овқатланиш корхоналари ва ресторанларнинг ўз фаолиятини тарғиб қилиш ҳамда хорижда ўзбек миллий таомларига ихтисослаштирилган ресторанлар ташкил этган маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорикелтирилган. Лекин қарор Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинмаган.
