10 октябрь куни Ар Риёднинг (Саудия Арабистони) Подшоҳ Холид номидаги халқаро аэропорти 3-терминалига баллистик ракета ҳужуми оқибатида Ўзбекистоннинг икки фуқароси енгил жароҳат олди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Омонулла Файзиев маълум қилди.

1977 ва 1997 йилларда туғилган фуқароларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, сўнг Diriyah Hospital шифохонасига етказилган. Тиббий текширув ва зарур муолажалардан сўнг иккала бемор ҳам шифохонадан жавоб берилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса вақтида аэропорт ҳудудида бўлган яна 20 га яқин Ўзбекистон фуқароси жабрланмаган.

«Ўзбекистоннинг Ар Риёддаги элчихонаси Саудия Арабистонининг тегишли органлари билан биргаликда вазият ривожини кузатишда давом этмоқда, фуқароларимиз билан доимий алоқада бўлиб, уларга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда», — деди Омонулла Файзиев.

Gazeta`нинг жабрланганлар қариндошми, деган саволига у ҳозирда бу номаълумлигини айтди.

Яман ҳусийларининг шанба кунги аэропортга берган зарбаси оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди ва 310 га яқин киши жароҳат олди, улардан баъзиларининг аҳволи оғир. Ҳалок бўлганлар орасида Саудия Арабистонининг тўрт нафар ва АҚШнинг бир нафар фуқароси бор. Шунингдек, Миср, Иордания, Сурия, Фаластин ва Судан фуқаролари ҳам ҳалок бўлган. Ўзбекистон ТИВ тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига қилинган ҳужумларни қоралади.