• Ср. Ноя 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкентда ва илк бор Урганчда Европа кинофестивали ўтказилади


Тошкентда XI Европа кинофестивали намойишлари 23−25 октябрь кунлари Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида бўлиб ўтади. 27 октябрь куни фестиваль илк бор Урганчда ҳам ўтказилади. Бу ҳақда ташкилотчилар — Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси маълум қилди.

Дастурдан драма, биографик, ҳужжатли ва анимацион жанрлардаги 11 та фильм ўрин олган. Уларнинг айримлари миллий ва халқаро кино мукофотларига сазовор бўлган.

Фестиваль учун фильмларни Кипр, Франция, Германия, Греция, Италия, Латвия, Литва, Люксембург, Руминия ва Словения элчихоналари тақдим этган. Тадбирни ўтказишда Гёте институти ва Тошкент Француз альянси ҳам иштирок этади.

28 октябрь куни Британия кенгаши Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликда талабалар учун қисқа метражли фильмлар намойишини ташкил этади. Фестиваль доирасида Moc Hub маданий маконида ҳам очиқ киносеанслар ўтказиш режалаштирилган.

Барча намойишларга кириш бепул. Фильмлар асл тилида, ўзбекча ёки русча субтитрлар билан кўрсатилади.

Фестиваль 2013 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинади. Уни Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси Европа давлатлари элчихоналари билан ҳамкорликда, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги кўмагида ташкил қилади.

Тошкентдаги кинонамойишлар дастури

Ўзбекистон Миллий кино санъати саройи (Навоий шоҳкўчаси, 15)

23 октябрь

11:00 — «Кўз қоқишни унутма» (Литва) 16+

Оилавий муносабатлар, фарзандликка олишдаги қийинчиликлар, ғамхўрлик ва назорат ўртасидаги нозик чегара ҳақидаги психологик драма.

14:00 — «Қор қоплони изидан» (Франция) 12+

«Сезар» миллий мукофоти совриндори бўлган ҳужжатли фильм энг сирли йиртқич — қор қоплонини излаш ҳақида. Томошабин ёввойи табиат фотографи Венсан Мюнье ва ёзувчи Сильвен Тессон билан қор қоплони яшайдиган Тибет платосига сафар қилади.

18:00 — «Эннио» (Италия) 12+

Жаҳон киноси афсонаси, бастакор Эннио Морриконе илк бор фильмда кадрга чиқиб, ҳужжатли фильмнинг бош қаҳрамонига айланади. Унда архив материаллари, ноёб концерт ёзувлари, шунингдек, машҳур ҳамкасблари ва дўстларининг буюк бастакор ҳақидаги суҳбатлари жамланган.

24 октябрь

11:00 — «Василис Михаилидис — Яширин шамоллар» (Кипр) 12+

Ҳужжатли фильм Кипрнинг энг машҳур миллий шоири Василис Михаилидис ҳақида. Таниқли шоир ва рассом замондошлари ҳамда келажак авлодларга бой ижодий мерос қолдирган.

14:00 — «Ника» (Словения) 16+

Картинг пойгалари билан яшайдиган ўжар ўсмир қиз ҳақидаги спорт драмаси. Никанинг тезликка бўлган иштиёқи автокатастрофада отасининг ҳаётига зомин бўлган. Бу фожиа унинг онаси билан муносабатларига ҳам таъсир кўрсатади. Оиладаги вазият эркинликни севувчи ва ўжар Никанинг орзусига эришишига тўсқинлик қилади.

18:00 — «Плюш айиқча ҳаётидан бир кун» (Греция) 14+

Биров ташлаб кетган плюш айиқча икки нотаниш инсоннинг танишувига сабаб бўлиши мумкин. Хитойлик скрипкачи Лю Цзиньси ва юнон меъмори Паноснинг мутлақо бошқа-бошқа олами Шанхонинг ўзига хос кўчаларидаги узоқ ва романтик сайрда туташади.

25 октябрь

11:00 — «Агар мен бўлмасам-чи?» (Люксембург) 16+

Европача трагикомедия жанридаги фильм ўрта ёш инқирози ҳақида. Бош қаҳрамон Матье ишдаги ва оиладаги тинимсиз босимдан чарчаб, ҳаётини тубдан ўзгартиришга қарор қилади. У ўрта ёш остонасидан ўтгач, ўрмонда ёлғиз яшаб, ўз ҳаётини қайта англашга уринади.

14:00 — «Уля» (Латвия) 12+

Латвиянинг афсонавий баскетболчиси, икки карра Олимпия чемпиони Ульяна Семёнова ёшлиги ҳақидаги бадиий биографик фильм. У 2026 йил сентябрда экранларга чиқиб, мамлакат тарихидаги энг кўп томоша қилинган латвиялик фильмлардан бирига айланди.

18:00 — «Юридик факультет тўдаси» (Руминия) 18+

Фильм Михай Адриан Хотканинг шу номли китоби асосида суратга олинган. Унда юридик факультетга биринчи курсданоқ дўстлашган етти талаба ҳақида ҳикоя қилинади. Йиллар давомида мустаҳкамланган дўстлик улардан бирининг қизи касал бўлиб қолганида жиддий синовдан ўтади.

Урганчдаги кинонамойишлар дастури

Худойберган Девонов номидаги кинотеатр

27 октябрь

11:00 — «Боғдаги қайиқ» (Франция, Люксембург) 12+

Анимацион фильм урушдан кейинги йилларда ёш қаҳрамон Франсуа катта ҳаётга қадам қўяётгани ҳақида. Ота-онаси билан бирга оила боғида денгизчи Жошуа Слокамнинг машҳур елканли кемаси нусхасини ясаш жараёни унинг улғайишини ифодалайди. Бу ижодий иш Франсуанинг ўз йўлини излашига туртки беради.

14:00 — «Карла» (Германия) 16+

Немис драмаси томошабинни 1962 йилги Мюнхенга олиб боради. 12 ёшли Карла Эбель уйидан қочиб, оиласидан эмас, полициядан ёрдам ва ҳимоя сўрайди. У отасининг шафқатсиз тарбиясига кўнишни истамайди.

16:30 — «Плюш айиқча ҳаётидан бир кун» (Греция) 14+

Биров ташлаб кетган плюш айиқча икки нотаниш инсоннинг танишувига сабаб бўлади. Хитойлик скрипкачи Лю Цзиньси ва юнон меъмори Паноснинг оламлари Шанхонинг ўзига хос кўчаларидаги узоқ ва романтик сайрда туташади.

Кинонамойишларнинг тўлиқ дастури ва жадвали билан Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси расмий саҳифаларида танишиш мумкин.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *