• Ср. Ноя 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда болалар учун мобил паллиатив ёрдам хизмати йўлга қўйилди


Ўзбекистонда болалар учун мобил паллиатив ёрдам хизмати ўз фаолиятини бошлади. Шу билан бирга, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан болалар хосписини ташкил этиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бу ҳақда Шаҳноза Мирзиёева ўз саҳифасида маълум қилди.

Янги хизматнинг асосий мақсади — оғир ва тузалмас касалликларга чалинган болалар ҳамда уларнинг оилаларига зарур ёрдамни боланинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда кўрсатиш. Бунда оилаларга тиббий ва паллиатив ёрдамни уй шароитида ёки хосписда олиш имкониятини яратиш кўзда тутилган.

Шаҳноза Мирзиёеванинг таъкидлашича, мазкур ташаббус фақат тиббий ёрдам билан чекланмайди. Унинг яна бир муҳим жиҳати жамиятнинг тузалмас касалликларга чалинган болаларга бўлган муносабатини ўзгартириш, уларнинг қадр-қиммати ва ҳуқуқларини эътироф этишдир.

«Касаллик боланинг имкониятларини чеклаши мумкин, аммо унинг тўлақонли ҳаёт кечириши учун қилаётган саъй-ҳаракатларимизни чекламаслиги керак», — деб ёзади у.

Шаҳноза Мирзиёева болалар хосписининг ташкил этилиши билан бирга, жамиятда бу каби болаларга нисбатан қарашлар ҳам ўзгариши зарурлигини алоҳида таъкидлайди. Унинг фикрича, болага фақат ташхиси орқали баҳо бериш эмас, балки унинг шахсияти, хоҳиш-истаклари, орзу-умидлари ва қизиқишларини ҳам эътиборга олиш лозим.

Ҳар бир бола, соғлиғидаги муаммолардан қатъи назар, жамиятнинг ажралмас қисми бўлиш, ўзини намоён этиш ва имкони борича мазмунли ҳаёт кечириш ҳуқуқига эга.

Болалар учун мобил паллиатив ёрдам хизмати ва хоспис ташкил этилиши ана шу ёндашувни амалиётга татбиқ этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Зеро, бундай ёрдамнинг моҳияти нафақат оғриқ ва азобларни енгиллаштириш, балки бола ҳамда унинг оиласига қўллаб-қувватлаш, эътибор ва муносиб ҳаёт учун зарур шароитларни тақдим этишдан иборат.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *