Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 840 минг доллар талаб қилган тадбиркор ашёвий далиллар билан ушланди, дея хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги.
Қайд этилишича, Хоразм вилоятида туғилган, қурилиш материаллари савдоси билан шуғулланувчи бир нечта корхона эгаси бўлган 56 ёшли эркак фуқаронинг ишончига кирган. У Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги 9 гектарли нотурар объектнинг 4 гектарида турар жой бинолари қуриш учун ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилган.
Тергов олди суриштирув маълумотларига кўра, у Давлат кадастри агентлигида ишловчи мансабдор танишлари орқали рухсатнома олиб беришини айтиб, фуқародан аввал 100 минг доллар, кейинроқ яна 740 минг доллар (жами 840 минг доллар) талаб қилгани айтилмоқда.


ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ходимлари томонидан Юнусобод туманидаги ресторанлардан бирида ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчи сўралган пулдан 100 минг долларини олаётган вақтда ушланган.
Ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси 3-қисми (Жуда кўп миқдорда пора беришда иштирокчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

