• Ср. Ноя 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Сув хўжалиги вазирлиги Амударёнинг қуриб бораётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди


Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги 10 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Амударёнинг қуриб бораётгани ҳақида тарқалаётган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Амударё Тожикистон ва Афғонистон тоғларидан бошланувчи Пянж ва Вахш дарёларининг қўшилишидан ҳосил бўлади. Кофарниҳон дарёси унинг йирик тармоқларидан бири ҳисобланади.

Вазирлик маълумотларига кўра, 9 октябрь куни Амударёнинг Ўзбекистон ҳудудига кириш қисмида жойлашган Термиз гидропостида сув сатҳи 239 см ни ташкил этган. Бу 2025 йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 27 см га юқори.

Шунингдек, Керки гидропостида сув сарфи сониясига 499 кубометрни ташкил этди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сониясига 63 кубометрга кам.

«Мазкур гидрологик кўрсаткичлар Амударёда сув оқими сақланиб қолаётганини кўрсатади», — дейилади хабарда.

Вазирлик, шунингдек, Амударё ҳавзасининг юқори қисмида, Тожикистондаги Вахш дарёсида жойлашган Норак сув омбори бўйича маълумотларни ҳам келтирди. 9 октябрь ҳолатига кўра, сув омборига сув кириши сониясига 408 кубометрни, сув чиқарилиши эса сониясига 320 кубометрни ташкил этди. Ундаги сув ҳажми 10,54 млрд кубометрга етган.

«Сентябрь-октябрь ойларида дарёларда сув сарфи ва сатҳининг пасайиши мавсумий гидрологик жараён ҳисобланади. Вегетация мавсуми якунланиши муносабати билан сув омборларида кейинги мавсум эҳтиёжлари учун сув захиралари тўпланади», — дея қайд этди Сув хўжалиги вазирлиги.

Фото: Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги.

Туркманистоннинг Аваза миллий туристик зонасида октябрь бошида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиясининг 95-йиғилишида Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида 2026 йилги вегетация даври якунлари сарҳисоб қилинди. Иштирокчилар 2026−2027 йилларнинг вегетациялараро даври учун сув олиш лимитлари ва сув омборларининг прогноз иш режимларини тасдиқлади. Набатдаги йиғилишни 2027 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда ўтказиш режалаштирилган.

Июнь ойида Самарқандда Қуйи Амударё ҳавзасида Сув ресурсларини интеграциялашган бошқариш (СРИҲБ) режаси концепцияси имзоланди. Ушбу концепция сув ресурсларидан фойдаланишни барча сув истеъмолчиларининг манфаатлари, экотизимлар ҳолати ва узоқ муддатли иқлим хавф-хатарларини ҳисобга олган ҳолда бутун дарё ҳавзаси миқёсида режалаштиришни назарда тутади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *