Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича Поп туман суди томонидан «Rayhon oilaviy milliy taomlari» таъсисчиси Одилхон Исмоилов ва бошқаларга нисбатан чиқарилган ҳукм устидан берилган апелляция шикоятини кўриб чиқди, дея хабар бермоқда Наманган вилояти судлари матбуот хизмати.

2026 йил 13 июлдаги биринчи инстанция судининг ҳукми билан 1977 йилда Наманган вилоятида туғилган Одилхон Исмоилов Жиноят кодексининг бир қатор моддалари, жумладан, 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Апелляция судига кўра, жиноят иши доирасида етказилган моддий зарарнинг бир қисми нақд пул шаклида депоpит ҳисоб рақамига топширилган ва судланган тадбиркорга тегишли мулк банкнинг талабига асосан банк балансига қабул қилиниши белгиланган.

Шунингдек, хатланган мол-мулклар соттирилиб, етказилган зарарни қоплашга йўналтирилган ҳамда зарарни қоплаш учун фақатгина Одилхон Исмоилов ва унинг яқин қариндошларига тегишли бўлган мулклар ажратилган.

Ушбу ҳолатлардан келиб чиқиб, апелляция инстанцияси Одилхон Исмоиловга Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан тайинланган жазони ўзгаришсиз қолдирди, бироқ Жиноят кодексининг 72-моддасига (Шартли ҳукм қилиш) асосан 3 йил синов муддати белгилади.

Ажрим эълон қилингач, Одилхон Исмоилов суд залида қамоқдан озод этилди.

Одилхон Исмоилов 2010 йилдан Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари бўлган. 2011 йилдан 2018 йил июлигача Шайхонтоҳур тумани бош имом хатиби ва «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом хатиби бўлиб ишлаган. 2018 июлда эса Мусулмонлар идораси Исмоилов «тасдиқланмаган хабарларни интернет орқали тарқатгани ва беморлиги важидан вазифани уддалай олмаётгани сабабли» ишдан олинганини маълум қилган.

У 2019 йилдан бошлаб «Вақф» хайрия жамоат фондида фаолият юритган. 2019 йил февралида Исмоилов Шайхонтоҳур тумани «Хўжа Аламбардор» масжидига имом-хатиб этиб тайинланган. 2019 йилнинг сентябрида эса соғлигидаги муаммолар туфайли ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этилган.