Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоа Буюк Британиянинг Уэльс шаҳрида ўтказилган «Кембрия патрули» (Cambrian Patrol) халқаро ҳарбий мусобақасида кумуш медални қўлга киритди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Мусобақада Буюк Британия, АҚШ, Франция, Германия, Италия, Покистон ва Қозоғистон каби 35 га яқин мамлакатдан 140 дан ортиқ патруль гуруҳи иштирок этди.

Иштирокчилар 48 соат давомида тоғли, ботқоқли ва бориш қийин бўлган ҳудудларда мураккаб синовлардан ўтди. Улар тахминан 70 километр масофани босиб ўтиб, разведка вазифаларини бажариш, шартли жанг сценарийларини ишлаб чиқиш, тўсиқларни бартараф этиш ва ярадорларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича кўникмаларини намойиш этди. Шунингдек, кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий таҳдидлар шароитида ҳаракат қилиш қобилияти ҳам синовдан ўтказилди.

«Кембрия патрули» мусобақаси 1959 йилдан буён ўтказиб келинади. Ҳозирда уни Буюк Британия Қуролли Кучларининг 160-Уэльс бригадаси ташкил этади. Мусобақа ҳарбий бўлинмаларнинг амалий тайёргарлигини синаш, тажриба алмашиш ва халқаро ҳарбий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Ўзбекистон ҳарбийлари мусобақада биринчи марта 2017 йилда иштирок этиб, иккинчи ўринни эгаллаган. 2018 ва 2019 йилларда жамоа олтин медални қўлга киритган. 2020−2025 йиллар давомида ҳам жамоа кумуш медаллар олган.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳарбийлари Жанубий Кореядаги халқаро мусобақада кетма-кет тўртинчи бор ғолиб бўлган эди.