Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри ва Қибрай туманида гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Чирчиқ шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда 2006 йилда туғилган қиз ва унинг 2008 йилда туғилган вояга етмаган шериги 41 дона скотч бўлагидаги синтетик гиёҳвандлик воситаларини тарқатаётган вақтда ушланган.
Шунингдек, вояга етмаган қиз ижарада яшаётган уйда сотиш мақсадида 1 килограмм 259 грамм синтетик гиёҳвандлик воситаси сақланаётгани аниқланган.
Тезкор тадбирлар давомида Чирчиқда яна бир шахс 2009 йилда туғилган вояга етмаган қизни гиёҳвандлик савдосига жалб қилгани аниқланган. Улар 1988 йилда туғилган аёл билан бирга 150 грамм синтетик гиёҳвандлик воситасини яширин жойларга қолдириш (“закладка”) усулида тарқатаётган вақтда қўлга олинган.
Аёлнинг яшаш хонадонидан 2 килограмм 850 грамм мефедрон, 200 грамм алфа-ПВП, 200 грамм героин, шунингдек, зип-пакетлар, изоленталар ва тарозилар топилган.
Тезкор тадбирлар давомида Қибрай туманида ҳам интернет орқали фаолият юритувчи наркодўконга алоқадор шахслар ушланган. Улар тўртта манзилга жами 200 дона ўрамдаги гиёҳвандлик воситаларини яширишга уринган.
Аниқланишича, ушбу шахслар Сирдарё, Фарғона ва Наманган вилоятларида яшовчи йигитлар бўлиб, улар орасида талабалар ҳам бор. Йигитлар Тошкент вилоятига келиб, гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш билан шуғулланган.
ИИВ маълумотларига кўра, тезкор тадбирлар натижасида жами 4 килограмм 700 грамм гиёҳвандлик воситалари мусодара қилиниб, 245 минг дона бир марталик дозанинг муомалага чиқарилиши олди олинган.
Ҳозирда интернетдаги наркодўкон фаолиятига алоқадор бошқа шахслар ва жиноий гуруҳларни аниқлаш бўйича тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда саккиз ойда гиёҳвандлик билан боғлиқ 12 мингдан ортиқ жиноят аниқлангани ҳақида хабар берилганди.