Ўзбекистондан Жанубий Кореяга учаётган самолётда 11 октябрь куни ўзбекистонлик шифокор Ҳасан Комилов аҳволи оғирлашган аёлга тиббий ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда рейс йўловчиларидан бири Threads тармоғида ёзди.
Йўловчининг маълум қилишича, корейс миллатига мансуб бўлиши мумкин бўлган аёлнинг диастолик (пастки) қон босими 20 гача тушиб, оғир шок ҳолати юзага келган. Шу вақтда самолётда бўлган ўзбекистонлик шифокор унга ёрдам берган.
Шифокор аёлга вақти-вақти билан кислород бериб, дексаметазон инексиясини қилган. Натижада аёл Кореяга соғ-омон етиб олган.
Воқеага гувоҳ бўлган йўловчининг таъкидлашича, самолётдаги бошқа ўзбекистонликлар ҳам ёрдамга шошилган. Улар аёлга сув, конфет, шоколад, ёстиқ ва кўрпаларини берган. Борткузатувчилар ҳам ёрдам кўрсатишда фаол қатнашган.
Унинг қўшимча қилишича, аёлга ёрдам берган ўзбекистонлик шифокор Кореяга малака ошириш учун келган бўлиши мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистонда самолётда ўзини тутиш қоидаларини бузганлик учун жарималар оширилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.