Маданий мерос агентлиги директори ўринбосари Азизжон Арипжонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Афғонистондаги ўзбек алломаларининг тарихий-маданий мерос объектларини ўрганди ҳамда уларни сақлаш ва қайта тиклаш бўйича фикр-мулоҳаза алмашди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Делегация аъзолари, хусусан, Балх, Тахор, Сари Пул ва Фарёб вилоятларида бўлиб, қатор ноёб меъморий ёдгорликлар билан яқиндан танишган ва улар бўйича зарур маълумотларни тўплаган.

Улар орасида Мозори Шарифдаги Равзаи муборак мақбараси, Тахор вилояти Ишкамиш уездидаги Бобо Раҳим Машраб зиёратгоҳи, Сари Пул шаҳридаги ғиштдан қурилган тарихий кўприк, Хишт пул ва Эидгоҳ масжидлари бор. Қолаверса, Имомзода Яҳё мақбараси, Фарёб вилояти Андхой уездидаги Бобо Вали Жон мадраса мажмуаси, Алишер Навоий томонидан хайрия усулида қурилган Бобо Вали ҳовузи ва Мирсаид Барака меъморий обидаси билан танишилган.

«Мамлакат ҳудудидаги тарихий обидаларни келажак авлодларга асл ҳолида етказиш борасида ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича фикр алмашилди… Афғонистондаги бой маданий мерос обидаларида ўзбек халқининг муносиб ҳиссаси борлиги эътироф қилинди», — дейилади хабарда.

афғонистон, маданий мерос агентлиги, алишер навоий, тарихий обидалар, реставрация

Музокаралар якунида мамлакатдаги тарихий-маданий мерос объектлари бўйича йиғилган маълумотларни таҳлил қилиш ҳамда обидаларни асраб-авайлаш ва реставрация қилиш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолашга келишиб олинди.

2023 йилнинг февраль ойида Мозори Шарифдаги Алишер Навоий ҳайкали туширилган барельефга зарар етказилганди. Ўшанда Афғонистон томони билан боғланган Ўзбекистон ТИВ бу вандализм «номаълум шахсларнинг ўзбошимчалик ва ўйламасдан қилган ҳаракати» эканини билдириб, ёдгорликларни тиклаш чоралари кўрилишини маълум қилган.

2025 йилнинг август ойида эса ҳайкал бутунлай вайрон қилинди. «Толибон» бузилиш ҳукумат билан келишилмаганини айтиб, таассуф билдирган ва янги ёдгорлик ваъда қилган. Кейинчалик Алишер Навоий номидаги янги ёдгорлик-мажмуа қурилиши бошлангани хабар қилинган.