7 октябрь куни Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судида жиноятни яширишга уринган икки нафар ИИБ ходими устидан суд ҳукми ўқилди. Gazeta суд ҳужжати билан танишди.
Жанжал
Суд ҳукмида келтирилишича, фуқаро Ш. М. 2026 йил 17 февраль куни соат тахминан 19:00 да таниши билан Чирчиқ шаҳридаги кафеларнинг бирига борган. Улар кафенинг умумий залида ўтирган пайтда яқиндаги столда таниши Д. тахминан олти нафар ҳамроҳи билан ўтирганини кўрган.
Шу вақт кафеда маст ҳолатдаги аёл бошқа мижозлар билан бирма-бир тортишиб, жанжаллашаётган бўлган. Аёл администратор қиз билан ҳам тортишиб, уни итариб юборган. Ш. М. уларнинг ёнида содир бўлаётган жанжалга аралашиб, аёл билан администраторни ажратган.
Шундан кейин аёл унга аралашмасликни айтиб, кетган. Бироз вақт ўтгач, аёл Д.нинг столи олдига келиб, ўтирганларни телефонига суратга олган ва «ҳозир ўғлим Умид билан Ислом бухарский келади», деб кафедан чиқиб кетган.
Ш. М.нинг судда берган кўрсатувига кўра, тахминан 20 дақиқа ўтгач, у кафенинг ташқарисида сигарет чекиб турганида Умид исмли йигит келган. У Ш. М.дан тушунтириш талаб қилмасдан, уни зина ёнига тақаб бориб, қўлларидан ушлаган ва зинадан ташлаб юборишини айтган.
Шу пайт Ш. М. билан бирга келган таниши уларни ажратган. Кейин Ш. М. яна кафега кирган. Таниши унинг олдига келиб, кимни хафа қилганини сўраган ва ташқарида «Ислом бухарский» уни кутаётганини айтган.
Ш. М. ташқарига чиққан. Унинг кўрсатувига кўра, у ерда «Ислом бухарский» ва тахминан ўн нафар йигит, шунингдек, ички ишлар органларининг патруль-пост хизмати ходимлари турган. «Ислом бухарский» унга кафега қайтиб киришни айтган. Бироқ шу заҳоти гуруҳдаги бошқа йигитлардан бири Ш. М.нинг қўлидан тортиб, уни ўзига қаратганида Умид унинг пастки жағига мушт туширган. Ш. М. ерга йиқилган, кейин турган ва кафега кириб, қон теккан жойларини ювган.
У қайта ташқарига чиққан пайтда «Ислом бухарский», унинг ҳамроҳлари ва патруль-пост ходимлари кетиб бўлишган эди.
Кафедан кетиш учун йўлга чиққан Ш. М. такси тўхтатиб турганида олдига давлат рақами ечилган оқ рангли Gentra келиб тўхтаган. Машинадан тушган Ислом исмли бошқа бир йигит ўзини таништириб, Умид унинг ўртоғи эканини айтган ва Ш. М.га телефон рақамини берган.
Ш. М.нинг кўрсатувига кўра, улар гаплашиб турганида аввалги гуруҳдаги яна тўрт-беш киши келган. Улар уни кафенинг автотураргоҳида турган қаймоқ рангли Epica машинасига ўтқазмоқчи бўлишган. Ш. М. улардан қочиб, йўл бўйлаб югурган. Машинадагилар уни тахминан бир километргача қувишган.
Ш. М. чарчаб тўхтаганидан кейин машинадан тушганлар унинг олдига келишган. Унинг кўрсатувида айтилишича, «Гера» лақабли Қурбонали унга мушт туширган, қолганлар эса оёқлари билан тепишган. Шундан кейин Ш. М. ҳушини йўқотган.
У кўзини очганида нотаниш аёлнинг тиззасида ётган бўлган. Маълум бўлишича, аёл тез тиббий ёрдам чақирган. Ш. М. Чирчиқ шаҳри марказий шифохонасига олиб кетилиб, у ерда биринчи ёрдам кўрсатилган. Шифокорлар унинг жағ қисмида йиртилиш борлигини айтиб, жароҳатни тикишни таклиф қилишган, аммо у бунга рози бўлмаган.
Ишни ёпишга бўлган уриниш
Ш. М.нинг калтакланганидан кейин, 18 февраль куни соат тахминан 11:00 да ариза билан мурожаат қилиш учун ИИБга борган. Шу куни соат 15:30 ларда уни профилактика инспектори Дилшод Раҳимбаев хизмат хонасига чақирган. У ерда «Ислом бухарский» ҳам бўлган. Раҳимбаев уларга гаплашиб олишни таклиф қилиб, хонадан чиқиб кетган.
Ш. М.нинг айтишича, «Ислом бухарский» ундан ариза ёзмасликни сўраган. Унинг тушунтиришича, йигитлар хатога йўл қўйган, воқеани ёпиш ва етказилган зарарни қоплаш мумкин эди. Ислом ундан қанча пул кераклигини сўраган. Ш. М. эса қонуний чора кўрилишини хоҳлашини, уни урганлар камида беш сутка қамалиши кераклигини айтган. Унинг сўзларига кўра, уч нафар фарзанди борлиги ва калтакланиш оқибатида ҳалок бўлиши ҳам мумкинлигини тушунтирган.
Кейин Раҳимбаев Ш. М.га нисбатан жиноят таркиби йўқлиги, ҳеч қандай модда билан иш қўзғатиб бўлмаслигини айтган. Шу билан бирга, унга етказилган зарар учун пул олиб беришни таклиф қилган. Ш. М.нинг кўрсатувига кўра, ички ишлар ходимининг бу гапларидан кейин у қонуний чора кўришнинг иложи йўқ, деб ўйлаб, пул олишга рози бўлган.
18 февраль куни Ш. М.ни калтаклаганлардан бири танишидан қарз олиб, Дилшод Раҳимбаевга 2700 доллар берган. Бироқ бу маблағнинг ҳаммаси жабрланувчига етиб бормаган.
18 февралдан 19 февралга ўтар кечаси соат тахминан 01:00 да Раҳимбаев Ш. М. яна ИИБга чақирган. Бино ташқарисида Ш. М. Раҳимбаев, «Ислом бухарский» ва яна тахминан саккиз нафар йигитни кўрган. Кейин хизмат хонасига Раҳимбаев ва ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими инспектори Нодир Агабеков формада кирган.
Ш. М.нинг айтишича, Раҳимбаев унга 2000 АҚШ доллари бериб, шундан 100 долларни Нодирга беришни айтган. Ш. М. 100 долларни Агабековга топширган. Агабеков чиқиб кетгач, Раҳимбаев ундан берилган 2000 доллардан 900 долларни сўраган. Ш. М. пулни берганидан кейин ўзида 1000 доллар қолган.
Ш. М.нинг кўрсатувига кўра, Раҳимбаев кейин ундан яна 100 доллар талаб қилган ва пул юқоридагиларга берилиши, бу ҳақда кўпчилик хабардорлигини айтган. Ш. М. эса даволаниш учун пул кераклигини билдириб, қўшимча маблағ беришдан бош тортган. Раҳимбаев эртаси куни қўнғироқ қилишини ва Ш. М. қарши ариза ёзишини айтган.
19 февраль куни жабрланувчи зарари қоплангани ва ҳеч кимга даъвоси йўқлиги ҳақида ариза ёзган. Орадан тўққиз кун ўтиб, 28 февраль куни калтаклаш ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатиш рад этилган. Бироқ 5 март куни ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти терговни бошлаган.
Тергов давомида калтаклашда иштирок этган шахсларнинг яқинлари илгари берилган 2700 долларни қайтаришни талаб қилган. Жабрланувчининг айтишича, терговчи бу талабни унга етказган. Эркак эса пулнинг катта қисми ИИБ ходимларида қолганини айтмай, маблағни ўзи ишлатиб юборганини билдирган.
Ш. М. эса 2026 йил 20 апрель куни Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бошқармасига мурожаат қилиб, «Дилшод» ва «Нодир» исмли Чирчиқ шаҳар ИИБ ходимларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Тезкор тадбир вақтида профилактика инспектори Ш. М.га 300 доллар бераётганида ушланган. Ш. М.нинг суддаги кўрсатмасига кўра, инспектор пулни бўлим бошлиғи берганини айтган ва ўзининг яна 200 долларини эртаси куни қайтаришини билдирган.
Судда ҳар икки ходим айбига иқрорлик билдирмаган. Хусусан, профилактика инспектори Нодир Агабеков Ш. М. ва иккинчи томон ўртасидаги «олди-бердидан» умуман хабари йўқлигини айтган. Агабеков Ш. М.ни илк бор унинг аризаси бўйича Раҳимбаевнинг хизмат хонасида кўрганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Раҳимбаев жанжал иштирокчилари ўзаро келишиб олгани ва Ш. М.нинг даъвоси йўқлигини билдирган. Агабековнинг таъкидлашича, у томонларга ўзлари гаплашиб олишларини айтган, аммо ишни тугатиш ёки пул олиш бўйича ҳеч кимга кўрсатма бермаган.
Суд гувоҳларнинг кўрсатмалари, телефон сўзлашувлари ҳамда бошқа далиллар билан судланувчиларнинг айби ўз тасдиғини топган, деган хулосага келган.
Ҳукм
Жиноят ишлари бўйича суд ҳукми билан Нодир Агабеков ва Дилшод Раҳимбаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в, г» бандлари (Тамагирлик йўли билан, бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб пора олиш), 230−1-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари (Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, жиноий жавобгарликдан озод этиш учун далилларни сохталаштириш) ҳамда 241−1-моддаси 2-қисмида (Жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.
Суд ҳар иккисига тайинланган жазоларни қисман қўшиш орқали 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаган. Шунингдек, улар 3 йил муддатга ички ишлар органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Агабековга нисбатан жазони ўташ муддати 2026 йил 22 июндан, Раҳимбаевга нисбатан эса 2026 йил 24 апрелдан ҳисобланиши белгиланган. Ҳар иккисига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилган.
Ҳукм устидан апелляция шикояти ёки протест ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб 10 сутка ичида берилиши мумкин. Маҳкумлар учун муддат ҳукм нусхаси топширилган кундан ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, апрелда «Ислом бухарский» ва бошқалар қўлга олингани хабар қилинганди. Май ойида эса профилактика инспектори қўлга олинганди.
