Австралиянинг Эдит Коуэн университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, уйда мунтазам равишда таом тайёрлаш инсоннинг руҳий саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади ва ўзига бўлган ишончини оширади.
Тадқиқотда етти ҳафта давомида соғлом пазандалик курсларида қатнашган 657 нафар кўнгилли иштирок этди. Кузатувлар шуни кўрсатдики, таом тайёрлаш кўникмаларини ўзлаштириш иштирокчиларнинг умумий фаровонлигини яхшилаган ва ушбу самара ўқиш тугаганидан кейин олти ой ўтгач ҳам сақланиб қолган.
Дастлаб мутахассислар руҳий ҳолатнинг яхшиланишини тўғри овқатланиш билан боғлашган эди. Бироқ кейинчалик маълум бўлишича, иштирокчилар парҳезга риоя қилмай қўйган даврда ҳам уларнинг руҳий хотиржамлик даражаси юқорилигича қолган.
Психологларнинг таъкидлашича, таом тайёрлаш жараёни тушкунликни енгиллаштиришга ёрдам берувчи “хулқ-атвор фаоллашуви” терапиясига мос келади. Ошхонада маълум бир вазифага диққатни қаратиш инсонни кундалик чалғитувчи омиллардан асрайди.
“RBC”
Тадқиқот натижалари уйда таом тайёрлаш оиладаги нотўғри қарашларини камайтиришга хизмат қилишини кўрсатди. Эксперимент бошланишида эркакларнинг фақат 23 фоизи ўзининг пазандалик қобилиятига ишонишини билдирган. Лойиҳа якунига келиб эса барча иштирокчиларнинг таом тайёрлаш кўникмалари ва ўзига бўлган ишончи тенглашган.
Экспертларнинг фикрича, хонадондаги барча аъзоларнинг таом тайёрлаш жараёнида иштирок этиши доимий равишда фойдали ва сифатли таомлар истеъмол қилинишини таъминлайди ҳамда ярим тайёр маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни камайтиради.
