• Ср. Ноя 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Республика китобхонлик танлови ғолибларининг ҳарбий хизмат муддати бир ойга қисқартирилиши мумкин


Ўзбекистонда республика китобхонлик танловида совринли ўринларни эгаллаган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг хизмат муддатини бир ойга қисқартириш таклиф этилмоқда. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси 13 октябрь куни Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинди.

«Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳақида Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Козимжон Тожиев маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси ҳарбий хизматни ташкил этиш ва ўташ тартибини такомиллаштириш, шунингдек, ҳарбий хизматчиларни рағбатлантириш ва малакали учувчи мутахассисларнинг касбий салоҳиятидан самарали фойдаланишни назарда тутади.

Хусусан, «Маънавият қалқони» республика китобхонлик танловида совринли ўринларни эгаллаган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг хизмат муддатини бир ойга қисқартириш орқали уларни рағбатлантириш таклиф этилмоқда. Лойиҳа муаллифларига кўра, бу чора ҳарбий хизматчиларнинг китоб ўқишга қизиқишини ошириш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва уларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Муҳокама давомида депутат Зуҳриддин Мавлонов хизмат муддатини қисқартириш тартибига оид таклифларини билдирди. Унинг таъкидлашича, амалдаги қонуннинг 5-моддасида муддатли ҳарбий хизмат 12 ой этиб белгиланган. Шу сабабли китобхонлик танлови ғолиблари учун хизмат муддатини бир ойга қисқартириш қоидасини қонуннинг ўзида аниқ белгилаш керак.

Депутат, шунингдек, хизмат муддатини қисқартириш ҳарбий хизматчининг хоҳишига боғлиқ бўлиши лозимлигини айтди. Унинг фикрича, танлов ғолиби хизматни 11 ойда якунлашни истамаслиги ва бошқа ҳарбий хизматчилар қатори 12 ойлик хизматни тўлиқ ўтаб, якуний тадбирларда иштирок этишни хоҳлаши мумкин. Шунинг учун хизмат муддатини қисқартириш ҳарбий хизматчининг аризаси асосида амалга оширилишини назарда тутувчи нормани киритиш таклиф этилди.

Қонун лойиҳасининг яна бир йўналиши ҳарбий авиация учун малакали учувчи кадрларни сақлаб қолиш ва уларнинг касбий салоҳиятидан самарали фойдаланиш билан боғлиқ.

Лойиҳада олий ҳарбий таълим муассасалари, шунингдек, хорижий олий ҳарбий таълим муассасаларининг учувчи мутахассислиги бўйича битирувчилари билан янги контракт тузишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш таклиф қилинмоқда. Бу орқали учувчиларнинг касбий фаолияти барқарорлигини таъминлаш, уларнинг малакаси ва тажрибасини ошириш ҳамда Қуролли Кучларнинг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш кўзда тутилган.

Козимжон Тожиев замонавий авиация техникасини самарали ва хавфсиз бошқариш, авиация бўлинмаларининг жанговар шайлигини таъминлаш юқори касбий маҳорат, махсус тайёргарлик ва кўп йиллик амалий тажриба талаб этишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, янги нормалар ҳарбий авиацияни ривожлантириш ва мамлакат ҳаво сарҳадларини ҳимоя қилиш салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасини тайёрлашда хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилган, шунингдек, у Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳамда Адлия вазирлигининг ижобий хулосасини олган.

Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *