• Ср. Ноя 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

октябрда кинотеатрларда нималар намойиш этилмоқда? – Gazeta

октябрда кинотеатрларда нималар намойиш этилмоқда? – Gazeta


Октябрь ойида кинотеатрлардан барча томошабинлар ўзлари учун қизиқ бўлган картинани топишлари мумкин. Голливуднинг катта номлари иштирок этган кинолар бор, ўйин ва комикслар асосидаги блокбастерлар бор, тарихий эпопея, оилавий мультфильмлар, инсон ва ит муносабати ҳақидаги ҳикоялар ҳам бор. Шунингдек, хоррор ишқибозлари бу ой ҳам қуруқ қолмайди: заҳарли ўргимчаклар ва индонезиянинг лаънатланган кўприги кабилар уларни кутмоқда.

«Кинотавсия»нинг навбатдаги сонида Сарвар Каримов бу ой кинотеатрларда кўриш учун картиналар танлашингизга ёрдам беради.

«Диггер»

Уч нафар ўз ишининг устаси, чинакам мэтр ижодкорлар бир жойга тўпланса нима бўлади? «Диггер» фильми туғилади. Фильм режиссёри — Алехандро Гонсалес Иньярриту. Оператор — Эммануэль Любецки, бош рольда эса — Том Круз. Картина 1 октябрдан Ўзбекистон кинтеатрларида намойиш этилмоқда.

Бу фильм сюжети ҳаммадан сир тутилди. Трейлерлари ҳам ўзига хос, бир ажойиб эди. Ягона маълумот — Том Круз дунёнинг энг қудратли одамларидан бирининг ролини ижро этади ҳамда у ўзи сабабчи бўлган, сайёрамизни йўқ қилиб юборишга қодир табиий офатнинг оқибатларини бартараф этмоқчи бўлади.

«Ҳа, кинотанқидчилар фильмни ёмон кутиб олишди, кўп танқидлар ёғилди. Мен фильмни кеча кўрдим ва у менга ёқди. Режиссёр бу фильмда „мизанабим“ усулидан фойдаланган. Яъни, асарнинг ичида яна битта асарни ишлатган. Кинода бу қандай ишлайди? Сюжет ичида яна битта сюжет бўлади. Спойлер қилмайман, ўзингиз кўринг, чунки бу трейлерларда йўқ эди. Ўзим ҳам аввалига тушунмадим ва бироз довдираб қолдим», — дейди Сарвар Каримов.

Фильм сиёсий сатира бўлиб, Стенли Кубрикнинг «Доктор Стренджлав» картинасига ўхшайди. Унда бир қанча Голливуд юлдузлари иштирок этган. Масалан, Жон Гудман АҚШ президенти ролини ижро этган. Бундан ташқари, Жесси Племонс, Риз Ахмед, Сандра Хюллер, Эмма Д’Арси ва яна бошқа кўплаб актёр-актрисалар фильмда ишлаган.

Ҳозирда 65 ёш бўлган Том Круз 65 ёшли Диггер персонажини ижро этиши учун соатлаб грим қилинган. У мушугидан бошқа бирорта тирик жонзодни яхши кўрмайдиган, пулга ўч, ўзидан бошқа ҳеч кимни эшитмайдиган миллиардер Диггер Рокуэлл образини яратган.

«Кўпчилик Том Круз мазкур роли учун „Оскар“ олиши мумкинлиги ҳақида гапиряпти. Бўлиши мумкин, чунки Круз жудаям яхши актёр, фаолияти давомида 4 маротаба бу мукофотга номзоди қўйилган, лекин афсуски ютмаган. Ҳа, унинг битта Оскари бор, аммо бу кинодаги умумий фаолияти учун берилган фахрий Оскар. Чунки, Том Круз нафақат актёр, балки продюсер ҳам», — дейди Сарвар Каримов.

Фильм режиссёри Алехандро Гонсалес Иньярритуда 5 та «Оскар», оператори Эммануэль Любецкида эса 3 та «Оскар» бор (энг қизиғи уларни кетма-кет қўлга киритилган, 2014, 2015 ва 2016 йилларда, «Гравитация», «Бёрдмэн» ва «Омон қолган» фильмлари учун).

«Умуман олганда мен Алехандро Гонсалес Иньярритуни жуда яхши кўраман. Институт пайтидаёқ унинг „Ўлим трилогияси“ни катта қизиқиш билан кўрганмиз. Ҳаттоки „Сеҳрли қалпоқча“нинг биринчи қисмида Ҳошимжон меҳмонхонада телевизор кўриб ўтирадиган саҳнада унинг „Amores perros“ фильмидан битта кадр ишлатганман. Кўпчилик Иньярритуни „Бёрдмэн“ ва „Омон қолган“ фильмидан кейин таниган бўлса биз ҳақиқий фанатлари 20 йилдан бери унинг ижодига мухлислик қилиб келамиз».

«Лой юзли»

Жеймс Ганн DC оламини кенгайтирмоқда. «Яшил фонар»лар сериалини кўрдингизми?

«Бу гал тўлиқ метражли фильм суратга олинди ва унда янги қаҳрамон — Клэйфейс пайдо бўлди. Ўзи Жеймс Ганда шунақа эсдан чиқиб кетган қаҳрамонларни топиб, машҳур қиладиган одати бор. Масалан «Галактика қўриқчилари»ни ҳам фильмдан олдин ҳеч ким танимас эди. Кўрамиз, бу гал ўхшармикан», — дейди Сарвар Каримов.

Боди ҳоррор элементларига эга бўлган ушбу фильм режиссёри — Джеймс Уоткинс.

«Мен унинг дебют фильми — «Жаннат кўли»ни кўрганман. Яхши фильм эди, эски ва қадрдон британ слэшери. Умид қиламиз, Клэйфейс DC ни инқироздан олиб чиқиш режасидаги омадли қадамлардан бирига айланади. Эҳтимол, Жеймс Ганнинг миясида DC ва умуман суперқаҳрамонларни қайта ислоҳ қиладиган бирор режа бордир, балки биз ҳали тушунмаётгандирмиз уни. Кўрамиз!», — дейди Сарвар Каримов.

«Йиртқич юрак»

Брэд Питт ўйнаган танкистлар ҳақидаги «Ғазаб» фильмини кўрганмисиз? Шу фильмни Дэвид Эйр исмли режиссёр суратга олган. У бу сафар Брэд Питт билан яна ҳамкорлик қилиб «Йиртқич юрак» деган фильм ишлабди. Бутун фильм Брэд Питт ва итдан иборат.

«Тўғрисини айтсам бу картина менга ўзимизнинг эски қадрдон 90-йиллар фильмларини эслатди. У ростдан тоғ-у тошларга бориб суратга олинган, яшил хонада эмас. Оддий, лекин яхши фильм чиққан. Кўринг, охирида бир йиғлаб беришингиз ҳам мумкин. Бари-бир Брэд Питт — бу Брэд Питт», — дейди Сарвар Каримов.

«Кўча жангчиси»

Бир вақтлар Жан-Клод Ван Дам ўйнаган «Кўча жангчиси» деган фильм суратга олинган. Бу картина «Мортал Комбат» каби ўйин асосида ишланган. Яқинда «Мортал Комбат»ни ремейк қилингани каби, энди бу ой «Кўча жангчиси»нинг ҳам янгиси чиқяпти.

«Манимча бу кинони дарров кўриш керак. Ҳеч бўлмаса, 50 Cent ҳурмати. Ўйиндаги қора танли, Балрог исмли боксчи персонажни айнан у ўйнаган», — дейди Сарвар Каримов.

«Де Голль. 1-қисм. Қаршилик»

Франция-Бельгия ва АҚШ ҳамкорлигида машҳур француз арбоби — генерал Шарль Де Голль ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи икки қисмли тарихий фильм суратга олинди. Ҳозирги кунда мана шу эпопеянинг биринчи қисми кинотеатрларимизда намойиш этилмоқда.

«Мабодо иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги фильмларни ёқтирсангиз ёки умуман тарихга қизиқсангиз, бу картинани ўтказиб юборманг. Эслатиб ўтамиз, иккинчи жаҳон урушида Франция нацист Германияси томонидан қисқа муддатда босиб олинган. Шарль де Голл эса бундан норози бўлиб, „Озод Франция“ ватанпарварлик ҳаракатига асос солган ва кейинчалик фашистлардан юртини озод қилиб, бир оз муддат ўтгач мамлакат президентига ҳам айланган. Жуда ҳам ажойиб шахс, бу инсоннинг ҳаёти фильм бўлишга лойиқ эди ва мана энди кинотеатрга бориб уни кўрсак бўлади», — дейди Сарвар Каримов.

Оилавий томоша

Бу ой оилавий томоша учун Голландиялик ижодкорлардан «Қишлоқдаги бобомникига. Супермиссия» деб номланган фильмни тавсия қилишимиз мумкин. Шунингдек, Франция ва Бельгия қўшма маҳсулоти — «Мўжизавий қалам» ҳам томошабинларга тақдим этилмоқда, унда кичик қизалоқ қўлига сеҳрли қалам тушиб қолади, у билан нима ёзилса — амалга ошади.

Шунингдек, совет мультфильмининг замонавий 3D талқини — «Мамонтчанинг саргузаштлари. Онани қидириб» анимацион фильми ҳам кинотеатрларимизда намойиш этилмоқда. 6−7 ёшдаги болалар билан Германия ва Чехия маҳсулоти бўлган яна бир анимацион фильм — «Сув ости биродарлари. Риф соқчилари»ни томоша қилиш мумкин.

«Гохан лақабли ит»

«Хатико» мухлисимисиз? Унда таиландлик киноижодкорлардан «Гохан лақабли ит» фильми сиз учун. Картинада Гохан лақабли оппоқ итнинг саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилинади, «Хатико»дан фарқли ўлароқ Гоханнинг нақд уч эгаси бўлади.

«Таиландликлар мана шундай одамнинг қалбини ларзага соладиган, йиғлатадиган роликларни жуда яхши ишлашади, кинони ҳам шундай маҳорат билан тасвирга олишган деган умиддамиз», — дейди Сарвар Каримов.

«Ҳужум»

А24 студияси тақдим этаётган «Ҳужум» фильми сюжети жуда оддий. Она ва унинг қизи ёвуз роботларга қарши курашади. Хуллас, кимдир қочади, кимдир қувлайди. Агар ҳоррор, фантастика, боевик ва триллер жанрдаги аттракцион фильмларни ёқтирсангиз — ўтказиб юборманг.

«Кит ови»

«Голливуд осмонида янги юлдуз порламоқда ва унинг исми — Остин Абрамс. Эслаб қолинглар, ўртоқлар. Мен бу ёш актёрни илк марта „Ёлғи бўрилар“ фильмида кўрган эдим. Ўшанда у икки гигант — Жорж Клуни ва Брэд Питт олдида йўқ бўлиб қолмагани мени қойил қолдирган эди. Бу актёрда ҳақиқатан ҳам истеъдод бор экан, кейинчалик у иштирокида қатор фильмлар суратга олинди», — дейди Сарвар Каримов.

«Ростлик ёхуд Веритининг маҳфий кундалиги» ва «Spa Weekend»

«Ростлик ёхуд Веритининг маҳфий кундалиги» — Энн Хэтэуэйнинг бу йилги бешинчи премьераси. Триллер жанридаги ушбу фильмда Дакота Жонсон ҳамда миллениалларга таниш Жош Хартнетт асосий ролларни ижро этишган. Бу ой, шунингдек, аёллар аудиториясига мўлжалланган «Spa Weekend» комедияси ҳам катта экранларга чиқди.

Ҳоррорлар

«Оскар» соҳибаси Жессика Честейн бош ролни ижро этган «Ўгай она» фильми шу ой намойиш этилади. Хоррор ишқибозлари учун яна бир фильм — «Арахнид» ҳам катта экранларга чиқади.

«Ўргимчаклардан қўрқасизми? Кўпқаватли уйда яшовчи қўшнилар карантинга ёпилиб, минглаб заҳарли ўргимчаклар билан яккама-якка қолишган мажбур бўлади. Бунга бир одам чет эл сафаридан қайтиб, сумкасида ўзи билмаган ҳолда заҳарли ўргимчак олиб келгани сабаб бўлади. Ўргимчаклар кўпайиб, мажмуани эгаллай бошлайди. Ҳукумат эса ўргимчаклар бутун мамлакат бўйлаб тарқалишини олдини олиш мақсадида бинони карантинга тиқиб қўяди. Ҳеч нимани эслатмаяптими?», — дейди Сарвар Каримов.

«Якуний манзил: 13-кўприк»

Индонезия ҳоррори мухлислари учун бу ой «Tumbal Proyek» (ўзбекчада «Лойиҳа қурбони», русчада «Пункт назначения: Мост №13») деб номланган фильм намойиш этилмоқда. Табиийки бу фильмнинг «Якуний манзил» — «Пункт назначения» франшизасига ҳеч қандай алоқаси йўқ.

«Шунчаки кўпроқ одам кинотеатрга келсин, деб картина номи шундай таржима қилинган. Сюжетга кўра, улкан кўприк қурилиши жараёнида жуда кўпчилик бахтсиз тасодиф туфайли ҳалок бўлади. Лекин бу чиндан ҳам бахтсиз тасодифми ёки ёзув инсу-жинсларнинг найрангими?», — дейди Сарвар Каримов.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *