• Ср. Ноя 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Зеленскийнинг ўрнини ким эгаллаши мумкин? Тўрт эҳтимолий номзод


АҚШ президенти Дональд Трамп Украинада раҳбариятни алмаштириш кераклигини айтиб, президент Владимир Зеленскийни яна танқид қилди. Унинг баёноти Украинада президентлик сайловлари қачон ўтказилиши ва Зеленскийнинг ўрнини ким эгаллаши ҳақида муҳокамаларни кучайтирди.

Трамп Зеленскийни сайловлардан қочиш учун урушдан фойдаланаётганликда айблади. Россия эса унинг президентлик ваколатларини қонуний деб ҳисобламайди.

Бунга жавобан Зеленский 11 октябрь куни Россия 60 кун давомида жангларни тўлиқ тўхтатишга рози бўлса, Украинада президентлик сайловларини ташкил этишга тайёрлигини билдирди. У мамлакат раҳбарини танлаш фақат Украина халқининг ваколатига киришини таъкидлади.

Украина қонунчилигига кўра, ҳарбий ҳолат даврида сайлов ўтказиш тақиқланган. Мамлакатда ҳарбий ҳолат 2022 йил февралида Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан буён амал қилмоқда. Расмийлар давом этаётган ҳужумлар шароитида сайловчилар хавфсизлигини таъминлаш қийинлигини айтмоқда.

Зеленскийнинг беш йиллик президентлик муддати 2024 йил май ойида якунланиши керак эди. Бироқ уруш сабаб навбатдаги сайловлар ўтказилмади ва у лавозимида қолди.

Украиналиклар Зеленскийнинг қайта сайланишини хоҳлайдими?

Зеленский узоқ вақт давомида аҳоли орасида юқори қўллаб-қувватловга эга бўлиб келган. Бироқ Киев халқаро социология институти (КИИС) октябрь ойида эълон қилган сўров натижалари украиналикларнинг унинг сиёсий келажагига муносабати ўзгараётганини кўрсатди.

Сўров қатнашчиларининг 53 фоизи Зеленский иккинчи муддатга номзодини қўймаслиги керак, деб ҳисоблайди. 2025 йил декабрда бундай фикрдагилар 46 фоизни ташкил этганди. Респондентларнинг 42 фоизи эса унинг қайта сайланишга уриниши тарафдори.

Шу билан бирга, украиналикларнинг аксарияти ҳозир сайлов ўтказилишини истамаяпти. Сўровда қатнашганларнинг 71 фоизи уруш давом этаётган бир пайтда сайлов ташкил этишга қарши чиққан.

Зеленский навбатдаги сайловда иштирок этиш-этмаслигини ҳозирча расман маълум қилмаган.

Украина президентининг атрофидаги амалдорлар билан боғлиқ коррупция можаролари ҳам унинг обрўсига таъсир кўрсатган. Мудофаа вазири Михаил Федоровнинг лавозимидан олиниши эса мамлакатнинг бир қатор шаҳарларида норозилик намойишларига сабаб бўлган.

Украинанинг “Рейтинг” социологик гуруҳи 3–5 октябрь кунлари ўтказган сўровда президентлик сайловларининг эҳтимолий иштирокчиларига бериладиган овозларни ўрганди. Хўш, Зеленский президентликдан кетса, унинг ўрнига даъвогарлик қилиши мумкин бўлган сиёсий арбоблар кимлар?

Валерий Залужний — Украина армиясининг собиқ бош қўмондони

Фото: “Украинска Правда”

Ҳозирда Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси лавозимида ишлаётган Валерий Залужний Зеленскийнинг асосий сиёсий рақибларидан бири сифатида кўрилмоқда.

Украина Қуролли кучларининг собиқ бош қўмондони “Рейтинг” гуруҳи сўровида Зеленскийдан кейинги ўринни эгаллаган. Респондентларнинг 20,2 фоизи президентлик сайловларида унга, 22,9 фоизи эса амалдаги президентга овоз беришини билдирган.

Залужний аҳолининг ишончини эгаллаш бўйича ҳам юқори кўрсаткичга қайд этган. Сўров иштирокчиларининг 64 фоизи унга ишонишини билдирган. Бу эса тадқиқотда қатнашган сиёсий арбоблар орасида энг юқори натижа.

Залужнийнинг президентликка номзодини қўйиши ҳақида кўплаб тахминлар тарқалган бўлса-да, у сайловда қатнашиш ниятини ҳозирча расман тасдиқламаган.

Кирилл Буданов — Украина президенти офиси раҳбари

Фото: Getty Images

Кирилл Буданов Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси (ГУР) раҳбари сифатида танилган. У 2026 йил бошидан буён президент Зеленский офисига раҳбарлик қилмоқда.

Илгари Буданов Россия томонидан бир неча бор суиқасдга учраганини айтган. Украина расмийларига кўра, 2023 йил охирида унинг рафиқаси Марианна оғир металлар билан заҳарланган.

Буданов президентликка номзодини қўйиш ниятини билдирмаган. У бу борадаги саволларга ҳам аниқ жавоб беришдан қочади.

“Рейтинг” гуруҳи сўровига кўра, респондентларнинг 6,7 фоизи Будановга овоз беришга тайёр. Шу билан бирга, иштирокчиларнинг 53 фоизи унга ишонишини билдирган.

Михаил Федоров — собиқ мудофаа вазири

Фото: Reuters

35 ёшли Михаил Федоров бир неча йил давомида Украинада дронлар соҳасини ривожлантириш билан шуғулланган ва бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган. 2026 йил январида у мудофаа вазири этиб тайинланган.

Бироқ орадан олти ой ўтиб, Федоров лавозимидан озод этилган. Унинг истеъфосига Зеленский, Федоров ва ўша пайтдаги Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский ўртасидаги келишмовчиликлар сабаб бўлгани айтилади.

Бу қарор Украинанинг бир қатор шаҳарларида норозилик намойишларига сабаб бўлган. Намойишчилар Федоровни мудофаа вазири лавозимига қайтаришни талаб қилган.

Кейинчалик Федоров уруш давом этаётганига қарамай, мамлакатда сайлов ўтказишнинг қонуний ва хавфсиз йўлини топишга чақирган. Унинг бу баёноти Зеленский ҳокимиятига уруш бошланганидан буён билдирилган энг жиддий ички сиёсий эътирозлардан бири сифатида баҳоланган.

Бироқ Федоровнинг сайлов ўтказиш ҳақидаги чақириғи унинг лавозимдан олинишига қарши чиққан намойишчилар орасида ҳам норозилик уйғотган. Айрим намойишчилар сайлов масаласини кўтариш ўрнига мудофаа тизимидаги ислоҳотларга эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаган.

“Рейтинг” гуруҳи сўровига кўра, украиналикларнинг 38 фоизи Федоровга ишонади. Респондентларнинг 7,6 фоизи эса президентлик сайловларида унга овоз беришга тайёрлигини билдирган.

Пётр Порошенко — Украинанинг собиқ президенти

Фото: “Интерфакс”

Пётр Порошенко 2014–2019 йилларда Украина президенти бўлган. Ҳозирда у мамлакат парламентида мухолифат депутати сифатида фаолият юритмоқда.

2014 йилда Майдан инқилоби деб аталган оммавий намойишлар натижасида Виктор Янукович ҳокимиятдан четлатилгач, Порошенко президент этиб сайланган. Дастлаб катта қўллаб-қувватловга эга бўлган Порошенконинг халқ орасидаги обрўси кейинчалик пасайган. Бунга унинг коррупсияга қарши курашиш, олигархлар таъсирини камайтириш ва Россия билан можаро оқибатларини бартараф этишда кутилган натижаларга эриша олмагани сабаб сифатида кўрсатилган.

2021 йил охирида Украина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари Порошенкони давлатга хиёнат қилиш ва мамлакат шарқидаги Россияпараст сепаратист кучларни молиялаштиришга кўмаклашишда айблаган. Собиқ президент бу айбловларни рад этиб, иш сиёсий сабабларга кўра қўзғатилганини билдирган.

“Рейтинг” гуруҳи сўровида респондентларнинг 7,6 фоизи Порошенкога овоз беришга тайёрлигини айтган. Бироқ унга бўлган ишонч даражаси анча паст: иштирокчиларнинг 24 фоизи унга ишонишини, 70 фоизи эса ишонмаслигини билдирган.

Украинада сайловлар қачон ўтказилиши мумкин?

Ҳозирча Украинада президентлик сайловлари санаси белгиланмаган. Зеленский сайлов ўтказишга тайёрлигини билдирган бўлсада, бунинг учун камида 60 кунлик тўлиқ сулҳ зарурлигини таъкидламоқда.

Кремль эса Украинада сайлови ўтказилишга шароит яратиш учун 60 кунлик сулҳга рози бўлмаслигини билдирган. Россия президенти Владимир Путин фақат сайлов ўтказиладиган куни Украинага зарба бермаслик ҳақида буйруқ чиқаришга тайёр, деди Кремль матбуто котиби Дмитрий Песков.

Сайловни ташкил этишда хавфсизликдан ташқари, фронтда хизмат қилаётган ҳарбийлар, мамлакатни тарк этган миллионлаб украиналиклар ва Россия назоратидаги ҳудудлар аҳолисининг овоз беришини таъминлаш масаласи ҳам мавжуд.

Сўров натижалари Зеленскийнинг сиёсий рақиблари борлигини кўрсацада, эҳтимолий номзодларга билдирилган қўллаб-қувватлов сайлов натижаси дегани эмас. Қолаверса, украиналикларнинг аксарияти ҳозирги шароитда сайлов ўтказилишига қарши.

Шу сабабли Зеленскийнинг ўрнини ким эгаллаши мумкинлиги ҳақидаги савол очиқлигича қолмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *