Шавкат Мирзиёев иссиқхоналар фаолиятига “яшил” технологияларни жорий қилиш ва уларнинг экологик хавфсиз фаолият юритишини таъминлаш юзасидан тақдимот билан танишди.
Тақдимотда Тошкент шаҳри ва унга туташ бешта тумандаги иссиқхоналар учун “яшил” технологияларга асосланган махсус экологик тартиб жорий этиш таклиф қилинди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Унга кўра, иссиқхоналарни иситишда табиий газ, электр энергияси, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр стансияларининг иккиламчи иссиқлигидан фойдаланишга рухсат бериш кўзда тутилмоқда. Шина, пластмасса, битум, мазут, ишлатилган мой ва чиқиндиларни ёқишга эса йўл қўйилмайди. Қаттиқ ёқилғида ишлаётган иссиқхоналарга 2026 йил 1 декабргача экологик тоза энергия манбаларига ўтиш таклиф қилинади.
Шу билан бирга, қатъий техник талабларга жавоб берадиган иссиқхоналарга қаттиқ ёқилғидан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин. Бунинг учун ёқилғи ёпиқ жойда сақланиши, автоматлаштирилган қозонлар ва самарали чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилиши керак. Бундан ташқари, кул ва шлакни хавфсиз йиғиш учун шароит, захира генератори мавжуд бўлиши ҳамда тутун мўриси белгиланган минимал баландлик талабларига жавоб бериши лозим.

Фото: Президент матбуот хизмати
Тақдимотда қайд этилишича, куз-қиш мавсумида шамолнинг сустлашиши ва ҳарорат инверсияси сабабли иссиқхоналардан чиқадиган зарарли моддалар Тошкент ва унинг атрофида тўпланиши мумкин. Шу сабабли 2026 йил 15 октябрдан 2027 йил 15 мартгача иссиқхоналарда доимий экологик мониторинг олиб бориш белгиланган.
Мониторинг давомида чанг-газ тозалаш ускуналарининг ишлаши, атмосферага чиқарилаётган ташламалар миқдори ва ёқилғи турларига қўйилган талабларга риоя этилиши назорат қилинади. Ўлчов ускуналари ва видеокузатув воситаларидан олинган маълумотлар Экология қўмитасининг ахборот тизимига реал вақт режимида узатилади. Назорат жараёнида дронлардан ҳам фойдаланилади, жамоатчилик вакиллари жалб этилади.

Фото: Президент матбуот хизмати
Агар иссиқхоналарда чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилмагани, зарарли ташламалар белгиланган меъёрдан ошгани ёки тақиқланган ёқилғидан фойдаланилгани аниқланса, тегишли чоралар қўлланилади. Зарур ҳолларда хўжалик фаолияти тўхтатилади.
Аввалроқ Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги иссиқхона хўжаликлари вакиллари экологик талабларга риоя қилган ҳолда фаолиятини давом эттириш, жумладан, замонавий иситиш қозонлари ва филтрлаш тизимларини ўрнатиш шарти билан кўмирдан фойдаланишга рухсат беришни таклиф қилгани ҳақида хабар берилганди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумотига кўра, иссиқхона эгалари Хитой технологиялари асосида тайёрланган иситиш қозони ва филтрлар тизимининг тажриба намунасини тақдим этган. Бироқ 30 сентябрь ва 8 октябрь кунлари ўтказилган синовларда ушбу ускунадан чиқаётган зарарли моддалар миқдори белгиланган хавфсизлик меъёрларига мос келмагани аниқланган.
Шундан сўнг иссиқхона хўжаликлари вакилларига филтр тизимини такомиллаштириш ва қайта синовдан ўтказиш вазифаси қўйилган. Қўмита экологик хавфсиз иситиш тизимлари билан жиҳозланмаган иссиқхоналарнинг пойтахт минтақасида фаолият юритишига қўйилган тақиқ сақланиб қолишини билдирган.
