Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев 13 октябрь куни Пискент тумани ҳокими Музаффар Ариповга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисида фармойиш имзолади.
Аввалроқ тумани ҳокими фермерларни ҳақоратлаб, картошка экмаса ерларини тортиб олиш ва «жонини суғуриб олиш» билан таҳдид қилгани айтилган ауди тарқалганди. Туман ҳокимлиги эса муомала шакли ноўрин бўлганини тан олиб, буни картошка экиш бўйича режа бажарилмагани билан изоҳлаган.
Фармойишга кўра, Музаффар Арипов давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмагани ҳамда давлат хизматчисининг касб этикасини бузгани учун унга ҳайфсан берилган.
Интизомий жазо қўллашга Одоб-ахлоқ комиссиясининг баёни, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 10 октябрдаги тақдимномаси ҳамда Ариповнинг тушунтириш хати асос бўлган.
Юқоридаги ҳолатдан сўнг Фермерлар кенгаши прокуратурага мурожаат қилган, Бизнес омбудсман эса суриштирув бошлагани хабар қилинган.
Ўхшаш бошқа кейслар
Сурхондарё вилояти Музработ тумани ҳокими Абдулла Маматқуловнинг ҳам ғалла планини бажармаган фермерларни ҳақоратлаб, таҳдид қилгани акс этган ауди тарқалганди. «Ёпмасанг, тиқиб юбораман… Эй, қўзичоқ, ёп, тушундингми?», — дейилади унда.
Кейинчалик Антикоррупция агентлиги тақдимномасидан сўнг вилоят ҳокимлиги томонидан одоб-ахлоқ қоидаларини бузган туман раҳбарига ҳайфсан берилган.
Фарғонада эса Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаровнинг фермерлар билан ўтказилган йиғилишда ахлоқ қоидаларига зид ҳаракатлар қилгани ва уларни ҳақоратлаб, ерини топширишни талаб этгани акс этган аудио тарқалганди. Антикоррупция агентлиги тақдимномасидан сўнг унга ҳам ҳайфсан берилган.
Бундан ташқари, тармоқларда Нурафшон шаҳри ёшлар ишлари бўлими раҳбари Миркарим Аҳмаджоновнинг маҳалла етакчиларини ҳақоратлагани акс этган аудио тарқалган. Хизмат текширувидан сўнг айбини тан олган мулозим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Gazeta аввалроқ инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳамда сиёсатшунос Фарҳод Толипов билан мансабдорларнинг фуқаролар билан қўпол муносабатда бўлиши инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан қандай баҳоланиши, улар одамлар билан коммуникацияни қандай йўлга қўйиши кераклиги каби саволларга жавоб излашга уринганди.