Буюк Британиянинг МI5 контрразведка хизмати бош директори Кен Маккаллум 13 октябрь куни қилган чиқишида Россия хорижий давлатлар таҳдидлари орасида ҳалигача “биринчи рақамли тажовузкор” бўлиб қолаётганини айтди. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Маккаллум МI5 ҳозирда давлат таҳдидларига қарши курашиш учун Совуқ уруш давридагидан ҳам кўпроқ ресурс ажратаётганини маълум қилди.
“Россия ҳарбийлари ва разведка хизматлари гибрид уруш олиб боришга яна фаол ҳаракат қилмоқда. Лекин улар НАТОнинг 5-моддаси чегарасидан ўтмасликка ҳаракат қилмоқда. Бу чегарадан ўтиш улар учун аҳмоқлик бўларди”, деди у.
Сўнгги ойларда бир қанча давлатлар, жумладан, Германия ва Эстония Москвани Европа ҳудудидаги гибрид ҳужумларда айблади. Август ойида Берлин Лейпциг/Ҳалле аэропортидаги дрон ҳужумида Россияни айблаган бўлса, Таллин Россия махсус хизматлари Милрем Роботиcс мудофаа компаниясига ўт қўйишни буюрганини билдирди.
Маккаллумнинг сўзларига кўра, бундай ҳодисалар Россиянинг Европа мамлакатларида беқарорлик келтириб чиқариш режасининг бир қисмидир. Айни пайтда, Россия 2022 йил февраль ойида Украинага қарши бошлаган урушини ҳамон давом эттирмоқда.
МI5 раҳбари Россия гибрид таҳдидларининг ортишига унинг Украинадаги ҳарбий муваффақиятлари “жуда кам ва ниҳоятда қимматга тушаётгани” сабаб бўлганини айтди. Шу сабабли Россия ҳужумларни амалга ошириш учун воситачиларга мурожаат қилмоқда.
“Украинага босқин бошланганидан бери қарийб 1000 нафар россиялик жосус мамлакатлардан чиқариб юборилди. Шундан сўнг Кремлнинг анъанавий хуфиёна имкониятлари кескин камайди. Шунинг учун улар ўз топшириқларини бажариш учун жиноятчиларга пул тўлашга мажбур бўлмоқда”, деди у.
Британия бош вазири Энди Бeрнем Россиянинг огоҳлантиришларига қарамай, Лондон Украинани 100 фоиз қўллаб-қувватлашда давом этишини айтган. Ўтган ҳафтада Бeрнем Киев билан ҳар тарафлама бирга эканини яна бир бор таъкидлади ва ҳукумати Россияга қарши санксияларни янада кучайтиришини айтди.
Эрон таҳдиди
Маккаллум ўз нутқида Эрон ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. У Эронни Буюк Британиядаги зўравонликларни амалга ошириш учун учинчи томонларни ёллаётган ва гибрид кампаниясини кенгайтиришга уринаётган яна бир давлат деб атади.
“Бугун биз Эроннинг ниятларига гувоҳ бўлишда давом этяпмиз. Улар жиноятчи проксилар орқали мухолифатчилар, форсий ОАВ ташкилотлари ва Исроил обектларига қўрқитиш ва босим ўтказишга уринмоқда”, деди у.
Маккаллумнинг сўзларига кўра, ўтган бир йил давомида Эрон билан боғлиқ операциялар сабаб 50 дан ортиқ киши қўлга олинган. У тажовузнинг аксарият қисми Британиядаги яҳудийлар жамоаларига қаратилганини айтди. Шунингдек, Эрон ҳарбий обектлар каби “жиддийроқ нишонларга” ҳам ҳужум қилишни кўзлаётгани таъкидланди.