Композитор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Феликс Янов-Яновский 12 октябрь куни Тошкентда 92 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси хабар берди.
Феликс Янов-Яновский 1934 йилда Тошкентда туғилган. 1957 йилда Тошкент давлат консерваториясини Наум Бронфман синфида скрипка йўналиши бўйича, 1959 йилда эса Борис Надеждин синфида композиция йўналиши бўйича тамомлаган.
У талабалик йилларидаёқ мусиқачи сифатида иш бошлаган. Драма театри оркестрида, Давлат симфоник оркестрида ҳамда Ўзбек радиосининг торли квартетида чалган.
1961 йилдан Янов-Яновский Тошкент консерваториясида дарс берган. 1988 йилда профессор унвонини олган ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвонига сазовор бўлган.
Бастакорлар уюшмаси маълумотига кўра, Янов-Яновскийнинг ижодий меросига тўққизта опера, тўртта балет, бешта симфония, инструментал концертлар, камер, вокал ва хор асарлари киради. Унинг ишлари орасида «Оркестр» ва «Аккомпаниатор» опералари, «Урашима Таро» балети ҳамда «Реквием» бор. Шунингдек, у 60 та фильмга, жумладан, «Меҳрибон ёмғир ёғади» номли машҳур мультфильмга ва 15 та театр спектаклига мусиқа ёзган.
Композиторнинг асарлари Буюк Британия, Германия, Франция, АҚШ, Япония ва бошқа мамлакатларда ижро этилган. Унинг мусиқаси бир қатор халқаро танлов ва фестивалларда мукофотларга сазовор бўлган.
Kultura.uz сайтида эълон қилинган таъзияномада мусиқашунос Инесса Гульзарова Янов-Яновский ижодининг кўп қиррали эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, композитор симфония ва опералардан тортиб камер мусиқаси ҳамда эстрада қўшиқларигача бўлган турли жанрларда ижод қилган, фольклор анъаналарини замонавий бадиий усуллар билан уйғунлаштирган.
«Феликс Маркович ноёб оҳанг ва ранглар муҳитини яратиш, тембр ҳамда интонациянинг энг майда жиҳатларигача эътибор беришдек ажойиб истеъдодга эга эди. Унинг мусиқасида ўзига хос фольклор анъаналари ва илғор бадиий тафаккур ҳайратланарли тарзда уйғунлашган. […] Феликс Марковичнинг ҳар бир асарида илдизлар, халқ донишмандлиги билан чуқур боғлиқлик сезилиб турар, улар янгича ғоялар ва жасур тажрибалар билан уйғунлашарди. У маданий тафовутлар ва географик чегаралардан қатъи назар, ҳар кимга тушунарли бўлган универсал тилни топа оларди», — деди Инесса Гульзарова.
Композитор Александр Пушкин, Оскар Уайльд, Эмиль Верхарн, Мацуо Басё, Федерико Гарсиа Лорка ва бошқа шоир ҳамда ёзувчилар асарларидан илҳом олган.
Гульзарова унинг бир неча авлод мусиқачиларини тарбиялашдаги ўрнини алоҳида қайд этди.
«Унинг педагогик фаолияти бастакорлик фаолиятидан кам аҳамиятга эга эмас эди», — деб ёзди мусиқашунос. Унинг таъкидлашича, Феликс Янов-Яновский талабаларга ўз ижодий қиёфасини ривожлантириш ва мусиқий услубини топишда ёрдам берган.
Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси композиторнинг оиласи, яқинлари, шогирдлари ва ҳамкасбларига ҳамдардлик билдирди.