E-auksion маълумотларига кўра, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги UzXCMG қўшма корхонаси устав фондидаги давлатнинг 49,07 фоиз улуши электрон савдога қўйилди.
Корхона кон саноати ва ерости ишлари учун техника ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Давлат улушининг бошланғич нархи 140,53 млрд сўмни ташкил этади. Савдода қатнашиш учун закалат миқдори — 4,22 млрд сўм, яъни бошланғич нархнинг 3 фоизи.
Аукцион 19 октябрь куни соат 10:00 да ўтказилади. Иштирок этиш учун аризалар шу куни соат 9:00 гача қабул қилинади. Савдолар нархни ошириб бориш тартибида ўтади. Аукцион қадами бошланғич нархнинг 1 фоизи — тахминан 1,41 млрд сўм этиб белгиланган.
Завод Урганч шаҳридаги Саноатчилар кўчасида жойлашган. Ер участкаси майдони 5,99 гектар. Ҳужжатларга кўра, бино ва иншоотлар майдони 23 минг квадрат метр, амалдаги майдон эса 24,4 минг квадрат метрни ташкил этади.
Сотиш шартлари
Эълонда айтилишича, харидор корхонанинг устав капиталидаги давлат улушини унинг барча кредиторлик ва дебиторлик мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда сотиб олади.
Инвесторларга тўловнинг бир нечта усули таклиф этилган.
Савдо шартларига кўра, дастлаб харид қийматининг 15 фоизини 30 календарь кун ичида тўлаш керак. Қолган суммани қонунчиликда белгиланган муддатларда фоизсиз бўлиб тўлаш мумкин.
Қиймати 23 минг базавий ҳисоблаш миқдоридан юқори бўлган давлат активлари учун қўшимча шартлар белгиланган:
- Харидор олти ой ичида қийматнинг 50 фоизини тўласа, қолган суммани етти йилгача фоизсиз бўлиб тўлаши мумкин.
- Актив қиймати олти ой ичида тўлиқ тўланса, умумий суммадан 25 фоиз чегирма берилади.
Шунингдек, бўлиб тўлаш шарти билан сотилаётган давлат активи қийматининг камида 35 фоизини бир йўла тўлаган харидор уни кредит олиш учун гаровга қўйиши мумкин.
Заводнинг молиявий ҳолати
2025 йилда UzXCMG молиявий кўрсаткичларини ўтган йилга нисбатан яхшилади.
Корхонанинг умумий даромади 424,1 млрд сўмдан 502,4 млрд сўмга, соф тушуми эса 416,6 млрд сўмдан 481,4 млрд сўмга ошди.
Завод 2024 йилни 1,47 млрд сўм соф зарар билан якунлаган бўлса, 2025 йилда 29,95 млрд сўм соф фойда олди. Бироқ 2026 йилнинг биринчи чорагида корхона яна 1,39 млрд сўм зарар кўрди.
2026 йил 1 апрель ҳолатига кўра, корхонанинг кредиторлик қарзи 248,34 млрд сўм, дебиторлик қарзи эса 154,72 млрд сўмни ташкил этган. Уларнинг ўртасидаги фарқ 93,63 млрд сўмга етган.
Завод активларининг умумий қиймати биринчи чоракда ошиб, 2025 йил охиридаги 301 млрд сўмдан 418,8 млрд сўмга етди.
Корхона паспортига кўра, заводда 159 киши ишлайди.
Ўзбек-хитой қўшма корхонаси UzXCMG 2014 йилда Урганчда фаолият бошлаган. Унинг таъсисчилари «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси ва Хитойнинг Xuzhou Construction Machinery Group (XCMG) компанияси бўлган.
Корхона гидравлик экскаваторлар, қурилиш ва махсус техника ишлаб чиқариш, шунингдек, уларга техник хизмат кўрсатишга ихтисослашган.
Заводнинг давлат улушини сотиш 2023 йилдан бери режалаштирилган. Ўшанда у давлат активларини хусусийлаштириш дастурига киритилган эди.
