• Ср. Ноя 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Янги уруш хавфи: Эфиопия Эритрея билан чегарага қўшин жойлаштирди



Эфиопия ҳукумати қўшинлари Эритрея билан чегарадаги шаҳарчага томон илгарилади. Бу жой илгари тиграйлик исёнчилар назоратида бўлган. Reuters’нинг ёзишича, бу Африка Шохи минтақасидаги қўшни давлатлар ўртасида уруш келиб чиқаётганидан далолат беради.

Гувоҳлар ҳамда низоларни кузатиш хизмати маълумотларига кўра, ўтган ҳафтада Эритрея қўшинлари исёнчиларни қўллаб-қувватлаш учун Эфиопиянинг энг шимолий нуқтаси яқинидаги Заламбесса шаҳрига кирган. Бироқ 13 октябрь куни у ерда Эритрея ҳарбийлари ёки исёнчилар ҳамон қолаётгани ёки йўқлиги номаълум бўлиб қолмоқда.

Асмара (Эритрея пойтахти) Эфиопия ҳудудига бостириб кирганини рад этди ва БМТдан мамлакатни тийиб туриш учун чоралар кўришни сўради. Эритрея томони Эфиопиянинг “Эритрея кучлари бостириб кирди” деган айбловларини уруш эълон қилиш деб баҳолади.

Сентябрь ойида “Тиграй халқ озодлик фронти” (TPLF) бошчилигидаги исёнчилар алянси ҳужумга ўтгач, Эфиопияда яна қуролли тўқнашувлар бошланди. Бу ҳолат 2020–2022 йилларда юз минглаб одамларнинг ёстиғини қуритган урушни қайта алангалатди.

Ҳозирда Аддис Абеба ва Асмара яна қарама-қарши томонларда турибди. Минтақанинг бошқа ҳудудларида ҳам низолар давом этмоқда, Қизил денгизда вазият таранглашган. Шу сабабли бу гал зўравонлик кўлами янада кенгайиб кетишидан хавотирлар бор, дейилади хабарда.

Эфиопия ҳукуматининг қарши ҳужуми исёнчиларни бир қанча шаҳарлардан сиқиб чиқарди ва уларни шимолга чекинишга мажбур қилди. Олти нафар манбага кўра, 13 октябрга келиб армия Эфиопия ва Эритрея чегарасида жойлашган, тахминан 15 минг аҳолиси бўлган Заламбесса шаҳрига етиб борган.

Эфиопия ҳарбийлари ва бош вазир Абий Аҳмаднинг матбуот хизмати вакиллари изоҳ бериш сўровларига жавоб қайтармади.

БМТга юборилган қарама-қарши хатлар

Кўп йиллик низолардан сўнг, Эфиопия ва Эритрея 2018 йилда тинчлик шартномасини имзолаган эди. Эритрея 2020–2022 йиллардаги Тиграйдаги фуқаролар урушида Эфиопия федерал ҳукуматини қўллаб-қувватлаган. Аммо шундан берии икки мамлакат муносабатлари яна кескинлашди.

Эфиопия Эритрейни исёнчиларни қўллаб-қувватлашда айблади. У БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзоларига мактуб йўллаб, Эритрея қўшинлари Эфиопия ичкарисига 60 километргача кириб борганини билдирди.

Эритрея ташқи ишлар вазири Усмон Солиҳ эса Хавфсизлик Кенгашидан Эфиопияга қарши чора кўришни сўради. Reuters кўриб чиққан мактубда мамлакат БМТ Низомининг ВИИ бобига мурожаат қилган. Бу боб санксиялардан тортиб ҳарбий чоралар қўллашгача бўлган имкониятларни назарда тутади.

Хавфсизлик Кенгашига раислик қилаётган Греция томонининг маълум қилишича, 13 октябрь куни Кенгаш аъзолари Африка Шохидаги вазият бўйича ёпиқ мажлис ўтказиши керак.

Денгизга чиқиш йўли масаласи ҳам икки мамлакат муносабатларини таранглаштирмоқда. Эфиопия 1993 йилда Эритрея ундан ажралиб чиқиб, мустақиллик эришгунга қадар ўнлаб йиллар давомида денгиз бўйига чиқиш имкониятига эга эди. Эфиопия денгизга чиқиш йўлини тиклаш ҳаётий аҳамиятга эга масала эканини таъкидламоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *