Ўзбекистонлик шифокор Тошкентдан Сеулга учаётган самолётда аҳволи кескин ёмонлашган аёлнинг ҳаётини сақлаб қолди. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги воқеа ҳақида хабар берди.
Ҳодиса 11 октябрь куни Тошкент — Сеул йўналишидаги HY511 рейсида юз берган. Самолётда бўлган шифокор Ҳасан Камилов экипаж билан биргаликда аёлга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатган.
ССВ маълумотига кўра, Ҳасан Камилов Самарқанд шаҳридаги хусусий клиника раҳбари, оториноларинголог, Тошкент давлат тиббиёт университети изланувчиси ҳисобланади. У айни пайтда Жанубий Кореянинг Чунгбук университетида малака оширмоқда.
Шифокорнинг айтишича, парвоз вақтида экипаж аъзолари йўловчилар орасидан тиббий ёрдам кўрсата оладиган мутахассис бор-йўқлигини сўраган. Камилов ҳушсиз ётган аёлни кўриб, дарҳол унинг ёнига борган.
Унинг сўзларига кўра, аёлнинг қон босими ва пульси аниқланмаган. У шок ҳолатида бўлган, танаси кўкариб, совиб кетган. Шифокор ўзи билан олиб юрадиган дори-дармонлардан, шунингдек, экипаж тақдим этган кислород ниқоби ва тиббий воситалардан фойдаланиб, аёлга шошилинч ёрдам кўрсатган.
«Биргалашиб беморга тез ёрдам муолажаларини ўтказдик. 10 минг метр баландликда 10−15 дақиқада бемор ўзига кела бошлади», — деди Ҳасан Камилов ССВга берган интервьюсида.
Шифокорнинг айтишича, шундан сўнг у экипажга самолётни қўндирмасдан, парвозни давом эттириш мумкинлигини билдирган. У бир соат давомида аёлга ёрдам кўрсатишда давом этган.
«Бу ҳолат шифокор учун қаҳрамонлик эмас, бу бизнинг ҳар куни қилаётган машаққатли меҳнатимиз», — деди Камилов.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси шифокорга қийин вазиятда ёрдамга келгани ва касбий маҳорати учун миннатдорчилик билдирди. Компания, шунингдек, тезкор ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилган экипаж аъзоларини ҳам эътироф этди.
Ҳасан Камиловнинг сўзларига кўра, воқеадан кейин Жанубий Кореядаги клиника раҳбарлари уни табриклай бошлаган. У ҳозир ҳам Кореяда ўқишда давом этмоқда.