Австралиянинг Qantas авиакомпанияси бортда тўшак қандаласи (тахтакана деб ҳам аталади) аниқлангани сабаб Римдан Перт шаҳрига режалаштирилган парвозни бекор қилди. Аввалги рейс йўловчилари ҳашаротлар чақишидан шикоят қилган, деб ёзмоқда BBC News.
Ҳодиса Qantas’нинг Boeing 787 Dreamliner самолётида юз берган. 9 октябрь куни Римга келиб қўнган йўловчилар парвоз вақтида уларни ҳашаротлар чаққанини билдирган. Борт кузатувчилари айрим йўловчиларга қичишишни камайтириш учун аллергияга қарши дорилар берган. Бироқ дорилар захираси тугаб қолган.
Самолёт текширилгач, экономклассдаги бир нечта ўриндиқда тахтаканалар аниқланган. Шу сабабли самолёт вақтинча парвозлардан четлатилиб, махсус тозалаш ва дезинфексия қилишга юборилган.
Авиакомпания бекор қилинган рейс йўловчиларини меҳмонхоналарга жойлаштирган ва уларнинг чипталарини бошқа рейсларга алмаштирган. Qantas маълумотига кўра, барча йўловчилар 48 соат ичида сафарини давом эттира олган.
Ҳашаротлар самолётга қандай кириб қолгани номаълум. Тахминларга кўра, улар йўловчиларнинг кийимлари ёки юклари орқали олиб кирилган бўлиши мумкин. Qantas самолётлар мунтазам тозаланиши ва дезинфексия қилинишини таъкидлаган.
Тўшак қандалалари — қаноциз, майда паразит ҳашаротлар бўлиб, кийим-кечак, мебел ва кўрпа-тўшакларда яшаши мумкин. Уларнинг чаққанда тери қичишиши мумкин, бироқ бу одатда соғлиқ учун жиддий оқибатларга олиб келмайди.
Шунга қарамай, ушбу ҳашаротлардан қутулиш қийин ва қимматга тушиши мумкин. Уларни йўқотиш учун кийим-кечак, чойшаб ва пардалар каби буюмлар юқори ҳароратда ювилиб, қуритилади. Яна бир усул — буюмларни пластик пакетларга солиб, уч-тўрт кун музлатиб қўйиш.
2025 йилда Туркиянинг Turkish Airlines авиакомпанияси самолётларида ҳам қандала аниқлангани ҳақида бир неча бор хабар берилган. Ўшанда авиакомпания муаммога қарши етарли чора кўрмагани учун танқид қилинган.