Самарқанд вилоятида 28 сентябрдан бошлаб оғир ва даволаб бўлмайдиган касалликларга чалинган болалар учун мобил паллиатив ёрдам хизмати ўз фаолиятини бошлади, деб хабар берди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги.
Бригада таркибига тиббиёт мутахассислари, ижтимоий ходимлар ва психологлар киради. Уларнинг асосий вазифаси — болаларга уйда ёрдам кўрсатиш, оғриқ ва касаллик симптомларини енгиллатиш, болалар ҳамда уларга қараётган яқинлари учун индивидуал ёрдам режаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, ота-оналарга парваришлаш кўникмаларини ўргатишдан иборат.
Агентлик маълумотларига кўра, ҳудудда махсус ёрдамга муҳтож бўлган 300 дан ортиқ бола аниқланган.
«Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ҳар бир бола учун индивидуал кейс очади ва зарур ижтимоий хизматлар ҳамда реабилитациянинг техник воситаларини, жумладан, мослаштирилган ногиронлар аравачалари, вертикализаторлар, функционал койкалар ва ётоқ яраларининг олдини олишга мўлжалланган матрасларни олишга ёрдам беради.
Агентлик видеосида ходимлардан бири мобил бригада ҳар куни 8 тадан 12 тагача хонадонга ташриф буюришини айтиб ўтган.
«Кўп ҳолларда одамлар умидини йўқотишади, бола энди тўшакка михланиб қолган ва ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди, деб ўйлаб, ёрдамдан бош тортишга ҳаракат қилишади», — дейди у.
Оғир касалликка чалинган болаларнинг яқинлари кўп вақт ва куч талаб этадиган парваришлашдаги қийинчиликлар ҳақида сўзлаб берган. Улардан бири болани даволатиш учун автомобилини сотишга мажбур бўлганини таъкидлаган.
«Қулоғи эшитмайди, кўзчаси кўрмайди, ўтирмайди, гапирмайди — хуллас, ҳамма томонлама муаммоси бор. Лекин у ҳам бошқа болалар каби бола. У ҳам дунёни кўриши керак», — дейди оналардан бири.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева паллиатив ёрдам беморнинг бир ой ёки бир йил яшашига боғлиқ эмаслигини таъкидлади. «Биз уларни ҳар куни кузатиб борамиз ва ёрдам кўрсатамиз», — деди у.
«Боланинг ташхисини ўзгартиришга ожизмиз, аммо унинг ҳар бир кунини ўзгартириш ўз қўлимизда. Мақсадимиз — оилаларга боланинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ёрдамни уйда ёки ҳосписда олиш имкониятини яратиш. Мен учун ушбу лойиҳа нафақат тиббий ёрдам кўрсатиш, балки тузалмас хасталикка чалинган болаларга бўлган муносабатимизни ўзгартириш билан ҳам боғлиқ», — деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева.
«Хасталик боланинг имкониятларини чеклаши мумкин, аммо унинг тўлақонли ҳаёт кечириши учун қилаётган саъй-ҳаракатларимизни чекламаслиги керак. Болалар хосписининг ташкил этилиши билан бирга бундай болаларга бўлган муносабатимиз ҳам ўзгаришини жуда хоҳлайман», — дея қўшимча қилди у.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг маълум қилишича, параллель равишда Самарқанд вилоятида болалар ҳосписи қурилиши ҳам давом этмоқда. Режада мобил хизмат ва хосписни болаларга паллиатив ёрдам кўрсатиш ҳамда уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш ягона тизимининг бир қисмига айлантириш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Тошкентда Паллиатив ва ҳоспис ёрдами ассоциацияси очилган эди. Унинг бошқарув раиси Яҳё Зиёев мобил бригадаларни ишга тушириш ҳамда ҳоспислар фақат стационар бўлиши керак, деган концепциядан воз кечиш режалари ҳақида гапириб берганди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, келажакда бутун жараённи E-Palliative электрон платформаси орқали назорат қилиш режалаштирилган.
11 июнь куни президентга 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда тиббий ва ижтимоий хизматларни интеграция қилиш асосида паллиатив ва ҳоспис ёрдамини кўрсатиш бўйича ягона тизимни яратиш режалари тақдимот қилинганди. Режада ҳоспис муассасаларини босқичма-босқич барча ҳудудларда ташкил этиш, Тошкентдаги ҳудудлараро хосписни эса методологик бошқарув бўйича масъул муассаса этиб белгилаш кўзда тутилган эди.
Тошкент вилоятининг Қибрай туманида катталар учун 50 ўринли ҳоспис ташкил этиш режалаштирилганди. Уни 2019 йилда очиш мўлжалланган, аммо маблағ етишмовчилиги сабабли лойиҳа ҳар йили ортга сурилиб келаётганди. Муассаса биринчи чорак охирида иш бошлаши кутилган, кейинроқ бу муддат июль ойига кўчирилган.