Сунъий интеллектдан зарарли мақсадларда фойдаланиш ва ядро уруши инсониятнинг бутунлай йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда нуфузли The Lancet тиббиёт журнали ҳузуридаги халқаро экспертлар комиссияси эълон қилган тадқиқотда айтилади. Олимлар 2100 йилгача инсоният саломатлиги ва ҳаётига энг катта хавф туғдириши мумкин бўлган 17 та таҳдидни аниқлаган.
Тадқиқот натижалари 11 октябрь куни Германиянинг Берлин шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш саммитида тақдим этилди. 37 нафар мутахассисдан иборат комиссияга Вашингтон университетининг Соғлиқни сақлаш кўрсаткичлари ва баҳолаш институти директори Кристофер Мюррей ҳамда Наталя Канем раҳбарлик қилди.
Олимлар юзлаб эҳтимолий хавфларни ўрганиб, 2025–2100 йиллар оралиғида уларнинг инсон саломатлигига қанчалик зарар етказишини ва тегишли чоралар орқали бу зарарнинг қанча қисмини бартараф этиш мумкинлигини ҳисоблаб чиққан.
Бунинг учун DALY деб аталадиган кўрсаткичдан фойдаланилган. У касаллик, ногиронлик ёки бевақт ўлим туфайли йўқотиладиган соғлом ҳаёт йилларини англатади.
Масалан, бир киши касаллик сабаб одатдагидан 10 йил олдин вафот этса, бу 10 йил йўқотилган соғлом умр сифатида ҳисобланади. Касаллик билан яшаган йиллар ҳам ушбу кўрсаткичга қўшилади.
Инсониятни йўқ қилиши мумкин бўлган икки хавф
Комиссия 17 та таҳдиддан иккитасини инсониятнинг бутунлай йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкин бўлган хавфлар сифатида баҳолаган. Булар — ядро уруши ва сунъий интеллектдан зарарли мақсадларда фойдаланиш.
Мутахассисларнинг фикрича, иккала ҳодисанинг юз бериш эҳтимоли ҳозирча паст. Бироқ улар рўй берса, оқибатлари қайтариб бўлмас даражада оғир бўлиши мумкин.
Ядро уруши натижасида атмосферанинг юқори қатламларига катта миқдорда тутун ва майда заррачалар кўтарилиши мумкин. Улар Қуёш нурларининг Ер юзасига етиб келишини камайтиради. Натижада сайёра совиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш кескин қисқариши ва бутун дунёда озиқ-овқат танқислиги юзага келиши мумкин. Олимлар бу ҳодисани ядро очарчилиги деб атайди.
Сунъий интеллект эса, масалан, биологик қурол яратиш учун ишлатилиши мумкин. Бу хавфли касаллик қўзғатувчиларини ишлаб чиқиш ва улардан зарарли мақсадларда фойдаланиш имкониятини оширади.
Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, сунъий интеллектдан ёвуз мақсадда фойдаланиш хавфини камайтириш орқали 2100 йилгача 10,4 миллиард йиллик соғлом умр йўқотилишининг олдини олиш мумкин.
Ядро урушига йўл қўймаслик эса 133 миллион кишининг ҳаётини сақлаб қолиши ва 9,35 миллиард йил соғлом умр йўқотилишига чек қўйиши мумкин.
Энг катта зарар семириш билан боғлиқ бўлиши мумкин
Қолган 15 та хавфни олимлар инсоният саломатлиги учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган таҳдидлар сифатида баҳолаган. Уларнинг ҳар бири 2100 йилгача бир миллиард йилдан ортиқ соғлом умр йўқотилишига сабаб бўлиши мумкин.
Ҳисоб-китобларга кўра, олдини олса бўладиган энг катта хавф семириш билан боғлиқ. У 2100 йилгача 23,1 миллиард йил соғлом умр йўқотилишига олиб келиши мумкин. Бу тахминан 46 та COVID-19 пандемиясидан кўрилган зарарга тенг.
Бошқа хавфлар
Кейинги ўринларда таълим даражасининг пастлиги ва даромадлар тенгсизлиги туради. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, таълим имкониятларини яхшилаш 16,1 миллиард йил, даромадлар тенгсизлигини камайтириш эса 13,8 миллиард йил соғлом умр йўқотилишининг олдини олиши мумкин.
Тадқиқотда яна қуйидаги хавфлар қайд этилган:
-
ҳаво ифлосланиши ва иқлим ўзгариши;
-
микробларнинг антибиотикларга чидамлилиги;
-
болалар орасида тўйиб овқатланмаслик;
-
қуролли можаролар ва табиий равишда юзага келадиган пандемиялар;
-
спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ва чекиш;
-
юқори қон босими ва руҳий саломатлик муаммолари;
-
кексайиш билан боғлиқ соғлиқ муаммолари;
-
соғлиқни сақлаш соҳасига халқаро ёрдамнинг қисқариши.
Олимларнинг умумий ҳисоб-китобларига кўра, ушбу 17 та хавфни камайтириш орқали 2100 йилгача 246 миллиард йил соғлом умр йўқотилишининг олдини олиш мумкин.
Олимлар қандай чоралар кўришни таклиф қилмоқда?
Тадқиқот муаллифлари хавфлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлаган. Масалан, иқлим ўзгариши озиқ-овқат танқислигини кучайтириши, қуролли можаролар эса соғлиқни сақлаш тизимларига зарар етказиши мумкин. Шу сабабли ҳар бир хавфга қарши алоҳида эмас, биргаликда курашиш зарур.
Комиссия учта асосий йўналишни таклиф қилмоқда: соғлиқни сақлаш тизимларини инқирозларга тайёрлаш, илмий кашфиётлар ва янги технологияларга кўпроқ сармоя киритиш, шунингдек, юзага келаётган таҳдидларни мунтазам кузатиб бориш.
Наталя Канем эса инсоният келажаги олдиндан белгилаб қўйилмаганини таъкидлади.
Тадқиқотчиларга кўра, бугун қабул қилинадиган қарорлар келажак авлодларнинг қанчалик узоқ ва соғлом яшашига бевосита таъсир қилади