• Вт. Окт 15th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон Республикаси президенти И.А.Каримовга

Янв 24, 2013

 

 

1 секр. ЦК Каримов И.А.Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!

Ўзбекистонни тарк этганимдан бўён ўтган йиллар давомида бошимдан кечирган сарсон саргардонликлар боис бугун юзим қора, юрагим қон бўлиб Сизга мурожаат этиб, Сиздан кечирим сўрамоқчиман.

Мен бир пайтлар Сизнинг ишончингиз туфайли республика газета ва журналларига Бош муҳаррир бўлдим.

Кейинчалик эса енгилтак ва худбинлигим боис бу юксак ишончни ҳам оқлолмадим.

Амалдан ажраганимдан сўнг эса аччиқ қилиб серқуёш ва меҳрли Ватанимдан ўн минглаб километр олисликдаги совуқ ва меҳрсиз Канадага келиб қолган Ватангадо бир журналистман.

Муҳожирликда ўтган ўксик ва изтиробли йиллар давомида Сиз олиб бораётган сиёсат аслида тўғри эканига ишонч ҳосил қилдим.

Ҳамма нарса қиёслашда билинади.

Мен орзу қилиб паноҳига қочиб келган демократиясини ҳам кўрдим. Кимда куч ва қудрат, пул ва шуҳрат кўпроқ бўлса, ўшанинг айтгани айтган экан бу юртларда.

Мен бу ичи қалтироқ, усти ялтироқ капиталистик давлатларнинг  иккиламчи сиёсий андозаларини ичидан туриб яхшилаб ўрганиб кўрдим.

Ва охир-оқибат шу нарсага амин бўлдимки, Ватансиз ва миллатсиз яшашнинг ҳеч иложи йўқ экан.

Тўғри, бу ерларда эрта-ю кеч тиним билмай меҳнат қилувчи кишилар учун ҳаёт фаровон, эркинлик ва озодлик истаганча бор. Кўчаларга чиқиб тонгдан то шомга қадар ким нима деб алжираса, марҳамат, ҳеч кимнинг иши йўқ.

Мабодо шўри қуриб ишсиз қолса-чи, унда ҳолига вой. Ўша куни у моргич тўлаб турган уйидан ҳайдалади. Жамият уни ўша заҳотиёқ четга улоқтириб, бешафқат ва мурувватсиз ҳаётнинг тубсиз домига тортиб кетади. Уйсиз, жойсиз одамларнинг чодирлари тўлиб кетган кўча-куй ва майдонларда. Биров парво ҳам қилмайди.

Ёлғиз қолганингда бошингни силаб, кўнглингни оладиган, бетоб бўлиб қолганингда жонингга оро кирадиган ЎЗБЕКЛАР ва ЎЗБЕКИСТОН йўқ экан, Ислом ака, бу ерларда…

Ватансиз – муҳожирликда балоғатга етаётган шўрлик фарзандларимнинг ўксик ва аламли нигоҳларига боқиш мен учун қанчалар оғир ва азобли, изтиробли эканини билсангиз эди. Улар олдида нечоғлик гуноҳкор эканимни энди англаяпман.

Ана шулар ҳақида ўйлар эканман, Ўзбекистондаги чойхоналар, тўйхоналар, маҳаллаларни эслаб, меҳр-оқибат ва мурувват қуриб тамом бўлган бу хориж эллардаги дилхунлик ва мискинлик, ёлғизлик ва умидсизлик бир кун келиб бизни еб адо қилмаса деб қўрқаман…

Ўзбекистондаги шоир дўстларимдан бири бир пайтлар: “Умримда хатолар кўп бўлди, ўғлим…” деб нолиган кекса отасига: “Сизнинг хато ўтган умр — хатомас, Хатосиз умрнинг ўтгани – хато!” деб тасалли берган экан.

Эллик  йиллик умрим давомида мен ҳам кўп хатолар қилдим. Ва уларнинг энг оғири, энг кечирилмаси – бу ўз Она Ватанимни ташлаб хориж эллар сари юз бурганим бўлди.

Менга яхшилик қилмоқчи, тўғри йўлга солмоқчи бўлган инсонларнинг гапига қулоқ солмадим.

Ўзбекистондалик пайтимда кўп насиҳатлар қилган журналист Сафар Остонов менга доим: “Сизга кўп имкониятлар берилди, ўзингизни тута олмадингиз. Ахир Бош муҳаррир бўлиб туғилмагансиз-ку. Нега доим шу лавозимда бўлишингиз керак экан” деб айтган ва оддий бир газетада оддий ходим бўлиб ишлашимни маслаҳат берган эди.

Лекин мен нодон: “Ҳали ҳукуматдагиларга кўрсатиб қўяман!” деган худбин бир иддао билан чет элларни ихтиёр этдим.

Мендан бошқа одамлар ҳам Бош муҳаррир бўлиши мумкинлигини тан олгим келмади.

Ҳолбуки, ўтган бу йиллар давомида мен билган ва ўз хизмат вазифасини  суиистеъмол қилган қанчадан қанча амалдорлар нафақат эгаллаб турган лавозимларидан, балки озодликларидан ҳам маҳрум бўлишди.

Ўтган бу йиллар давомида Сиз Ўзбекистонда адолат ва демократия тамоилларини қатьият ва собитқадамлик билан ҳаётга тадбиқ этиб келдингиз.

Қонун ва халқ бошқарувидаги янги ўзбек давлатчилигига асос солдингиз.

Мен бир журналист сифатида шу улуғвор вазифаларни адо этиш борасида Сизга, Ватанимга садоқат билан хизмат қилиш ўрнига жаннат излаб хорижга кетдим. Ўйладимки, бу ерларда мени гулдасталар билан кутиб олишади деб. Ўйладимки, бу ерларда ҳаёт — жаннат деб.

Жаннат излаб аслида жаннатдан воз кечганимни кейин англаб етдим.

Менинг бу хатоларга тўла фоже ҳаётим ўз Она юрти – Ўзбекистонни ташлаб, енгил ҳаёт илинжида хориж элларни орзу қилиб юрган бошқа содда ва хаёлпараст ҳамюртларим учун аччиқ сабоқ бўлиб қолишини истардим.

Ўн тўққиз ёшидаёқ иккинчи жаҳон урушида иштирок этиб, сочлари жуда эрта оқарган, Қашқадарёдаги чекка қишлоқларнинг бирида оддий ўқитувчи бўлиб умргўзаронлик қилиб ўтган раҳматли отам менга доим: “Ислом Каримов шунча истеъдодли ва талантли тенгдошларинг орасидан сенга ишонч билдирган экан, бу ишончни оқламасанг, бу улуғ инсоннинг қадрига етмасанг, бир кун келиб кўр бўласан, Ватангадо бўласан!” деб айтган эдилар.

Во ажаб, мен ўшанда ўта қаттиққўл ва талабчан отамнинг бу сўзлари шунчаки насиҳат ўрнида айтиляпти деб кўп эътибор бермаган эдим.

Бугун ўйлаб қарасам узоқни кўра билган донишманд отам менинг бежилов ҳатти ҳаракатларимни ҳисобга олиб бежиз шундай деб огоҳлантирмаган экан.

Мен нодон эса қабулхона котибаларининг мунис боқишлари-ю, қўл остимдаги ходимларнинг мўте нигоҳларидан, мўҳташам кабинетлар-у, хизмат машиналарининг ваҳимали асасаларидан масрур-у, мағрур бўлиб ўз оёғим остини ҳам кўрмай қолибман.

Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!

Ватан ташқарисида мен каби сохта алдовларга учиб, ўз юртини тарк этганлар билан кўп гаплашдим. Уларнинг аксарияти мен каби армон ва пушаймонлар исканжасида яшаб юришибди.

Биз ҳур куни Ватандан – Ўзбекистондан мужда кутиб яшаймиз. Ҳар кун, ҳар тун Ватанга қайтишни Оллоҳдан ёлвориб, ўтиниб сўраймиз.

Мен бугун Бош муҳаррир ёки журналист эмас, балки оддий бир аравакаш бўлиб ўз юртимда яшашни ҳам энг катта бахт, олий бир саодат деб биламан.

Лекин Ватан энди бизни кечирармикан?

 

Сизга ҳурмат ва эҳтиром билан:

 

Исмат Хушев

 

“Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари

ҳамда “Ҳамкор” — “Деловой партнер Узбекистана”

газеталарининг собиқ Бош муҳаррири.

 

Торонто шаҳри, Канада, январь, 2013 йил.

 

17 комментариев к «Ўзбекистон Республикаси президенти И.А.Каримовга»
  1. шунча ёзилган китоб ва асарларнинг ортида шу максад ётармиди… сизни хеч ким кет демаган шунинг учун яна кайтиб бораверинг. Бошга тушганни куз курар. Яшаб кетасиз.
    Куп хато килдим деяпсиз. куп хато килувчиларни яна рахбарлар уз ёнига олармикан… тугриси мани бир нарса уйлантиради. бош мухаррир бу жа катта лавозиммаски бош вазир ёки уринбосарларга солиштирсак. назаримда бу бош мухаррирлик лавозимини сиз узингиз бебахолаб юбораяпсиз. айтарли хеч кандай ортикча иш ёки давлат ахамиятига молик..

    1. Исмат ака! Афсуски кечирим сураш учун вакт утди. Сизни у екдагилар хоин сифатида кабул килишади. Хоинлар эса хеч качон кечирилмаган. Тугри, Сиз аслида хоин эмассиз, Ватанга хоинлик килмадингиз, лекин уларнинг назарида Сиз хоинсиз. Шунинг учун минг кечирим суранг, минг бош уриб боринг, минг ялининг фойдаси йук. Кайтиб борсангиз хам, дастлаб Сизни кабул килишиб, кейин ёмон килишади. Чунки Сиз тизимнинг душманисиз. Сабиби оддий, чет элга кетдингиз сиёсий бошпана билан, шунинг узи уларнинг душмани.

      1. шу гапиздан бир нарса эсимга тушиб кетди. 1990 1991 йиллар руслар узбекистон завод корхоналарини ташаб кучиб кетишаётганда улар узбеклар бошкара олмайди дейишганди. корхонамизни 70 фоизи руслар эди кетса хам эплаб кетдик. шу охирги 5 йиллар ичида бир корхонанинг жуда кучли мутахассисини яъни директорини ортидан снб тушиб оддийгина коровулда турган бир солдатни бир урганини снб видеокузаткичда ёзиб олган экан, биласиз корхонларда туради видеокамералар. хамма уйлаган энди корхона нима булади деб

        1. шундай зур одам камалиб кетди дейишди. урнига бошка одамни куйишди. минг зур булсин бизда душман хисобланган одам барибир кетади, хох ишонинг хох ишонманг кейинги келган директор ундан зур чикиб корхонада анча яхши ишлар килди, ойликлар кутарилди. одамлар хурсанд булди. хакикий механизатор одам экан.

  2. Уз хатосини тан олиш мардликдир, буюк мардликдир. Ватаним деганлар Ватандан кетмайдилар, Ватанга кетадилар!

  3. Ана, холос! Охирги пайтларда А. Мамарасуловга ўхшаган лаганларнинг Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳга қарши ёзган ҳақоратли материалларини Исмат Хушев ўз сайтида нега давомли бера бошлаганини энди тушуниб етяпман. Ўша А.М.нинг бу ерда қўйилган бир мақоласининг остига шарҳ ёзгандим: «Исмат аканинг Тошкент томонларда ҳали ҳам умид ва илинжлари бор», деб. Мана, таҳминим тўғри чиқди — И.Х. Тошкентга қайтишни ихтиёр этибди. УЗга келгач, И.Х Солиҳга қарши ўзи ҳам мақола ёза бошлайди-ёв!

  4. Assalomu alaykum Ismattillo aka!
    Nega bu qadar tushkun kayfitdasiz?, to`gri Vatan so`ginchi qanchalik og`ir ekanligini tushunaman, ayniqsa inson ulg`aygan sari, biroq siz avvallari bunchalik tushkunlikka berilmagan edingiz,avvallari xam Vatanni nechog`lik so`g`inganligizni tarannum etuvchi maqollalaringizni , satrlaringizni o`qiganman, ammo xech qachon sizda bugungi kundagi kabi tushkunlikni, g`amginlikni sezmagandim, balki menga shunday tuyulayotgadir qaydam ….

  5. Гап биладиганларнинг хаммаси четга чикиб кетганга ухшайди. Ислом Каримов гап билмаса хам иш биладиган инсон экан. У: «Ватан — менинг кузларим, уни асрамасам кур буламан» — дейдиганлар тоифасидандир.

  6. лавозим лавозим ловозим Бизларга лавозим булса булди. Ахир Исмат уз диёримда, уз халкига хизмат килишга тайёр. Мен уни характерини яхши биламан. Борзый, кярсар — тугри. Лекин тоза одам. Ичида кораси йук, ва булмаган. Зохидов М.

  7. (давоми) эканлигингиз далолати, ундан ташкари Сиз уз хотираларингизни ёзиб бордингиз. Шу хам улар учун хоинлик. Сизни кечиришмайди. Яна узингиз биласиз. Худонинг синови, такдир деб сабр килинг. Халкимиз кунгилини кутаринг ундан кура. Шу мухимрок.

  8. Топарман десанг, кимда йўқ ахир
    Ахтармоқ бўлсанг кимдан чиқмас кир
    Қанча соғлом бўлса хам инсонда фикир
    Унга хам топилур ёмон хамфикир
    Бу сўзларга ўзим амал қилмадим
    Билиб- билмагандан муруват кутдим
    Нокасни ўзимга душман билмадим
    Уларга ишониб дўстни унитдим
    Эвох бунчаям кеч очилди кўзлар
    Тангрига талпиндим охим етмади
    Олисда қолганда ҳаҳиқий дўстлар
    Нокаслар ўрашиб узоқ кетмади!!!

  9. Она тупрокка кулда кетмон тутиб бир туп кучат экмок бахтини эмас,амалдор булишни уйлаш бу хатоликка элтувчи йулдир.

  10. 2001 йиллар НАК(нац. авиакомпания) да ишлаб юрганимда уша пайтдаги НАК раиси Рузиметовни ишдан бушатишди яъни хаво хавфсизлиги га бошлик килиб куйишди токи иши терговда хал булмагунча. Урнига бир корейсни олиб келиб куйишди. Хамма уйладики, Рузметов барибир кайтиб келади, ундан бошка НАКни хеч ким эплай олмайди. Хох зур булсин биз давлатимизни хазинасини едими давлат уни йук килиб ташлайди.

  11. Исат ака сиз эркинсиз чет элдагилар ичида юрак багри кенг, ичи тоза шахлардан бирисиз, айнан сизга ухшаганлар бугунги кунда ватанга сув билан хаводик керак, кетиш масаласига келсак хеч кимни эшитманг, факат калбингизга кулок тутинг. Колаверса кейинги вактда хукуматнинг хати харакатларидан, кандайдир ислохатларни бошлашга уриниш сезилмокда, бундай вактда хакикий ватан фарзандлари ташкарида олис юртларда эмас, ичкарида булиши керак.Халкимиз умид юлдузи Исмат Хушевга ухшаганлар!

  12. Qadrli Ismat, aka, sizni albatta kechirishadi. Zero siz o’zlerini xalq nomidan «Xalq harakati» deb atyyotgan tashkilotda doimo neytral bo’lib turdingiz. Too’g’ri qilasiz, ulardan uzoqlashib… Ular Islomni shunchaki o’z bizneslariga aylantirib olgan kimsalardir. Ularni xudosi Amerikani yashil dollari, dini Terror! (astag’firulloh, Alloh kechirsin meni notg’ri gapirgan bo’lsam). Ehtirom ila sizni qoo’llab quvvatlovchi … .

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *