• Сб. Июн 14th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

 “Тошкентга саёҳат” номли хотиралар туркумидан

Исмат Хушев

қабристонда дуо

1. Қабристонда…

 

Китобдаги биринчи кунни акам, онам ва отам қабрини зиёрат қилишдан бошладик.

Эрта тонгда туриб, мозорга бордик.

қабр отам 4

Китоб қабристони бундан ўн йиллар муқаддам энди қурилган, ҳали кўп катта бўлмаган, мўъжазгина бир майдонни эгаллаган эди. Энди уни кўриб рости ҳайрат ва ҳасратдан лол қотиб қолдим.

Ўн йилда шунча кўп одам вафот этиши мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим.

қабристонда

Қабрлар, қабрлар, қабрлар…

Мозористон тамомила кенгайиб, ёнига туташ бўлган беҳудуд совхоз ерларининг анчасини ўзига қўшиб олибди…

қабр отам 11

Ҳайратга тушмасман бу ҳолдан сира,

Дунё бу қувғинди оҳудек елар.

Дунё бу энг оддий ҳукмига кўра,

Кимдир туғилади ва кимдир ўлар…


деб ёзганида Абдулла ака тамомила ҳақ эканини қабристонда жуда тез англаб етишингиз мумкин экан.

қабр ака

Ростдан ҳам бугун бор одам эртага йўқ бўлиб қолиши мумкин. Биз ҳар кун, ҳар соат, ҳар сонияда бир-биримизнинг қадримизга етиб яшашимиз лозим.

Одамзотнинг табиати ростдан ҳам қизиқ. Умр ўзи тўрт кунлик, ўтса қайтмайди. Лекин шу тўрт кунлик дунёда шунча ғавғо, шунча тўполон, шунча иғво…

Бир бирини маҳв этиш, оёғидан чалиш, сотқинлик ва риё, тўҳмат ва хиёнат, мунофиқлик…

Сал ўзингга келиб, бундоқ қарасанг, умринг ўтиб кетган бўлади…

қабристонда онам 4

Қабрлар, қабрлар, қабрлар…

“Бу ҳаётда яшашдан тўйсанг ёки оёғинг остини кўрмай қолсанг, қабристонга бор”, деб бежиз айтишмаган.

Ҳолбуки, мен ҳали яшашдан тўймаган эдим. Босар тусаримни ҳам билмай қолганим йўқ. Лекин муҳожирлик, ватансизлик азобидан тўйганим рост…

Мен аслида мозорга боришни ёқтирмас эдим…

қабристонда онам 3

Китобдаги бу қабристонга илк маротаба 1992 йил автомобиль ҳалокати туфайли 42 ёшида ҳаётдан бевақт кўз юмган Неъмат акамни дафн этиш учун келган эдик.

Кейин орадан уч ой ўтар ўтмас бу ерга акамнинг ҳажрида – фарзанд доғида куйиб ёниб адои тамом бўлган онагинамни олиб келиб дафн қилдик.

Сўнг орадан бор йўғи беш йил ўтар ўтмас отам вафот этдилар…

қабристонда онам 2

Шу шу қабристонлар менинг тез тез борадиган, кўнглимдагиларни тўкиб солиб, акам ва ота онам руҳидан таскин ва тасалли оладиган жойимга айланиб қолди…

Хорижда мен англаб етган ҳақиқат…

Бош муҳаррирликдан олинганимдан кейин ҳукуматга аччиқ қилиб, хориж эллар томон юз бурарканман, яқинларим қабрини зиёрат қилиш ҳуқуқидан ажралиб яшаш бу қадар оғир ва азобли бўлишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим.

қабристонда онам 1

Муҳожирликда инсон икки нарса ҳақида кўпроқ ўйлайди: Ватанга қайтиш ва ўлим ҳақида…

Кейинги ўн йилда мен нима қилган бўлсам, нимага талпинган ва топинган бўлсам, барини фақат бир мақсад учун – Китобдаги мен учун азиз ва муқаддас бўлиб қолган мана шу қабристонга қайтиш учун, бу ерда мангу уйқуда ётган яқинларимни яна бир бор зиёрат этиш учун қилдим…

қабристонда онам

Ва Худога минг карра шукрлар бўлсинки, менинг оҳу нолаларим Оллоҳимга бориб етди…

Подшо ва ҳукмдорлар Яратган Эгамнинг ердаги сояси ё вакили деб айтганлари агар рост бўлса, давлатимиз раҳбари мени Ватанга қайтишимга изн берди.

қабристонда 112

Бу мен учун катта илтифот ва олий мукофотдио!!

2. Ўлим ҳақида ўйлар…

Мозордаги сон саноқсиз қабрлар аро сўнгсиз ва беҳудуд хаёллар оғушида кезиб юраркансиз, истайсизми йўқми фақат ўлим ҳақида ўйлашга мажбурсиз.

қабристонда 111

Бу ерда ҳамма нарса Сизга умрнинг ўткинчилиги, ҳаётнинг бевафолиги ва ўлимнинг ҳақлиги ҳақида гапириб туради.

Қабртошдан Сизга маъюсгина термулиб турган масъум болакай ҳам, балоғат ва малоҳат ёшида бу ёруғ оламни фаришта бўлиб тарк этган гўзал ва бокира қизча ҳам – ҳамма ҳаммаси Сизни ўлим ҳақида, айрилиқ ва жудолик ҳақида ўйлашга мажбур қилади.

қабристонда 2

Карим Баҳриев бир пайтлар ўлим ҳақида, дунёнинг ўткинчилиги ҳақида нега бунча кўп ёзади деб ўйлардим. Кейин билсам — мен бугун англаб етган нарсаларни у жуда олдин англаб етган экан…

Ўлим нима, бу бир сирли сайр, она. Ўғлинг қаро ерга кетди, хайр она...” деб ёзганида Муҳаммад Юсуф ўзи ҳам ҳали қизлари балоғатга етмай, уларнинг тўйларини кўролмай, жуда ёш жувонмарг бўлиб кетишини билганмикан?


қабристонда онам

 

Хўп, уни-ку тушуниш мумкин. Муҳаммад Юсуф ўлимни сирли бир сайр деб ўйлаган бўлса, бундан ҳайратланмаса ҳам бўлади.

Лекин, озар шоири Самад Вурғуннинг:

қабр отам 20

Ўлим, э воҳ, бу неъматдир,

Бу бир олий саодатдир!

деб қувонишини ва завқ-шавқ билан шеър ёзишини қандай тушуниш мумкин?

Наҳот инсон ҳаётдан завқ олиб яшашдан кўра мангуга кўз юмиб, бу фароғатли умрнинг фоний бўлишини ва якун топишини саодат деб билса?

қабр отам 12

Лекин шеърнинг асл нусхасини топиб, уни бутун ҳолда ўқисангиз, бу ишқ ва муҳаббат ҳақида Сиз шу пайтгача ўқиган энг улуғ ва гўзал шеърлардан бири эканини беихтиёр англаб етасиз:

қабр отам 19

Агар сендан тонар бўлсам насибим оҳу зор ўлсин,
Баҳорим қишга айлансин, чечаксиз бир диёр ўлсин.
Чаманзорим, боғим-боғчам тўкилсин, бори хор ўлсин,
Мазорим ўт олиб ёнсин, бу ишқим ошкор ўлсин.

Қўй эй булбул! Тин, эй довул, ки хоҳиш истироҳатдир,
Бу ерларда илинжим йўқ, юпанчим бир саёҳатдир.
Ўлим, эйвоҳ, бу неъматдир, бу бир шонли саодатдир,
Агар бевақт ўлар эрсам, рақибим бахтиёр ўлсин.

Фалакдан интиқом истар жўшиб руҳимда бўронлар,
На инсофни, на виждонни билар, ё раб, бу инсонлар.
Ёз, эй Вурғун, яна жўшсин бугун оламда тўфонлар,
Йиқилсин меҳвари олам, у тубдан тору мор ўлсин!..

қабр отам 18

 

3. Абдулла Ориповнинг “Онажон” шеъри…

Нега Абдулла Ориповнинг “Онажон” шеърини ҳали волидаси барҳаётлар бир хил эшитса, онасидан айрилганлар бошқача — кўзда ёшу армон билан, кўнгил тўла туғён билан, фиғон билан йиғлаб эшитишади? Нега?

қабр онам 6

Мен Абдулла Ориповнинг бу шеърини ҳали талабалик йилларимдаёқ ёд олган эдим:

Неча кунки йўқ оромим,

Келолмайман ҳушимга.

Кечалари онажоним,

Кириб чиқар тушимга.

Қўлларида оқ елпуғич,

Ой нурида ялтирар.

Онажоним имлаб мени

Қошларига чақирар.

Келтирарлар гоҳо бешик,

Кўзларида ҳаяжон.

Ётар пайтинг бўлди-ку дер,

Кела қол дер болажон.

Қайларгадир югураман,

Фиғонимдан чиқар дуд.

Йиғлама деб қўлларимга,

Тутқазарлар сўнг тобут.

Тонгда руҳсиз кўз очаман,

Қовурилар танда жон.

Онажоним, бундай қилма,

Бундай қилма, онажон.

Ахир ўзинг дер эдинг-ку,

Силаб ўксик бошимни.

— Энди сенга берсин умр,

Сенга берсин ёшимни.

Афсус, ўзинг эрта кетдинг,

Эрта кетдинг, оламдан.

Укаларим бағрим эзар,

Ажрадик деб онамдан.

Бевақ хазон бўлмай ҳар ким,

Яшаб ўтсин дунёдан.

Онажоним, ҳар ким ошин,

Ошаб ўтсин дунёдан.

Гарчи фано ҳар кимсага,

Азалий бир қисматдир.

Лекин, она, тириклик ҳам,

Билсанг, ярим ҳикматдир.

Тушларимда майли бошим,

Силаб тургин, онажон.

Қолганларга энди умр,

Тилаб тургин, онажон.

қабристонда дуо 3

Лекин онам вафотидан кейин мен бу айрилиқнинг кучли изтироби ва қудратли фожеасини, бутун даҳшатини қайта англаб етгандай бўлдим…

У кун четда оҳ чекардим,

Ғуссаларнинг дастидан.

Сен отамга пул берибсан,

Ёстиғингнинг остидан.

Айтибсанки, онасизлик

Келмасин ҳеч уйига.

Сарф қилингиз менга эмас,

Абдулланинг тўйига…

О, ўғлингга сен шафқатни,

Билардинг-ку, онажон.

Бундан кўра бағрим ўйсанг,

Бўларди-ку, онажон.

Заррагина раҳм этгали,

Сабринг менга йўқмиди?

Онажоним, бундан ўзга.

Жабринг менга йўқмиди?

Йўқмиди ҳеч ўзга гапинг,

Нола қилиб сўйласанг.

Наҳот энди сўнгги дам ҳам,

Фарзандингни ўйласанг.

Ахир орзу қочиб кетмас,

Битказар-ку тириклар.

Онажоним, бир кунини

Ўтказар-ку тириклар.

Унутилар ғуссалар ҳам,

Орзулар ҳам чўзар бўй.

Онажоним, балки бир кун,

Айтганингдай бўлар тўй.

Балки сенинг қабринг узра,

Очилганда гул чечак,

Остонамга қадар қўяр,

Сен истаган келинчак.

Кимдир унинг йўлларига,

Балки гул ҳам сочади.

Балки мунис опажоним,

Кел деб қучоқ очади.

Балки дўстлар даврасида,

Камим бўлмас ҳеч қачон.

Лекин сени ўша дамда,

Қайдан топай онажон.



қабристонда

Бу мискин ва дилхун сатрларни ўқиб, вафот этган онасини эслаб эзилмаган, фиғон чекмаган, йиғлаб армон қилмаган инсонни топиш мумкинмикан?

қабр отам 14

Биз одатда оналар ҳақида гапирганда ёки уларнинг шаънига шеърлар битганда мақтовни жойига қўя биламиз.

қабристонда онам

Лекин уларни ҳаётлигида, ҳали барҳаётлигида ҳурматини – иззатини ҳар доим ҳам ўрнига қўя олдик деб айта оламизми?

қабр отам 12

Абдулла Орипов бу ўлмас шеъри билан на фақат ўз онасига, балки дунёдаги барча оналарга мўҳташам бир ҳайкал қўйди десак муболаға бўлмас.
қабр отам 13

Эсимдадир, титрар эдим,

Ғамгин болиш пастида.

Китобимни кўрдим ногоҳ,

Бошгинангнинг остида.

қабр отам

Тошдай қотдим ўшал они,

Бор тоқатдан айрилиб.

—         Шоир ўғлим, — дединг менга,

Секингина қайрилиб.

қабристонда дуо 3

Онажоним, сўнг бор менга,

Нафас қилдинг у замон.

Шоир бўлгин дея балки,

Ҳавас қилдинг у замон.

қабр ака

Онажоним, балки мен ҳам,

Бир кун шавққа тўларман.

Балки мен ҳам айтганингдай,

Бир кун шоир бўларман.

қабр отам 6

Куйлай десам ҳурматингни,

Ушбу кунда тилим лол,

Балки фақат шул сабабли,

Шоир бўлсам эҳтимол.

қабр отам 13

Балки сарсон аросатда,

Қалиб кетмас бу таним.

Камолимни кўрар бир кун,

Юртим, она Ватаним.

қабр отам 18

Пайти келиб тўлар бир кун,

Паймона ҳам беомон.

Кузатарлар мени ҳам сўнг,

Сенга томон, сен томон.

қабр онам 5

Балки у кун бошим узра,

Дўстлар бош ҳам эгадир.

Ўша дамги иқболим ҳам,

Онажоним – сенгадир.

қабристонда дуо 1

Дилда неки журъатим бор,

Дилда неки ҳаяжон –

Бари, бари сенга бўлсин,

Сенга бўлсин, онажон.

қабр отам 20

Сенга бўлсин бор ҳаётим,

Номим, шоним бир йўла.

Хотирангга ушбу шеърни,

Ёзди ўғлинг Абдулла…


 
қабр отам 11

 

4. Қирқ икки ёшида бевақт вафот этган акам қабрида…

Неъмат акамнинг 1992 йил 16 июнь куни автомобиль ҳалокати туфайли кутилмаганда вафот этгани ҳақида “Оқланмаган ишонч қиссаси”да батафсил ёзганман.

Мен ўшанда Президентга яқин бўлиб, куч қудратим катта бўлса ҳам лекин аварияга учраб, жигари эзилган акамнинг ҳаётини сақлаб қололмаган эдим.

қабр отам 5

Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш Бош Бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари  Қулаҳмад Ризаевнинг беғараз ёрдами билан уч нафар кардиолог ва реаниматологлар ҳамроқлигида махсус жиҳозланган реамобиль билан Китобга етиб борганимизда акам аллақачон жон таслим қилган эди.

 

Акамнинг Китобга етиб боришимиздан атиги ярим соат олдин вафот этганини эшитиб бошларимни тошларга уриб, фарёд чекиб йиғлаган эдим.

қабр отам 14

Ким билади дейсиз, агар сал олдинроқ келганимизда Тошкентдан борган врачлар акамнинг ҳаётини сақлаб қолган бўлармиди  деб мана йигирма йилдирки, ўзимни ҳеч кечиролмайман.

Бугунгача шу ғам, шу алам юрагимни қийнаб келади…

Акамнинг қабри ўн йил олдин қандай бўлса бугун ҳам ўшандай мунғайиб турибди.

Бу орада акам тенги яна қанчадан қанча одамлар бу ёруғ дунёни тарк этиб кетди.


Лекин барибир акам ҳали яшаши керак эди, унинг ўлимига мен айбдорман деган бир ўй, истиҳола бор менинг гуноҳкор қалбимда…

Акамнинг ўша пайтда жуда ёш бўлган фарзандлари бугун ўсиб улғайишган.

Канададан келганимдан бўён менга ҳам қўриқчилик, ҳам ҳайдовчилик қилиб юрган Собир шу акамнинг иккинчи ўғли. Тошкентда яшайди.

Катта ўғли Нодир ҳуқуқшуносликни битириб, адвокатлик қилади.

Мен мулозим бўлганда ҳуқуқшуносликка кириб, мен урилгандан кейин битириб, ишсиз қолган эди.

Канадага кетганим таъсириданми, билмадим, ўз соҳасида иш тополмади ёки аниқроғ айтганда — иш бермадилар.

қабр отам 18

Кичик ўғли Сарвар яқинда уйланди. Китобда машиналарни ремонт қилиб, рўзғор тебратади.

Ёлғиз қизлари Гулноз аллақачон турмушга чиқиб кетган.

Янгам ўша-ўша йигирма йилдирки, ҳануз ёлғиз, фарзандлари камолига бағишлади бутун умрини…

Акам эса йигирма йилдирки бу гап сўзлардан бехабар, қабристонда ётибди…

Собирнинг юракни эзадиган мунгли оятидан кўнглим тўлиб, кўзларимдан ёш тирқирайди.

Қабристонда Сиз ўз умрингизнинг бу ҳаёт уммонида кичик бир зарра эканини, у жуда тез тўлқинлар қаърига сингиб кетишини беихтиёр англаб етасиз.

Акамнинг қабрига отам ёзган тўрт сатр шеърга кўзим тушди:

Фарзанд доғи азал ҳукми сабр қил,

Жума оқшомлари хатми сағир қил.

Тўрт набира Неъматимдан нишона,

Оллоҳнинг хоҳиши, минг бор шукр қил…

 

5. Акам ўлимидан уч ой ўтиб вафот этган онам қабрида…

 

Ҳа, онам Неъмат акамнинг вафотидан бор йўғи уч ой ўтиб, бу ёруғ дунё билан видолашган эдилар.

Айтишларича, Неъмат акам билан бирга ўқиган синфдошининг жанозасига бориб, йиғлаб йиғлаб, инфаркт бўлган эканлар…

Ўшанда мен Ўзбекистон ҳукумат делегацияси таркибида Туркияда расмий сафарда эдим.

Онам вафотидан беш кун ўтиб Тошкентга қайтдим. Расмий сафарни заҳарга айлантирмайлик деб хабар қилмадик дейишди.

Ўша куниёқ аэропортдан тўғри Китобга жўнаб ярим тунда уйга кириб бордим.

Онамсиз қолган уй остонасида ўтириб ҳунграб ҳунграб узоқ йиғладим.

Энди онам мени ҳеч қачон кутиб олмаслигини, мен қўмсаган, яхши кўрган овқатларимни қилиб бермаслигини ўйлаб, умрнинг бевафолигидан, ҳаётнинг жафолигидан  ўкраб ўкраб йиғлардим…

Тонг ғира ширасида қабристонга келганимизда: “Онанг мана шу ерда ётибди, ўғлим” деб отам менга мўъжазгина бир қабрни кўрсатган эди.

Мана ўша қабр. Энди унинг атрофи бетон билан ўралиб, мармар тош ўрнатилган. Қабр тошида эса раҳматли отамнинг онамга атаб ёзган тўрт сатр шеъри ўйиб ёзилган:

Бу ерда жафокаш бир она ётур,

Фарзанд доғида ёнаётур.

Фарзанд доғи шунчалар талхки,

Юрак бағри беланиб, қонаётур…

Салом, онажон! Дайди ўғлинг олис диёрлардан қошингга келди! Ўн йил келолмаган ўғлингни кечир!

“Бошинг тошдан бўлсин, ўғлим, қаерда бўлсанг ҳам омон бўл!” дердинг.

Ўн йил хорижларда муҳожир бўлдим, “бошим тошдан” экан, мана яна эсон омон қошингга қайтдим!

Яна қачон учрашамиз, ёлғиз Оллоҳга аён! Инсон умри бу дунёда милтираб турган шамга ўхшаркан. Истаган пайтда ўчиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас экан, онажон!

Сизсиз, отамсиз, Неъмат акамсиз мен жуда қийналдим, онажон!

Хато қилсам, маслаҳат берадиган, қийналсам кўнглимни кўтарадиган сизлардек яқиним йўқ экан, она!

Ростини айтсам, Сизларсиз яшашдан зерикдим, она!

Иншооллоҳ, оилам ва фарзандларим бор. Улар учун ҳам яшашга, бу ҳаётнинг барча қийинчиликларини кўтаришга мажбурман, она! Агар улар бўлмаганида шу бугуноқ ёнингизга етиб борган бўлардим, онажон!

Онаизорим билан хаёлан суҳбатлашарканман, беихтиёр Абдулла Ориповнинг   вафот этган она билан ҳали барҳаёт ўғил ўртасидаги ғойибона мулоқот ёдимда чарх уриб айланар эди:

— Бахтсизман, толеим кулмайди,

Онажон, қошингга кетайин.

— Кетганлар ҳеч қайтиб келмайди,

Бардош қил дейман, оҳ, нетайин.

 

— Не учун дунёда туғилдим,

Бу қадар омадсиз, бечора.

— Ўзим ҳам бир умр буғилдим,

Болажон, ноилож, начора.

 

— Не учун ёвуздир одамлар,

Бирови топтайди бирини.

— Мени ҳам еди-ку шу ғамлар,

Билмадим бу ҳолнинг сирини…

 

— Инсонга ишондим — хор бўлдим,

Сен дердинг — бир ишонч сабрдир.

— Ўзим ҳам ишончга зор бўлдим,

Оқибат топганим – қабрдир.

 

— Бош уриб борарга йўқдир жой,

Онажон, қошингга кетайин.

— Болажон, ҳорибсан ҳойнаҳой,

Бардош қил дейман, оҳ, нетайин.

 

— Чорласанг, мададкор бўлолсанг,
Висолинг руҳимни шод этар.

— Сен ҳам гар йўқликка йўл олсанг,

Борлиқда ким мени ёд этар?!

 

Бу шеърнинг ҳам нақадар ҳаётийлигини онаизори дунёдан ўтиб бу бевафо ҳаёт зарбалари билан яккама якка қолган ёлғиз ва чорасиз одамгина теран англаб етиши мумкин.

қабр отам 0

 

6. Отамнинг қабрида…

Мен биринчи маротаба ишдан олиниб, қамалганимда отам ҳали тирик эдилар.

Олти ойлик ҳибсдан сўнг Анҳор бўйидаги Олий суд маҳкамасида менга сўнгги сўз берилганда кўзимда шашқатор ёш билан йиғлаб ҳакамларга илтижо қиларканман, биринчи қаторнинг олдинги ўриндиғида ўтирган кекса отам ишонган ва яхши кўрган журналист ўғлининг бу аянчли ва ғариб ҳолатидан, “мени озодликдан жудо этманглар!” деб қилаётган фиғону, фарёдидан ўзини йўқотиб, ҳушидан кетгани ҳануз ёдимда…

қабр отам 3

Мен ўшанда Президент амнистияси билан жазодан озод қилиниб, Олий Суд биносидан ташқарига чиқарканман, ростдан ҳам озод бўлганимга ишонмаган шўрлик оёқларим қанча жадалласам ҳам лаънати маҳкама биносидан узоқлашишни сира истамас эди.

Аниқроғи олти ойлик тор ва дим камерадаги ҳаракатсиз ҳаётда инсон юришни ҳам унутиб қўяркан десам менга балки ишонмассиз.
қабр отам

Янаям аниқроқ айтадиган бўлсам, мен ҳануз ростдан ҳам озод бўлганимга ишонмас эдим…

Кейин уйга бордик. Отам мени четга чақириб, сени кўргани таниш билишлар, дўстларинг келиши ё сен улар билан учрашишинг мумкин. Бир нарса доим ёдингда турсин: “Агар яна қамалишни истамасанг, у ерда кўрган кечирганларингни ҳеч кимга айтма. Ҳатто менга ҳам…” деб шарт қўйган эдилар.

қабр онам 6

Мен отамнинг бу гапларига амал қилмаганим боис яна икки маротаба қамалдим…

Кейин ҳам отамнинг насиҳат ва маслаҳатларига ўз вақтида амал қилмаганим учун ҳаётда кўп балоларга гирифтор бўлдим.

қабристонда онам 4

Бугун энди менга насиҳат берадиган, бевафо ҳаётнинг кутилмаган зарбаларидан ўз вақтида огоҳлантириб турадиган ҳеч кимим йўқ.

Олдинлари ҳар гал қабристонга борсам отамга шу армонларимни айтиб, йиғлаб сиқтаб ғойибона маслаҳат сўрардим.

қабр отам 0

Лекин кутилмаганда бир кун келиб Ватанимни тарк этиб, олис ва хориж юртларга кетиб қолишимни хаёлимга ҳам келтирмаган эдим…

Ўтган ўн йилда отамнинг қабри ҳам деярли ўзгармапти. Олдин қандай бўлса ҳозир ҳам шундай маъюс ва мунғайиб турибди
қабр отам 7

Отамнинг қабр тошида мен ўша пайтлар ёзган мана бу шеърни ўқиб дардим яна янгиланди:

Сиз билан қўшилиб ўлсам отажон,

Розийдим, яшамоқ Сизсиз кўп оғир.

Ҳар гал қабрингизда бўлсам, отажон

Қирқ йил оғримаган юрагим оғрир.

 

Бир ён Неъмат акам, бир ёнда онам,

Бир ёнда мунғайиб турар қабрингиз.

Отажон! Яшашдан зерикдим мен ҳам,

Менга ҳам билинди бугун қадрингиз.

 

Акам, опаларим кўзидаги мунг,

Нодир, Собирларнинг ўксик дилисиз.

Гулноз, Сарварларни улғайгандан сўнг,

Нурли манзилларга элтар йўлисиз.

 

Сиз — ўлган эмассиз! Биз тирик — Сиз бор!

Сизнинг умр энди бизларга насиб.

Бизлар яшасак бас энди тинч, ҳушёр,

Фарзанд бўлолсак бас, Сизга муносиб!

 

Исмат Хушев, 1999 йил, 9 май…

 

Дуойи фотиҳадан сўнг ҳамроҳларимдан мени ёлғиз қолдиришларини илтимос қилдим. Мен отамни ниҳоятда соғинган эдим. Отам билан ёлғиз қолишни, дардлашишни истардим.

қабр отам 10

Салом, отажон! Мен келдим, анча вақтгача келолмаганим учун мендан ранжиманг. Сиздан юққан адолатпарварлигим ва ўжар характерим боис бу дунёда кўп қийналдим.

Охирги маротаба ишдан олганларидан сўнг ҳаммасига қўл силтаб, чет элга кетишга мужбур бўлдим. Агар Сиз, онам ва акам тирик бўлишганида икки дунёда ҳам четга кетмасдим. Сизларсиз бу юртга мени боғлаб турадиган ҳеч нарса йўқ эди.

Кетиб хато қилганимни кейин англадим. Лекин бу хатони тўғрилаш жуда қийин бўлди. Ўн йиллик умримни йўқотдим, ота.

қабр отам 11

Мана, бугун яна қошингиздаман. Тенгдошларингиздан деярли ҳеч ким қолмабди. Нафақат Сизнинг тенгдошларингиз, энди секин аста акамнинг ва менинг тенгдошларим ҳам бу ёруғ дунёни тарк эта бошлашди…

Кутубхонангиздан Канадага олиб кетган Фузулий ва Огаҳий китобларидаги саҳифаларда Сиз ёзиб қолдирган сатрларни ўқиб, ҳар гал юракларим тилка пора бўлади, ота:

Отанг ҳаёт, сен подшосан, Исматжон.

Қадрига ет ҳар бир айтган сўзимни.

Менсиз бахтсиз бир гадосан, Исматжон

Излаб ҳатто тополмайсан изимни…

қабр отам 16

Айтганларингиз ҳаммаси рост экан, отажон. Сизсиз мен бахтсиз бир гадога айландим. Тириклигингизда қадрингизга кўпам етмаганим учун ўзимни то ҳануз кечира олмадим, ота!


Агар айтганларингизга амал қилганимда қисматим бу қадар аччиқ ва аламли бўлмасмиди деб ўйлайман баъзан.

Оғир ва босиқ бўл, мулоҳаза билан иш юрит дердингиз доим. Сиёсатда “олтин ўрта” қоидасига амал қил, илгарилаб ҳам кетма, сафнинг ортида ҳам қолма, дердингиз.
қабр отам 19

Оғир босиқ бўлолмадим. Мулоҳаза билан фикр юритолмадим. Сафнинг ўртасида ҳам қололмадим. Доим олдинда бўлишга, раҳбарнинг назарида туришга ишқибоз бўлдим.

қабристонда дуо

Оқибат топганим ҳибс ва хориж бўлди, отажон!
қабристон чиқиш

(давоми бор)

 

 

 

 

6 комментариев к «Исмат Хушев: Тошкентдан Қашқадарёга сафар (17)»
  1. Исмат ака кабиристонга бориб, эслаган хотираларингизни укиган одам, куз ёшини тутиб тура олмайди, канчалик тасирли дард, алам билан ёзилган. Ота онани кадрига рост триклигида етмаймиз, биз хом сут эмган бандалар. Отангиз ажойиб донишманд киши булганлиги шундайгина эслашларингиздан билиниб турибди.

  2. Хурматли Исмат ака!Хакикатни ёзгансиз.Э вох,кани энди айрим босар-тусарини билмай колганлар,кабристонга бормасалар хам,ёзганларингизни бир укиб чикишса,бу дунёнинг уткинчи эканлигини,халкга бекор азоб бераётганлигини тушуниб етишармиди.Олтин зангламас деганлар.Авлодингиз тоза эканлигини билиб,бир хурматимга,минг хурмат кушилди.Бу дунёнинг ишлари тескари деб тугри айтишган.Насаб билан мансаб,икки кутбда.Рахматли отангиз,куп ишлардан кайтармокчи булган эканлар,кайтмаслигингизни хам яхши билганлар.

  3. Ismat Xushevning xotiralarini o`qib doim ta`sirlanaman. Men ham o`z ota onam qabrini o`yladim bugun. Bizga ham nasib etarmikan yana ularni borib ziyorat qilish. O`tganlarning oxirati obod bo`lsin.

  4. Bilmadim , bu odam shunday yozadi-ki , ancha — muncha odamni dovdiratib koyadi . Hamma ham yozolmasa kerak . Lekin , nima bolganda ham , bir katta dars yotibdi bu hotiralarda . Albatta togri tushunib, magzini chakkanlarga … Ha , bugun Ozbegimning har birining hayoti , tortganlari ozi bilan Alloh taolo egam ortasida turibdi . Endi bundan keyin yana kim yozsa , azob va mashakkat chokkilari , bir- birlaridan ortsa -ortadi- ki , ammo boshkacha bololmaydi . Cunki , bu — Ozbegim Tarihidur …

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *