• Ср. Фев 12th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Президент Ислом Каримовнинг Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимдаги сўзи

Мар 23, 2012
Президент Ислом Каримовнинг Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимдаги сўзи
Президент Ислом Каримовнинг Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимдаги сўзи

Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!
Азиз дўстлар, муҳтарам меҳмонлар!

Биз орзиқиб кутадиган, баҳор, яшариш ва янгиланиш рамзи – Наврўзи олам қутлуғ қадами билан ўлкамизга кириб келмоқда.

Мана шу улуғ айём билан сиз азизларни, бутун халқимизни чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Ҳурматли юртдошлар!

Наврўз барчамиз учун азал-азалдан аввало табиат уйғониши, шарқона янги йил дебочаси, маънавиятимизнинг узвий қисмига айланиб кетган энг қадимий, асл миллий байрам сифатида азиз ва мўтабардир.

Ҳақиқатан ҳам, бу дилбар фаслда офтоб чарақлаб, еру кўкни қиздириши билан биз ҳам ўзимизни худдики янгитдан туғилгандек ҳис қиламиз, қалбларимиз, юракларимиз пок ниятларга тўлиб, бутун вужудимизда янги куч-ғайрат жўш ургандек бўлади..

Айни шу мунаввар кунларда инсон табиатдан баҳра олиб, сумалак ва ҳалим, гўжа ва кўксомса каби баҳорий неъматлар тортилган дастурхонлар атрофида Наврўз қувончини ўз яқинлари, дўсту биродарлари билан баҳам кўришга интилади.

Айни шу гўзал паллада бетакрор Ватанимизнинг барча гўшаларида – Фарғона водийсидан Сурхон тоғларигача, қорақалпоқ диёридан Самарқанд боғларигача, Тошкент воҳасининг ям-яшил қир-адирларигача – халқимиз, кексаю ёш юртдошларимиз табиат билан уйғун бўлиб, сайил-томошалар ўтказиб, Наврўзни катта хурсандчилик билан кутиб олмоқда.

Саховатли заминимизда яшайдиган барча-барча инсонлар, қайси миллат, қайси элат вакили бўлишидан қатъи назар, бу ажойиб байрамни ягона оила бўлиб, шоду хуррамлик билан нишонламоқда.

Айни шу дамларда халқимизга мансуб бўлган бағрикенглик ва меҳрибонлик, кексаларнинг дуосини олиш, етим-есирларнинг бошини силаш, муҳтож ва кўнгли ярим одамларга беминнат ёрдам бериш каби юксак фазилатлар яна ва яна бир бор ўзининг тасдиғини топмоқда.

Бу буюк ва бетакрор айёмнинг яна бир ноёб хислати шундаки, баҳор келиши, гул-чечаклар очилиши билан ҳар қайси инсон ўз оила аъзолари, қадрдонларини бағрига босиб, нафақат таниш, балки нотаниш одамларни ҳам қутлаб, соғлик-омонлик, бахт ва омад тилайди, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, аҳиллик тобора мустаҳкамланиб боришини, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлишини истайди.

Неча минг йиллик тарихдан маълумки, Наврўз фаслида турли низо ва адоватлар унутилади, одамлар ўртасида меҳр-оқибат, шафқат ва мурувват, ҳамжиҳатлик каби инсоний туйғулар янада кучаяди.

Наврўзи оламнинг умуминсоний цивилизация ривожига қўшган буюк ҳиссасини инобатга олиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шу йилдан бошлаб бу айёмни Халқаро Наврўз куни деб тан олгани албатта бежиз эмас ва бу барчамизга катта ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Қадрли дўстлар!

Бағрикенг ва меҳмондўст халқимиз ўзига раво кўрган яхшилик ва эзгу тилакларни доимо ўзгаларга ҳам раво кўради.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда иштирок этаётган, бизга яхши ният ва хайрихоҳлик билан қарайдиган, мамлакатимиз тараққиёти учун катта кўмак бераётган хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига, чет эл ваколатхоналари вакилларига, узоқ-яқиндаги дўсту ҳамкорларимизга самимий миннатдорчилик билдириб, уларни чин дилдан қутлашга рухсат этгайсиз.

Азиз ва қадрли ватандошларим!

Кўкламнинг беғубор нафаси уфуриб турган, деҳқонларимиз янги орзу-умидлар билан ерга уруғ қадаётган шу қутлуғ паллада барчангизни бағримга босиб, Наврўз байрами билан яна бир бор муборакбод этаман.

Шу гўзал майдонга файз бериб ўтирган муҳтарам фахрийларимизга, мунис опа-сингилларимизга, чеҳрасида хуш кайфият, куч-ғайрат порлаб турган ёшларимизга, менинг азиз фарзандларимга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва самимий тилакларимни билдиришдан бахтиёрман.

Илоҳим, мана шундай хурсандчилик билан бошланаётган Янги йилимиз Ватанимизга тинчлик, бахту саодат, ободлик ва фаровонлик олиб келсин.

Деҳқонларимизнинг омадини берсин!

Ҳосилимиз мўл, хирмонларимиз баланд бўлсин!

Хонадонларимиздан файзу барака аримасин!

Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!</strong>

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *