Исмат Хушев
“Тошкентга саёҳат” номли хотиралар туркумидан
Тошкентдан Қашқадарёга сафар (19)
Самат акам…
Менинг Неъмат ва Рахмат исмли акаларимдан ташқари яна бир акам бор. У кишининг исмлари – Самат!
Самат ака туғишган акам бўлмаса ҳам, бугун у киши менга туғишгандан ҳам зиёд.
Бу ака-укачиликнинг ўзига хос тарихи бор…
…Улуғ Ватан урушидан қайтганидан сўнг, уйланиб, оилали бўлган отамни Китобдаги болалар уйига директор этиб тайинлашган.
Ҳар куни кечқурун ишдан сўнг уйга кетаркан, уч тўрт ёшлардаги бир бола отамдан ҳеч ажралишини истамай йиғлаб қолавераркан. Шу-шу отам унга эътибор берадиган ва тез- тез ўзи билан уйга олиб келадиган бўлади.
Болакай ўзи ҳақида сўраганларга фақат исми Самат эканини айтаркан, холос. Ота онаси ким, қаерда туғилганлигини билмаскан…
Урушдан кейинги йилларда турли баҳонаи сабаб билан ота-онасини йўқотган ва уйидан ажралиб қолган етим болалар Ўзбекистонда жуда кўп бўлган.
Бу орада онам ҳам унга ўрганиб қолибдилар. Ва охир оқибат отам ҳеч кими йўқ бу қора қош ва жингалак сочли гўдакни ўзларига фарзанд қилиб оладилар.
Кўп ўтмай туғилган биринчи фарзандларига Саматга уйқаш қилиб – Неъмат деб исм қўйишади.
“Саматимиз бор, буниси Неъмат бўлсин” дедик деб исмларимиз тарихини ҳикоя қилиб берган эдилар кейинчалик отам.
Кейин туғилган акамга Рахмат деб ва ниҳоят менга Исмат деб ном қўйишган…
Самат акам ўнинчини битириб, Қаршидаги пединститутга ўқишга киради. Рус тили филологияси факультетинин тугатиб, Китобга келиб ўқитувчи бўлиб ишлайди.
Отам Китобнинг “Қизил Октябрь” маҳалласидаги Ширин исмли қизга совчи бўлиб, Самат акамни уйлантириб қўяди. Унга ҳақиқий оталик қилади.
Бугун Самат акамнинг Тўлқин, Ёлқин, Солик ва Фазилат исмли аллақачон оила қуриб, уй жойлик бўлиб кетган катта-катта фарзандлари, бир этак невара-ю, чеваралари бор.
Китобга борганда биринчи бўлиб шу акамни зиёрат қилдим.
Опам — Канададан ҳар гал телефон қилганимда “Самат акам сани кўп сўрайди, ҳар эслаганида кўзларидан дув-дув ёш оқади, кўнгли жуда бўшаб қолган” дерди…
Отам Самат акамга Китобдаги ҳовлимизнинг шундоққина тепасидаги жойдан ер олиб, уй қуриб берган эди.
Район марказидаги колхоз бозоридан чиқиб, аввал — уларникига, сўнг тепаликдан зинопоялар орқали пастга тушсангиз — бизникига борилади.
Болалигимдан кўзларимга бир бутун олам бўлиб кўринган, одамларга, турли туман савдо расталари-ю, сотиш учун деворларга осиб ташланган катта-кичик гилам ва кўрпачаларга, тўла бўлган сергавжум ва сершовқин Китоб бозори бугун кичкинагина бўлиб, мунғайиб, ҳувиллаб қолибди.
Якшанба тугаб, душанба бўлганиданми ё ҳали кун эрталиги учунми, ҳар қалай бозорда одам сийрак, сотувчи-ю, олувчиларлар деярли йўқ эди.
Бозордан чиқаверишда доим гавжум бўлган автомашиналар “стоянка”си ҳам бўм бўш, бир сўз билан айтганда бу ерларнинг олдинги кўрку тароватидан асар ҳам қолмаган эди.
“Ҳаёт ҳар ерда ҳаёт” деганлари шу бўлса керак- да…
Самат акамнинг ўша – мўжазгина уйи ва ҳовлиси, ҳозир ҳам колхоз бозоридан чиқишингиз билан “ярқ” этиб кўзга ташланади.
Бу уй, бу ҳовли ва бу дарвоза ҳам кўзларимга жуда иссиқ ва жуда қадрдон бўлиб қолган.
Уни кўришим билан болаликдаги қайноқ хотиралар хаёлимга қуюндек чарх уриб қуюлиб кела бошлади…
…Мен доим Тошкент ё Москвадаги ўқишимдан Китобга таътилга келарканман, Самат акам мени ҳар гал мана шу уй остонасида кутиб олар ва яна кетар пайтим шу ердан кузатиб қоларди.
Самат акам доим мени кузатиб қўяркан, “Акам қанча пул берди?” деб сўрар, сўнг секин аста чўнтагидан қирқ ё эллик сўм чиқариб менга тутқазарди…
Одам студентлик даврида кимдан пул олган бўлса уни ҳеч қачон эсидан чиқармаскан, умрбод ёдида тутаркан.
Менга ҳам талабалик йилларимда Тошкентда устозларим Маҳмуд Сатторов ва Маҳкам Маҳмудовлар пул бериб туришарди.
Баъзи баъзида Абдулла ака саҳийлик қилиб қолар, лекин бу саҳийлик доим пулда эмас, зиёфат ва ичимликлар шаклида намоён бўлгани учунми негадир унчалик ёдимда қолмаган…
Китобда эса менга отамдан ташқари пул бериб турадиган фақат бир киши – Самат акам бор эди.
Акамнинг дарвозаси олдига келиб, эшик тирқишидан ичкарига мўралайман. Қувонч ва ҳаяжондан юрагим ҳапқириб, кабўтардек кўкрагимдан чиқиб учаман дейди…
Уй бир зумда қий чув бўлиб кетди. Ширин янгам, жиянларим, набиралар бари шу ерда экан.
Фақат акамнинг чиқишлари негадир узоқ чўзилгандек бўлди. Янгам, жиянларим, набиралар билан кўришарканман, икки кўзим акам чиқадиган эшикда эди.
Самат акам Тўлқин ва Ёлқинга шу ҳовлидан уй қуриб, Соликка эса бошқа жойдан участка олиб берган эди.
Ўн йил ўтса ҳам улар ҳануз бирга туришаркан. Фазилат қишлоққа келин бўлиб кетибди.
Ва ниҳоят ичкари уйдан Самат акам кўриндилар.
Бир қўлида ҳасса, бир қўлидан набиралар ушлаган куйи: “Укажоним келибди, Исматжоним келибди” деганича икки букилиб, ўксиб-ўксиб йиғлаганча судралиб келаётган мўйсафидни кўриш мен учун ниҳоятда оғир эди.
Ё алҳазар! Менинг доим ёш ва навқирон юрадиган, бардам бақувват акажоним ниҳоятда кексайиб қолибди…
Бундай пайтда сўзлар ортиқча.
Қучоқ очиб, бағримизга ташланарканмиз, бир-биримизни қучоқлаганча, ҳунг-ҳунг йиғлаб, анча муддат туриб қолдик.
Самат акамнинг қадрдон ва меҳрибон бағрида мен ўзимни худди отам бағрида тургандай бир юпанч туйдим…
— Ман сани кўролмай ўлиб кетаман деб ўйлаган эдим, Исматжон! – ниҳоят акамнинг ўзига келиб айтган биринчи сўзи шу бўлди.
Мен ўзимни йиғидан ҳеч тўхтата олмас эдим. Акамни қучоқлаганча ўпкам тўлиб йиғлар эдим.
Акамнинг ниҳоятда кексариб, умри ўтиб кетгани учун, ҳаётнинг шунчалар бешафқат ва қисқалиги учун, омад биздан юз ўгириб, Хушевлар сулоласи ҳам бу ёруғ дунёни бирин кетин тарк этаётганлиги учун ўксиб ўксиб йиғлар эдим…
Гарчи, ўлим ҳар бир инсон учун азалий қисмат эканлигини яхши билсам ҳам…
Ҳеч ким бу дунёга устун бўлиб қолмаслигига ақлим етса ҳам…
Акамни қучоқлаб, дунёни унутиб йиғлар эдим…
Мен туғилиб ўсган уй…
Акам билан дийдорлашиб бўлгандан сўнг, “опамникига кетамиз, бу кеча ўша ерда гурунглашиб ётамиз, тайёргарлигингизни кўриб туринг” дедим-у, аллақачон дарвоза олдида йиғилиб улгурган қўни-қўшнилар билан бирма-бир сўрашиб чиқдим.
Сўнгра секин аста зинапоядан пастга тушиб ўзим туғилиб ўсган ҳовлига ўтдим.
Мен ҳар гал оилам ва бола чақам билан Тошкентдан келаркан, дарвозадан киришимиз биланоқ гулзорда ўтоқ қилиб турган онам ўт ўлан ва ажриқ тўла этакларини қоқиб бизга пешвоз чиқардилар.
Бугун мени ҳеч ким кутиб олмади. Ҳовли ҳам олдинги файзу тароватини йўқотган, эгаси кўчиб кетган шийпондай ҳувиллаб қолган эди.
Энди олдинги гулзор йўқ, анор бутоғлари ҳам кавлаб ташланган, фақат отам авайлаб асраб парваришлайдиган узум токларигина у ер бу ерда мунғайиб барг чиқариб турарди, холос…
Ҳамма нарса инсон ва унинг меҳнати билан гўзал деганлари рост экан.
Одам яшамаганидан кейин ҳовли жой ҳам, уй ҳам ғариб ва кўримсиз бўлиб қоларкан.
Беш олти йил бурун опам эгасиз қолган Китобдаги ҳовлимизга қараб туришар деб район марказий касалхонасида ишлайдиган бир ҳамшира жувонни оиласи ва болалари билан уйимизга кўчириб келтирган экан.
Ижара ҳақи тўлаш шарт эмас, фақат уйга қараб турсанглар бас деб…
Ҳовлининг чиннидай топ тоза қилиб супурилгани, ипларга қатор қилиб “кир”лар илингани бу ерда ҳар қалай энди одам яшаётганидан дарак берарди.
Дарвозадан киришим билан узум ишкомлари остида қурилган икки қаватли темир чорпояга кўзим тушди.
Мулозимлик йилларимдан эсдалик бўлиб қолган бу “кошона”ни арзимас пулга Китобдаги довруғли совхоз директорларидан бири Зариф Бурҳонов қуриб берган эди.
Ҳар гал Тошкентдан келганимизда онагинам шу ерга кўрпачалар солиб, бизни топган тутгани билан меҳмон қиларди.
Кечаси ҳам шу ерда бола чақам билан янги атлас кўрпачаларда узунасига қатор қилиб ҳаммамизга битта қилиб жой солиб берардилар.
Ярим тунгача онам, отам, фарзандларим билан бирга юлдузларга термулиб, суҳбатлашиб, гурунглашиб, дардлашиб чиқардик.
Бугун бу чорпояда ҳеч нарса тўшалмаган, бўм бўш…
Отам ҳам, онам ҳам энди бу ҳовлида бизни ҳеч қачон қарши олишмайди…
Энди уларни кўриш учун қабристонга бориш керак…
Юрагим сиқилиб, тўппа тўғри ҳовлига тушдим.
Мулозимлик йилларим ҳовлимиз адоғидаги гилос дарахти остида қурилган ҳовуз энди сувсиз қуриб ётар, ҳовлимиз ортидаги қум шағал саралаш ва бетон қуйиш заводидан ер ости орқали улаттирган артезиан суви трубалари тамомила қирқиб ташланган эди…
“Ўзи йўқнинг кўзи йўқ” деб шуни айтсалар керак-да…
Сувсиз ва эгасиз қуриган, емирилиб, ташландиқ ҳолга келиб қолган ҳовуз ёнидан ўтиб, онам доим бизга — набираларига иссиқ-иссиқ нон ва кулчалар ёпиб берадиган тандирхонага кирдим.
Оҳ, онажоним! Қани энди бир маротаба бўлса ҳам яна ўшандай нон ва кулчалар ёпиб берсангиз, онажон!
Сиз пиширган ва кейин дунёнинг ҳеч бир бурчида кўрмаган ва топмаган ўша иссиқ нонларингизни мен бугун жуда ҳам соғиндим, она!
Тандир ёнидаги оташукурак, нон ёпиш учун онажоним қўлларига киядиган рапида, чўғ оладиган ҳокондозлар бир четда ғариб ва мунғайиб турарди.
Энди уларни ишлатадиган онам йўқ…
Уйга кирдим.
Мен туғилиб, улғайган, камол топган уй!
Энг аввал коридорга кирилади. Қиш ва куз пайтлари бу ердаги сандал (танча) атрофида ўтириб эрталаблари сутчой, қаймоқ ва иссиқ нон билан нонушта қилардик.
Кечаси ҳам аксар ҳолларда шу ерда оёқларимизни чўққа иситганча ухлаб қолардик…
Бугун бу хоналар тамом ўзгача — менга нотаниш жиҳоз ва буюмлар билан безатилган.
Сўнгра “расмхона”га кирдим. Ғира шира ёдимда: Отам урушдан олиб келган фотоаппарати билан сурат олишга қизиқардилар.
Ўшанда уйимизнинг мана шу хонасини расмхонага айлантириб, кечалари билан расм ишлаб чиқардилар…
Расмларнинг чиқиши ҳам жуда гўзал эди: Пленкаларни қоронғуда “очиш”, оппоқ қоғозларни аввал дориланган сувга солиб, сўнг бир лаҳза ўтгач уларда сувратлар акс этишини томошо қилиш ва расмларнинг сув юзига қалқиб қалқиб чиқишини кузатиш мен учун жуда завқли эди…
“Этажерка”да отам ўқийдиган китоблар чанг босиб ётарди: В.И.Ленин ва И.В.Сталиннинг қатор-қатор, қалин-қалин томлари, Карл Марснинг “Капитал”и, Маршал Жуков: “Хотиралар”, Н.С.Штеменко: “Бош штаб уруш йилларида”, “Вольф Мессинг: Ўзим ҳақимда”, Увайсий, Нодира, Лутфий ва Огоҳий китоблари…
“Этажерка”нинг энг пастки полкасида эса Москвада чиқадиган “Пчеловодство” журналининг бир неча йиллик тахламлари ётарди.
Отам қишлоқ мактабларидаги ўттиз беш йиллик муаллимликдан сўнг “энди бу касбнинг обрўйи қолмади, ўқитувчини бугун ҳеч ким менсимай қўйди” деб умрининг охирги йилларида тоғларга чиқиб кетган ва у ерда асаларичилик билан шуғулланиб юрар эдилар.
Бу журналлар отамнинг ўша кимсасиз тоғу тошларда асалари боқиб юрган “тарки дунё” йилларидан ҳикоя қилувчи ҳам ёруғ, ҳам маҳзун бир хотиралар манбаи эди…
“Этажерка” ёнидаги сандиқнинг устидан увадаси чиқиб, титилиб кетган кўрпачаларни олиб, очиб кўргим келди.
Чунки бу ерда кўраётган ҳар бир нарса, ҳар бир буюм менга азиз ва меҳрибон отам билан онамни эслатиб турарди.
Мен ҳали Канадага қайтганимдан кейин бу маҳзун хотиралар билан яна неча йиллар ўзимни овутиб яшашим керак эди…
Сандиқдан отамнинг орден ва медалларга тўла костюми чиқди…
Уни оҳиста қўлимга олиб, бағримга босдим.
Во ажаб, отажонимнинг шунча йилдан бери йўқотиб қўйган, излаб юрган ҳидлари думоғимга келиб урилди…
Кўзларимдан халқа халқа ёш маржон бўлиб оқа бошлади…
Отажоним, отажонгинам!
Худбин ва енгилтак, бу ҳам етмаганидай, қайсар ва шаккок ўғлидан норози бўлиб бу ёруғ дунёни тарк этган отам!
Энди мен бу фиғон-у, армонларимни кимга айтиб, бошларимни қайларга урай, ота?!
Отажон!
Наҳот бу дунёнинг инсон учун очган мўъжизаси шу билан тугаса, барҳам топса?!
Наҳот энди бирин кетин фарзандларинг ҳам бу кўҳна дунёни тарк этиб, ёнингга боришса, отажон?!
Шунчалик қисқами инсонга ажратилган умр ва унинг яшаш фурсати?
Мен ҳали ҳаётга тўймадим, ота! Ҳали орзуларим ушалгани йўқ!
Лекин ҳаёт — барибир ҳаёт! У бизнинг оҳу нолаларимизга қулоқ солармиди…
(давоми бор)
Ismat Xushevning bu xotiralarini o`qib men ham yigladim…