Исмат Хушев
“Тошкентга саёҳат” номли хотиралар туркумидан
Тошкентдан Қашқадарёга сафар (20)
Қариндошлар дийдори…
Китобдаги дилором кунларим ҳаётимнинг энг энг ёруғ ва мунаввар дамлари бўлиб хотирамда абадул абад яшаб қолса керак.
Узоқ муддат кўришмаган қариндош уруғлар, ёру биродарлар билан дийдорлашиш нақадар катта бахт ва саодат эканини мен Китобда билдим.
Одатда биз қариндош уруғларнинг қадрига кўпам етавермаймиз. Нафақат қариндош уруғ, баъзан опа сингил, ака ука ва ҳатто ота онамиз қадрига ҳар доим ҳам етавермаймиз.
Қачонки, уларни тўсатдан йўқотиб қўйсак, айрилиб қолсак – кейингина «вақтида қадрига етмаган эканман» деб афсус ва надомат чекиб юрамиз…
Китобда менинг икки нафар холам бор — онамнинг сингиллари.
Улар аллақачон етмишдан ошиб, саксонга қараб боришяпти. Лекин опамнинг гапига қараганда иккалови ҳам ҳали бардам ва бақувват:
— Онамнинг қон босими баланд эди. Неъмат акамнинг навқирон ёшдаги ўлимини кўтаролмадилар… – кўзларига ёш олади опам.
Опамнинг таклифи билан бозордан майда чуйда харид қилиб, шу икки холамни кўргани бордик.
Катта холам уйда йўқ экан. Набираларини соғиниб, Тошкентга кетибди.
Кичик холам уйда экан. Кўзлари кўрмай қолибди — поччам билан етаклашиб чиқди.
Менинг келганимни эшитиб, уввос солиб йиғлай бошлади: “Опагинам кўрмади-да санинг келишингни, ўргилай Исматжон…”
Холамнинг қучоғида онамнинг бўйларини туйгандай бўлдим. Томоғимга аччиқ бир нарса келиб тиқилди: “Энди шуларнинг умрини берсин, илоҳим…”
Мен аввал акам, сўнг ота онам вафотидан сўнг етимликнинг аччиқ қисматидан гангиб, ниҳоятда ёлғизланиб қолган эдим.
Илгарилари биров ранжитса ёки ҳаёт ғавғоларидан толиқиб, руҳим озор чекса уйга – ота онам бағрига талпинардим.
Уларнинг далда-ю мададлари, оқилона маслаҳат ва қўллаб қувватловлари боис яна янги руҳ ва яхши кайфият билан Тошкентга жўнаб кетардим.
Хар қалай хато қилсам — тўғри йўл кўрсатадиган, йиқилсам — суяб турғизиб қўядиган одамларим бор эди.
Улардан айрилганимдан кейин эса ҳаёт зарбаларига ортиқ дош беролмай, бу ерда энди мен учун жой куйдирадиган ҳеч кимим қолмади деб хориж эллар сари юз бурган эдим.
Холамнинг уввос солиб, қучоқлаб ардоқлашидан бошим айланиб, мени ҳам “болам” деб бағрига босадиган одам бор экан деб қувондим.
Етим кўнглим узоқ йиллик хору зорликдан сўнг илк маротаба юпанч ва осойиш топгандай бўлди…
Ўша оқшом алламаҳалгача холам, поччам ва жиянларим билан сирлашиб чиқдик.
Ажаб, холамнинг қайноқ меҳри ва дил тафтини юрак юрагимдан ҳис қилгандан кейингина холалик завқи нақадар сурурли бўлишини кейинги ўн йилликларда биринчи маротаба яна сезгандай бўлдим…
Эй, Сиз, хола, аммаси борлар,
Момоси-ю, тоғаси борлар,
Амакиси, божаси борлар,
Янга, бека, чечаси борлар,
Қандай бахтли инсонсиз!
деб ҳайқиргим келарди…
Акамнинг синфдошлари…
Мен олдин ҳам ҳар гал Китобга келсам, биринчилардан бўлиб раҳматли Неъмат акамнинг синфдош дўстларини зиёрат қилишни одат қилгандим.
Нима учунлигини билмадим. Акамни ҳаддан зиёд яхши кўрганим учунми ё унинг кутилмаган ва бемаъни ўлимида ўзимни ҳам қайсидир маънода айбдор сезганим учунми, ҳар қалай, у кишининг яқин дўстлари ва синфдошларини кўрсам акамни кўргандай, у билан суҳбатлашгандай бўлардим.
Бу гал ҳам биринчилардан бўлиб акамнинг энг яқин дўсти Бахтиёр Абдуллаевни излаб уйига бордим.
Агар ёдингизда бўлса мен бу ажойиб инсон ҳақида “Оқланмаган ишонч қиссаси”да ҳам анчагина илиқ ва самимий гап сўзларни эълон қилган эдим.
Хусусан, у кишининг тажрибали шифокор бўлиш билан бирга, яхшигина шахмотчи ҳам эканини, ўзи ҳам баъзан мана-ман деган “шоир”лардан да дурустроқ шеърлар ёза олишини айтиб, баъзи мисоллар ҳам келтирган эдим.
Бахтиёр ака раҳматли Муҳаммаджон Раҳмонов билан ҳам яқин дўст ва даврадош эканини, биз ҳар гал шоир билан Тошкентдан Китобга келганимизда — кетгунимизга қадар биздан ажралмай, биз билан бирга бўлишини ёзган эдим.
Ҳатто Хайриддин Султоновнинг ашаддий мухлиси эканини, унинг Бобир ҳақидаги китобининг бутун бир бобларини то ҳануз ёд билишини ҳам ажиб бир ҳайрат ва ҳаяжон билан баён қилган эдим.
Хуллас — биринчи бўлиб шу кишини изладим. Уйида у киши бугун ишда – навбатчиликда эканини айтишди.
Бугун гарчи якшанба бўлса ҳам, лекин касалхоналар учун дам олиш куни бўлмаслиги, бу ерда врачлар галма-гал навбатчиликда туриши ҳаммага маълум.
Бахтиёр ака Китобдаги вилоят сил касалликлари шифохонасида бўлим мудири эди.
Район марказидан чиқиб, Китобнинг Варганза ва Башир номли тоғли қишлоқлари сари бораверишдаги кўркам ва баҳаволи – она табиатнинг энг тоза ҳаволи бурчида жойлашган бу шифо масканига мана сал кам ўттиз йилдан бўён Неъмат акамнинг яна бир синфдош дўсти — Қаҳрамон Жўраев Бош врачлик қилади.
Мен борганда Бахтиёр ака дарвозадаги қоровулга “Мени излаб Исмат Хушев келади, ҳузуримга ўтказиб юборасиз!” деб тайинлаб қўйган экан. “Демак уйидагилар у кишига излаб борганимни аллақачон телефон қилиб айтишган” деган фикр ўтди хаёлимдан.
Касалхонага киришга улгурмай туриб, Бахтиёр аканинг ўзлари рўпарамдан қучоқ очиб чиқиб қолдилар:
— Исмат Хушевга шон-шарафлар бўлсин!
Биз — узоқ вақт – роппа роса ўн йил кўришмаган икки ака ука, икки дўст ва икки адабиёт мухлиси бир биримизни маҳкам қучоқлаб, қўйиб юборишни ҳеч истамасдик.
— Исмат Хушевга шон-шарафлар бўлсин! – дедилар яна бир бор Бахтиёр ака.
Бахтиёр ака билан ҳар гал кўришарканмиз, бу бизларнинг “салом-алигимиз” ёки содда қилиб айтганда, шунчаки “кўришиш “пароли”миз эди.
“Сизга ҳам шон-шарафлар!” – деб жавоб қайтаришим керак эди мен одатда.
Лекин бу гал ҳаяжонланганимданми ё кўришмаганимизга ҳаддан зиёд кўп вақт бўлгани учунми, қалбимдан беихтиёр: “Мен Сизни соғиндим, ака!” деган бир нидо отилиб чиқди…
Касалхона врачларининг уст боши ва халатидан ҳамиша дори дармон ва эмил спиртининг ўткир ҳиди димоғимга уриларди.
Раҳматли Неъмат акам район касалхонасининг қон қўйиш бўлимига мудир бўлгани учунми, билмадим, уст боши ва халатидан доим қон ва этил спиртининг ўткир ҳиди таралишига ўрганиб қолган эдим.
Негадир Бахтиёр акада ҳам мен ҳар гал ўлиб кетган акамдагина бўлган қадрдон бир ҳидни туйгандай бўламан.
Бу гал ҳам шундай бўлди…
Бахтиёр ака ишлайдиган шифохонанинг шундоққина рўпарасидаги автобус бекатида “Кундалик эҳтиёж моллари” магазини бор. Бу савдо дўкони раҳматли акамнинг яна бир синфдош дўсти Абдужаббор акага тегишли.
Уйлари ҳам шундоққина бекатнинг ўзида, қурилган шу савдо дўконининг орқасида жойлашган.
Менинг келганимни эшитиб, у киши ҳам кўчага отилиб чиқдилар.
Бир оёқлари калта бўлгани учун ҳамиша чўлоқланиб юрадиган Абдужаббор ака Неъмат акам вафот этганидан бўён бизнинг оиламиздан ўзларини олиб қочар, гўё акамнинг ўлимида то ҳануз ўзини айбдор деб сезар эди.
Акам айнан мана шу дўстини ўз уйига ошга олиб бораман деб ёмғирли кунда машинасини тез ҳайдаб кетаётиб аварияга учраган ва охир оқибат уч кун ўтиб жигари эзилганидан вафот этган эди.
Бу ҳақда “Оқланмаган ишонч қиссаси”да батафсил ёзганман.
Абдужаббор ака билан ҳам қучоқ очиб, йиғлаб кўришдик.
Умуман мен раҳматли акамнинг қайси синфдошини кўрсам, шунақа — кўз ёшларимни тийиб туролмайман…
Рўпарамда ҳануз ўзини гуноҳкор сезгандай мутеъларча бош эгиб турган Абдужаббор аканинг меҳнатда қорайган юзларига, гуноҳкорлик ва пушаймонлик яширилган кўзларига боқиб “Ўтган ишга саловот, акам-ку — ўлди, энди қолганларга умр берсин” дейман-у, барибир айрилиқ ҳажрига чидаш қийинлигидан ич ичимдан азоб чекавераман.
Менинг бутун вужудимни эгаллаб,томирларимгача зирқиратиб юборадиган бу дард ва бу ҳасрат кўламини ўз жигарини бевақт йўқотганларгина қалбан ва теран ҳис қилишлари мумкин…
Мен борганда Абдужаббор аканинг туғилган куни бўлиб, акамнинг барча синфдошлари у кишиникида йиғилган экан.
Бахтиёр ака билан олдинма кейин ичкарига кирамиз.
Абдужаббор аканинг меҳмонхона эшигини очиб: “Исмат келди, ўртоқлар, Исмат!” деб ҳайқирганига жавобан: “Қайси Исмат?” деган ҳайратомуз сўзлар янграйди.
— Исмат Хушев келди! – деганидан кейингина боягина шовқин сурон ва ғала ғовурга тўла хона узра секин аста ажиб бир сукунат чўкади.
— Исмат Хушев келди! – такрорлайди яна Абдужаббор ака.
Хонадан энг аввал гандирклаганча Тўйча ака чиқиб келди. Мени кўриб, кайфи тарқаб, бир лаҳза ўзини йўқотиб қўяди. Кўзларига ишонмай қайта қайта тикиларкан: “Исмат, укажон” деб ўзини менга отади…
Тўйчи акадан кейин Абдужаббор аканинг сўзлари рост эканига ишонч ҳосил қилган бошқалар ҳам бирин кетин ташқарига отилиб чиқишади…
Ўша куни биз алламаҳалгача Абдужаббор аканикида қолиб кетдик.
“Йўқларни эслаб бир пас, сўнгра у ёқ, бу ёқдан, ўтган кетган, баланд паст, гоҳ калла гоҳ туёқдан” деганларидай анча пайтгача бу ажиб дунёнинг сир-у асрорлари, оҳу-зорлари, кулфатлари, ҳасратлари ва ҳайратлари ҳақида суҳбатлашиб ўтирдик.
Яширмайман, сўрашиб бўлган заҳоти уларнинг биринчи берган саволлари қандай қилиб Ўзбекистонга қайтганим бўлди. Мен ҳам яширмай, ростини айтдим: Президентга кечирим сўраб хат ёздим, у киши Ватанга келишимга рухсат берди деб…
Мен бу сўзларни меҳр ва қувонч билан, фахр ва ҳаяжон билан айтдим. Улар менга ишонишди!
Биринчи бўлиб Ислом Каримов билан Москвада — СССР халқ депутатларининг биринчи съездида биргаликда тушган суратимиз ҳақидаги шеъримни ўқиб бердим:
“Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга” деб номланувчи бу шеър “Дунё ўзбеклари”да ҳам эълон қилинган:
Сиз билан суратга тушиш — жасорат,
Уни эълон қилиш – қаҳрамонликдир.
Мухолифат учун – бу бир ҳақорат,
Мен учун – шараф ва каҳкашонликдир!
Улар билмайдилар, тарих — бу сурат.
Уни сир тутмоқлик – ғирт нодонликдир.
Менинг қалбимдаги эҳтиром, ҳурмат
Улуғ юртбошчига – меҳрибонликдир!
Шеърни ўқиб тугатишим билан даврада қарсак садолари янгради…
Кўнглим тўлиб кетган экан, шекилли, ўша куни акамнинг синфдошларига ўн йил ўқимаган шеърларимни ўқиб бердим-ов…
Дунёнинг ишлари ростдан ҳам қизиқ. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида туғилган, бугун энди олтмишдан ҳам ошиб қолган раҳматли акамнинг синфдош дўстлари мендан фақат ишқ ва муҳаббат ҳақида шеър ўқиб беришимни сўрашарди.
Ҳолбуки, уларнинг деярли ҳаммаси аллақачон невара чеваралик бўлиб, секин-аста кексалик ва мўйсафидликни қабул қилишаётган бўлсалар-да, лекин фусункор ва ишққа зор кўнгиллари ҳануз муҳаббатни қўмсар эди…
(давоми бор)
Yuraklarim ezilib ketdi. Yaxshiyam siz borsiz, Ismat Xushev, saytingiz bor,yo`qsa bu dunyo men uchun mazmunini yo`qotgan edi.