• Сб. Ноя 9th, 2024

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Оқланмаган ишонч қиссаси»нинг янги боби ўқувчилар муҳокамасида…

Апр 6, 2012

АРМОН (Эссе)

(Исмат Хушевнинг “Китобдаги синфдошларим – дафтардаги кўз ёшларим” номли хаётий ҳикоясини ўқиб).

Борингни менга бердинг хаёт китобим мактаб,
Афсус сени унуттим, вазифанг бўлгач ўтаб.

(Талант Александеров)

У ёши улғайиб, мўйсафидлик остонасига яна пича баҳя борлигини хаёл қиларкан, ўз бошидан ўтказаган яхши ва ёмон, эгар устида бўлган ва ундан тушган пайтларини кўп мулоҳаза этадиган бўлиб қолган эди.
Эҳ-ҳе, у ёш бошига нималарни кўрмаган эди.

Эллик ёшига етиб, унча мунча оқсоқол кўрмаган кунларни бошидан ўтказганини, ютуқлар нашидасини ва мағлубият аламини тотганини, қандай тарихий шахслар билан ҳамнафас бўлганини тўлалигича ундан бошқаси англамас, тушуниб етолмас эди.

Хаётидаги уни-буни қоғозга қоралагани, кимларгадир баъзи бошидан ўтказаган воқеаларни сўзлаб бергани, унинг бошидан ўтказган ҳодисотларини ўндан бирини ҳам ёритмас эди. У бошидан ўтказган хато ва ютуқларини тасаввурида ўзича сарҳисоб этар экан, уни хаёли ўша олис Шўро вақтларида ўқиган мактабга бошлаб келаверарди…

У Китоб ноҳиясининг Алишер Навоий номли мактабини битирганлигини ўйлар экан, ноҳиянинг Китоб деб номланиши билан битирган мактабининг Алишер Навоий ҳазратлари номи билан аталганлиги ўртасида бир узвий илоҳий алоқа борлигини даъфатан ҳис этар эди…

Бу ўлкада яшаб ўтганлар, айнан шу мактабда таҳсил олиб уни битирганларнинг аксарияти, тарихда ўз муносиб ўрнига эга бўлишини юрак-юрагидан ҳис этар эди ва Ватандаги ўзининг яқин тарихига қайтиб қолгандай бўлар эди…

Тангрининг инояти ва ўз билими, Китобликларга ҳос бўлган чўрткесарлиги, қўқрмаслиги, хақиқатни одам юзига андиша этмай шартта айтиб қўя қолиши ҳислатлари туфайли у Давлат раҳбарининг эътиборини қозонган, унинг ишончига кирган ва унинг доирасига тортилган инсон эди…

Аммо кўп йиллардан сўнг, тизим инсонни ишлатиб, ғийбатчи ва гуруҳбозларнинг санъаткорона ҳатти ҳаракатлари орқали Ватанга жонини фидо этадиган инсонларни ҳам унга душман қилиб кўрсатиш маҳоратини у бошидан ўтказмаган эди ва буни у тушуна олмас эди…

Ўша пайтларда у ўзича: -“мен энди Давлат раҳбарига яқинман ва умрбод яқин бўлиб қоламан…”,- деган хомхаёллари оғушига берилиб, ҳатто кўпни кўрган ўз отасининг бу борадаги, амал ўткинчи эканлиги, ўғлининг унга боғланиб қолиб, оддийликни унутиши, оддий одамлар билан ҳам яхши муносабатда бўлиб яшаши кераклиги, қолаверса пойтахтда доим бўлавермай, ота-онанинг хам розилигини олиб қолиш борасидаги донишманд сўзларини қулоққа олмас эди, чунки у “юлдузлик касалига” чалиниб бўлган, бу касалдан уни даволашга уринган азиз отасини “муолажасига” эътибор ҳам бермай қўйган эди.

Унга қартайиб қолган оқсоқолнинг сермаъно насиҳатларини эшитиш ўрнига, қайсидир қозининг меҳмонида бўлиш афзалроқ туюлган эди. Шу ўринда бу ҳатога фақат угина эмас, дунёдаги кўпчилик фарзандлар хам мубтало бўлганини, хаётнинг ўзи шунақа бир синов эканлигини у ўша пайтлар тушунмас эди, тўғрироғи бу хақда ўйламас эди…

У давлат вазифасидан нохақ озод этилгач, ногоҳон: — “Менга илмни ким берган эди ўзи, қандай қилиб шу даражага эришдим ва қандай қилиб ўз даражамдан пастланиб, давлатга керак эмас ҳолга тушдим”,- деб кўп ўйланар эди, аммо энди кеч — у ўз вазифасидан озод қилиниб, унга турли тазийқлар бошланиб кетган эди…

У мухожиротга отланиш олдидан охирги марта унга билим берган мактабини бир кўриб қўйиш, ёшлик даврларини эслаш ва ота-онасининг руҳини шод этиб, қабрларини зиёрат этиш учун туғилиб ўсган диёри — Китоб ноҳиясига бориб, мактабини ўз кўзи билан кўриб, худди мактаб ҳам ўз қалби сингари чўкиб қолганини кўраркан, чуқур ўйга толди, ичида: -“Э воҳ, билим берган, мени шу даражага етишимга сабабчи бўлган мактабим-устозларим, сиз менга билимни ўргатган эдингиз, борингизни берган эдингиз, менчи, мен сизларга бунинг эвазига нима қилдим, амалда бўлган пайтларимда мактабим, мен сени жилла қурса таъмирдан ўтказдириб беришга, устозларимни, у ердаги янги мураббийларни маошларини кўтариб беришга қурбим етар эди-ку”- дея, кўз ёш тўкди, беихтиёр.

Аммо энди кеч бўлган эди, унинг қўлидан ҳеч нарса келмас, унга Ватанни тарк этишдан ўзга йўл қолмаган эди…Чунки у адолатсиз тазийққа учраб, ўзи билиб-билмаган, Раҳбарининг атрофидаги уни кўролмайдиган одамларнинг қазиган чоҳига қулаган эди ва унга Ватанни тарк этишидай адолатсиз хукм улар томонидан аллақачон ўқиб бўлинган эди…

Орадан анча йиллар ўтиб, олис уммон ортидаги давлатларнинг бирида муҳожиротда яшар экан, у яна хато фикрларди: унинг ҳаёлида энди на отаси ва на Ватани йўқдай туюларди, билъакс Ватан ҳеч қачон йўқ бўлмаслигини, ундан олисда бўлса ҳам у қалбда абадий яшашини, вафот этган отасинг руҳи эса то қиёматгача уни қўллаб туришини у нимагадир тушунмас эди ва буларни барчасини абадий бой бергандай мулоҳаза юритар эди.

Отасининг панду-насиҳатлари худди башоратдай аниқ чиққанини у эндигина эътироф этар эди, ва унинг буюк шахс бўлганини тан олар эди.

Хаёт қизиқ, ер думалоқ эканда, у муҳожиротда мактабда бирга ўқиган синфдошини топди ва ундан энди мактабининг номи ўзгартирилганини эшитиб хафа бўлди, аммо бу мактаб тақдиридан ўзи амалдаги пайтларида лоақал бир марта бўлса қизиқмаганини хамда уни зиёрат этмаганини ўйламас эди.

Ўқитувчиларининг, мураббийларинг кўпи ҳозирда оламдан ўтганлиги хабарини эшитгач у изтироблар чекди, наҳот энди у ўз хатоларини тушуниб, ота ўрнида ота, она ўрнида она бўлган азиз устозларини бу дунёда учратмаса, “азизларим, сиз менга билим бердингиз, бунинг эвазига мен сизларни рози қила олмадим..”-, дея энди бу сафар у ўқириб йиғлаб юборди.

Хаёли уни синфдошлари билан бўлиб ўтган воқеаларга олиб келар экан, уларнинг баъзиларига қўлидан келадиган пайтлар ёрдам бера олмагани, баъзиларига эса ёрдам бераман деб, ёмонлик қилиб қўймадиммикин, деган мулоҳаза унга хечам тинчлик бермасди, тўғри у кўпчилигининг жонига оро кирган эди, аммо афсуски, баъзиларига ёрдам қўлини чўза олмаган, бунга давлат ишлари билан банд бўлиб, қўли тегмаган эди.

Барибир уларнинг ҳаёли билан ўша олис юртларда, ўша ёшликдаги беғубор эсдаликлари ҳиссиёти билан яшар эди…

У ўзининг ўша пайтдаги қилган хатоларини, бой берганларини ўйлаб, юраги баттар эзилар эди, чунки у ўша пайтларда қанчалик виқорга берилмасин, барибир иймонли инсон эди, чунки у турли рахбарларнинг айбини, уларнинг ёшини, амалини юзини қилиб ўтирмасдан шартта айтиб қўярди-қоларди.

Ватан, мактаби, ҳали хаёт бўлган устозлари, синфдошлари ва хамқишлоқлари тафтини туюш, энди унинг асосий армони эди. Ватанга қайтиш умиди мана неча йилларки, уни бир зум ҳам тарк этмаган, шу туйғу билан яшар эди.

Ҳаёлан у улар билан сўзлашар, айримларидан узр сўрар, айримларини бағрига босар, гарчи ўзи улардан ўн минглаб километр масофа узоқда бўлса ҳам, худди улар билан ёнма-ён тургандек, ҳеч қачон айрилмагандек ҳис этар эди…

У энди узоқ бўлган эзгулик йулидан кетар ва бу йўлдан ҳеч қачон бурилмаслигига қарор берган эди…

© Талант Александеров

Тошкент, 06.04.12й. 10:36 АМ

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *