
Ўзбекистонда олий таълим учун контракт тўловлари яна қимматлашган.
Norma.uz веб-сайти хабар қилишича, бундан кейин энг қиммат олий таълим юристлик ва дипломатия соҳалари бўлади, ушбу мутахассисликлар учун йилига қарийб 5 миллион сўм тўлаш талаб қилинади.
Таълим тўловлари Ўзбекистон Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги буйруғига асосан оширилган. Бунинг сабаби — Ўзбекистонда энг кам маош ва пенсияларнинг ўтган йилдаги оширилгани билан боғлиқ экани айтилган.
(Суъратда: Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бири талабаси ўқитувчиси устидан долларлар сочгани ҳақидаги видеони бугун ҳам Интернетда томоша қилиш мумкин)
Юрист мутахассисларнинг ушбу ўзгаришни шарҳлашларича, таълим олиш учун тўланадиган йиллик контракт тўловларини иккига бўлиб тўлаш мумкин.
Талаба бўлган кишининг ҳар бир янги ўқув семестри бошланишида контракт пулини тўлашига рухсат этилади.
Талаба йиллик тўловнинг биринчи қисмини сентябр ойида, иккинчи қисмини март ойида тўлайди.
2011-2012 ўқув йилида энг кам маош, пенсия ва нафақалар икки марта оширилгани, электр ва газ нархлари ҳам кўтарилгани инобатга олиниб март ойидан контракт тўловларини оширишга қарор қилинган.
Norma.uz веб-сайтига кўра, энди юристликка, халқаро муносабатлар ва халқаро иқтисод соҳалари бўйича таҳсил олаётган талабалар бир йилга 4 миллион 800 минг сўм тўлашлари лозим.
Педагогика бакалавриатида ўқиётганлар учун 3300000 сўмлик контракт пули белгиланган.
Йиллик контракт тўловининг аксари талабага ойлик стипендия қилиб тўланади.
Ҳозирги пайтда талабалар стипендияларининг аксари 220-230 минг сўмни ташкил этади.
Энг коррупциялашган соҳалардан бири
Ўзбекистонда бепул олий таълим тизимидан 1990 йиллар ўрталаридан воз кечилган, дастлаб жами талабаларнинг ярми давлат бюджетига, ярми контракт билан тўлаш тартибига ўтилган.
Шундан кейин йил сайин таҳсили давлат бюджетидан қопланадиган талабаларнинг сонини камайтириб келишга қарор қилинган.
Олий таълим Ўзбекистонда энг коррупциялашган соҳалардан бири ҳисобланади, ҳали Шўролар давридан «пул билан ўқишга кириш» муаммоси кенг тарқалган.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин давлат имтиҳонлари ўрнига тест синовлари жорий этилиши сабабларидан асосийси ҳам таниш-билишчилик ёки пора бериб ўқишга кириш олдини олишга қаратилган эди.
Бироқ соҳани ичидан яхши биладиган инсонларнинг айтишларича, тест тизимига ўтилганидан кейин «муаммо янада кучайган бўлса кучайган, камаймаган».
Ҳар йили 1 август куни бутун Ўзбекистон бўйича мобил телефонлардан sms-хабарлар юбориш хизматлари буткул тўхтатилиши ҳам олий ўқув юртларига киришдаги порахўрликни камайтира олмаган.
Кузатувчиларга кўра, мамлакатда юристлик касбига қизиқиш, ҳуқуқшунослик таълимини олиш тўловларининг юқорилиги махсус бир ижтимоий тадқиқотларга арзигулик мавзу ҳисобланади.
Ўзбекистонлик таниқли адвокат Руҳиддин Комилов айтишича, ёшлар орасида «мен прокурор бўламан» деган истакнинг мавжудлиги бу соҳада ишлайдиганларнинг маошлари баландлиги туфайли эмас.
«Бунинг сабабини мен айтмасам ҳам ҳамма билади», дейди Руҳиддин Комилов
Манба: ББС радиоси.