Исмат Хушев
Ясавулбоши прокурор эмас экан…
Президентнинг бош қўриқчиси Ахат Носиров – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШОС) нинг Тошкент бўлимида оддий консультант бўлиб ишлаяпти…
1.
Ўзбекистондаги сиёсий ҳаёт ростдан ҳам ғаройиб.
Куни кеча биз Президент Хавфсизлик Хизмати раҳбари Ахат Носировнинг сон саноқсиз кардикорларидан бир шингил ҳикоя қилган эдик.
Шундан сўнг кўп ўтмай унинг Тошкент вилоятига прокурор этиб тайинлангани ҳақида мақола ёзгандик.
Лекин бу хабар нотўғри бўлиб чиқди.
Бизга Президентнинг бош қўриқчиси Ахат Носиров билан бирга Президентнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш ишлари бўйича Давлат маслаҳатчиси Жамшид Файзиевлар бир вақтнинг ўзида бошқа ишга тайинланганларини хабар қилган манба йўл қўйган хатога кўра, биз уларнинг янги лавозимларини алмаштириб юборган эканмиз.
Бугун шу чалкашликка ойдинлик киритиш учун ушбу мақолани эълон қилишга қарор қилдик.
2.
Демак, Тошкент вилояти прокурори этиб, давлат раҳбарининг собиқ тан соқчиси Ахат Носиров эмас, балки Президентнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш ишлари бўйича Давлат маслаҳатчиси Жамшид Файзиев тайинланибди.
Умуман, Президентнинг куч ишлатар соҳаларни назорат қилувчи собиқ давлат маслаҳатчилари Бахтиёр Ғуломов, Темур Алимов ва Анвар Набиевларнинг тақдири аянчли ва фожеали тугуган бир пайтда Жамшид Файзиевга берилган бу лавозим нимани англатиши мумкин?
Бир қарашда, бу лавозим Президентнинг ёнида юрганида Ўзбекистон давлати куч ишлатар идораларини назорат қилиб юрган қудратли давлат маслаҳатчиси учун унга тақдим этилган янги мукофот бўлиб туюлиши ҳам мумкин.
Лекин аслида-чи?
3.
Аслида — Тошкент вилояти прокурорлиги — мустақиллик йилларига келиб, юқори давлат лавозимларидан урилганлар учун вақтинча “жон сақлаш” майдончаси бўлиб хизмат қилаётганини олий раҳбариятдагилар яхши билишади.
Бу ердан ҳали ҳеч ким обрў эътибор топиб, кўтарилиб кетмаган.
Энг сўнгги вилоят прокурорларидан бири пора билан ушланиб, соҳадан бутунлай урилиб кетди.
Иккинчиси эса, қўлга тушиб, узоқ муддатга қамалди…
Суратда: Генерал Ахат Носиров (ўнгда)
4.
Улардан бири — генерал Фахри Ҳайдаров.
Биз уни биз бир пайтлар академик Мурод Шарифхўжаев билан Президент ҳақидаги қатор мақола ва очерклар муаллифи сифатида яхши билардик ва ҳурмат қилардик.
Ўзимиз бош муҳаррир бўлган “Ҳаёт ва иқтисод – “Жизнь и экономика” журналларида уларнинг Ислом Каримов ҳақидаги мақолаларини тез-тез эълон қилиб турардик.
Бош прокурор ўринбосари бўлган оғир, босиқ ва мулоҳазали бу ёзувчи акамиз бир пайтлар Норпўлат Нормейлиев қанотида республика прокурорларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти раҳбарларидан бири бўлган.
Умуман, Фахри Ҳайдаров Нормейли Норпўлатов қаерга ишга ўтиб, кўтарилган бўлса, унинг ўрнини эгаллаб келаверган.
Дўстлик райони прокурорлигидан – Жиззах вилояти прокурори бўлди.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Фахри Ҳайдаров ўзи жиззахлик бўлгани билан у Жиззахда пахта ишига аралашиб қолганларни — “рашидовчи” деб беармон қирғинбарот қилди.
Мустақиллик йилларида эса — бир ағанаб, тўнни тескари кийиб, сувдан қуруқ чиқиб кетди — фариштага айланиб қолди.
Генерал бўлди…
Ваҳоланки, саксонинчи йилларда Жиззах вилоятидаги жамики ўзбеклар ва пахта иши қирғинининг бошида турган шахс эди.
СССРда Андропов қудратга келиб, Брежневнинг думи деб — СССР Ички Ишлар вазири Николай Анисимович Щелоковга қарши ҳужум қилганида – Фахри Ҳайдаров Жиззахда жамики вилоят милисасини – генералларигача қамашда жонбозлик кўрсатди…
Ажабки, ўшанда пахта иши бўйича вилоятда энг кўп одам қамалган район – Дўстлик райони эди: Унинг биринчи секретари Хўжам Исроилов (ЦК аъзоси) ва барча совхоз директорлари ёппасига ҳисбга олиниб, узоқ йилга озодликдан маҳрум қилинадилар…
Фахри Ҳайдаров эса вилоят прокурорлигига қадар айнан “Дўстлик” районида прокурор бўлган эди…
Унинг амал пиллапояларидаги парвози — каръераси ҳам Тошкент вилояти прокурорлигида ниҳоясига етган.
Фахри Ҳайдаров Тошкент вилоят прокурорлигидан пора билан қўлга тушиб, урилиб кетганини айтишади.
Назаримда, бир пайтлар Президент ҳақида академик Мурод Шарифхўжаев билан ҳамкорликда ёзган мақолалари уни ҳибсдан асраб қолган бўлиши ҳам мумкин…
Суратда: Генерал Ахат Носиров (ўнгда)
5.
Сўнгги йилларда Тошкент вилоят прокурорлигидан урилган иккинчи юқори мартабали мулозим – генерал Равшан Муҳиддинов эди.
У Ўзбекистон Президентининг куч ишлатар тизимларини назорат қилувчи Давлат маслаҳатчиси лавозимида бор йўғи уч ой ишлаб, кутилмаганда Тошкент вилоятига прокурор этиб тайинланади.
У — Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг кадри экани айтилади.
Бунга сабаб эса – Шавкат Мирзиёев — Жиззахда ҳоким бўлганида, Муҳиддинов — Жиззах вилоят прокурори, Самарқандда ҳоким бўлганида – қисқа муддат Самарқанд вилоят прокурори бўлган.
Ана шундай қудратли одами бўлган Равшан Муҳиддинов Самарқанддан Тошкент шаҳридаги Собир Раҳимов районига прокурор бўлиб ўтади.
Район проркурорлигидан тўппа тўғри Ўзбекистон адлия вазири этиб тайинланади.
Бош вазир Шавкат Мирзиёев Муҳиддиновни янги адлия вазири сифатида ишхонага олиб бориб таништирганида «Мен унга ишонаман» деб бир оғиз гапирган, холос.
У адлия вазири сифатида қонунлар устидан назорат қиладиган янги бошқарма тузиб, прокуратурани ўзига ҳисоб берадиган қилган эди.
(Соҳа кузатувчиларининг айтишича, айнан ана шу иши алал оқибат шу унинг бошига етган деган гап бор…)
Адлия вазирилигидан эса Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлган.
Бу янги лавозимда ишлаб турганида махсус хизматлар кутилмаганда унинг бизнесмен хотинини қамашган.
Ҳали Президентнинг давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаб турган бирорта мулозимнинг хотини – у амалда бўлганида — ҳибсга олинмаган эди.
Кейин навбат унинг ўзига келди.
Ва амал пиллапояларидан қандай тез кўтарилган бўлса, шундай тез, Президентнинг Давлат масалаҳтчиси бўлганидан сўнг уч ойнинг нари берисида, вазифасидан олиниб, Тошкент вилоятига прокурор этиб тайинланади.
Тошкент вилоят прокурорлигидан ҳибсга олинган Равшан Муҳиддиновни 2012 йил 16 февраль куни Тошкент шаҳридаги Сергели район суди бир қатор оғир жиноятларда айбдор деб топиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилди…
Яқинда эса унинг қамоқхонада — зонада вафот этганини эшитдим…
6.
Мен юқорида тилга олган ва карьераси аянчли тугаган мулозимларнинг иккалови ҳам генерал эдилар.
Тан олиш керакки, Тошкент вилоятидаги бу тайинловлар – прокуратура обрў эътибори ва нуфузини туширишга хизмат қилаяпти.
Урилган ва сурилган, омад юз ўгирган генералларни бу вазифага қўндириш — прокуратура тизимини обрўсизлантиришдан бошқа нарса эмас.
Ваҳоланки, бу тизим Бўритой Мустафоев ва Рашиджон Қодировларнинг салкам 25 йиллик бошқаруви шарофати билан ўзи ичидан емирилиб, ниначидек зўрға жон сақлаб, шундоғам омонат бўлиб турибди…
7.
Энди асосий мавзуга қайтсак.
Ислом Каримовнинг бош қўриқчиси Ахат Ясавулбошининг бугун кутилмаганда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШОС) нинг Тошкент бўлимига оддий консультант бўлиб ўтиши — менга Президентнинг собиқ давлат маслаҳатчиси Равшан Муҳиддиновнинг фожеали ҳаётини бежиз эслатмади.
Негаки, давлат раҳбарининг бош қўриқчиси бўлиш, Президент хавфсизлик хизматига раҳбарлик қилиш – бу жуда катта ишонч ва масъулият.
Бу ишончдан — истеъфога кетиш мумкин эмас. Бу масъулиятдан — заҳирага бўшатилмайдилар.
Бу ердан фақат ўлиб қутилиш мумкин…
8.
Биз Ахат Носировнинг умри узоқ бўлишини Оллоҳдан тилаб қоламиз.
Лекин бизнинг самимий тилагимиз бошқа, Ўзбекистондаги сиёсий ҳаёт бошқа.
Қолганини эса вақт кўрсатади…
Ҳозирча, бу олақарға сайраб юбормасин деб, у чўққидан олиб, бу чўққида ушлаб туришибди
Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбарлари — Ясавулбошини ишдан олишга олиб, энди нима қилишларини билмай бошлари гаранг.
Ажабо, у ўта сирли сандиққа ухшайди. Уни на оқизиб, бўлади, на чўктириб…
У очилиб кетса — бутун бир салтанатнинг сирлари ҳам очилиб, давлат инқирозга учрайдими?
Хуллас, бу чақиб бўлмас ёнғоқни нима қилиш керак деб бутун салтанатнинг боши қотган…
9.
Сал совуқ шамол эсса борми, Ясавулбоши: “Сирли сандиқни очиб юбораман!” — деб ҳаммани қўрқитади.
10.
Ажабо, бу сирли сандиқ қачонгача сирли бўлиб қоларкин?
11.
Сайра, қушим, сайра…
Сенинг сайрашингни жумлаи жаҳон кутмоқда…
12.
Сайрашгача етармикансан…
13.
ШҲТ (ШОС) нинг ўзи нима?
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Хитой, Россия, Қозогистон, Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон давлатлари ўртасида 2001 йил 15 июнда ташкил этилган халқаро субрегионал ташкилот ҳисобланади.
Ташкилотнинг асосий мақсади, иштирокчилар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, шунингдек, таълим, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳалардаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.
Бундан ташқари минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши биргаликда курашиш ташкилотнинг асосий мақсадларидандир.
Бир сўз билан айтганда Президентнинг бош қўриқчисини бугун тубсиз бир океанга оддий бир тош мисол отиб юборишди.
Бу денгизга отилиш бор, лекин ундан қайтиб чиқиш йўқ…
17 февраль, 2014 йил,
Торонто шаҳри, Канада давлати,
Шимолий Америка қитъаси...